Ўзбекистон | 15:33 / 06.08.2019
17476
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги 81та мактабга қўшимча квота бўйича пуллик қабул амалга оширилмайди - ХТВ

Фото: ЎзА

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги қарори билан тасдиқланган “Болаларни давлат умумий ўрта таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти” кенг жамоатчиликни эътирозлари ва муҳокамасига сабаб бўлган эди.

Шу боис, маъмурий регламентга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Муҳокамалар жорий йилнинг 5 августида якунланганидан сўнг ҳужжат лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсадида мутахассислар томонидан ота-оналарнинг билдирилган таклифлари ўрганилмоқда. Айни вақтда асосли таклифлар инобатга олиниб, тасдиқлаш учун тайёрланмоқда, дейилади Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Қайд этилишича, 81 та умумтаълим муассасасида ҳозирги кунда ўқувчилар сони сиғимига нисбатан 2-3 баробар ортиб кетганлиги, санитар-гигиеник меъёрларга мос келмаслиги, ўқувчилар 2-3 сменада таълим олишлари, синфларда ўқувчилар сони 45-50 нафарга етиб келганлиги боис, ушбу мактабларда ўқувчиларни қабул қилиш бўйича регламент ишлаб чиқилган. Мазкур мактаблар Тошкент шаҳридаги барча мактаб ёшига етган ўқувчиларни қамраб олиш имкониятига эга эмас. Ушбу мактабларда қўшимча квота уларнинг қабул қилиш имкониятидан келиб чиқиб белгиланади, барча мактабларда ҳам қўшимча квота белгиланмаслиги мумкин. Чунки 81 та умумтаълим муассасаларининг аксариятида мактаб қуввати микроҳудудидаги мактаб ёшига етган болаларни қабул қилишга етади. Уларда қўшимча квота учун имконияти (мактаб сиғими) мавжуд бўлмаслиги мумкин.

Лойиҳада қўшимча квота асосида пуллик қабул бекор қилинмоқда. Бир неча бор оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар ҳамда вазирликнинг расмий сайти орқали бу ҳақида кенг жамоатчилик хабардор қилинган бўлса-да, шу кунларда кўплаб ота-оналар Давлат хизматлари марказига қўшимча квота асосида қабул қилиш масаласида мурожаатлар қилмоқда, дейилади маълумотда.

Хабарларга кўра, айни кунларда Давлат хизматлари марказида 70 %дан ортиқ ота-оналар пуллик қабул бўйича навбатга туришаётганлиги ва марказ ходимларидан пуллик қабул қилишни талаб қилишмоқда.

“Вазирлик ота-оналарни яна бир бор расман қўшимча квота пуллик асосида амалга оширилмаслиги ҳақида маълум қилади. Халқ таълими вазирлиги аҳолидан Давлат хизматлари марказига қўшимча квота пуллик қабул учун навбатга турмасликларини, ўзларининг бириктирилган микроҳудуддаги мактабларга ёки давлат хизматлари орқали қабул жараёнлари амалга оширилмайдиган Тошкент шаҳридаги бошқа 228 та мактабларнинг бирига жойлаштиришни тавсия этади”, - дейилади хабар матнида.

Бугунги кунда Давлат хизматлари маркази орқали қабул қилинмайдиган Тошкент шаҳрида 228 та мактабда қабул жараёнлари давом этмоқда, уларга 36473 нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган ва бугунги кунга қадар 12 469 нафар ўқувчи ўрни мавжуд.

Қўшимча квоталар бўйича қабул бошланиши билан боғлиқ янгиликлар Халқ таълими вазирлиги томонидан расмий веб сайти (www.uzedu.uz), ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари (@uzedu) ва оммавий ахборот воситаларига эълон қилинади.

Мавзуга оид