Тоқаев Арисдаги портлаш сабабли собиқ мудофаа вазирини қуролли кучлар тизимидан бўшатди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев ўз фармони билан собиқ мудофаа вазири Сакен Жасузаковни республика қуролли кучлари тизимидан бўшатди. Бу ҳақда президент матбуот хизматида маълум қилинган.
Таъкидланишича, собиқ вазир Арис шаҳридаги ҳарбий қисмда ўқ-дорилар портлаши билан боғлиқ ҳолда бўшатилган.
Бундан ташқари, ушбу воқеа юзасидан мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, қуролли кучлар бош штаби бошлиғи Мурат Бектановга, мудофаа вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Мурат Майкеев ҳамда мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Талгат Жанжуменовга қатъий ҳайфсан эълон қилинган.
Жасузаков Қозоғистон мудофаа вазири лавозимини 2016-2018 йиллар давомида эгаллаган. У сўнгги вақтда Нурсултон Назарбоев номидаги миллий мудофаа университети раҳбари бўлиб ишлаб келган.
Жорий йилнинг 24 июнида Арисда жойлашган ўқ-дори омборида ёнғин чиқиб, ўз ортидан ўқ-дорилар портлашига олиб келган. Фавқулодда вазият оқибатида 4 киши ҳалок бўлган. Маҳаллий аҳоли яқин орадаги аҳоли пунктларига эвакуация қилинган. Аҳолиси 45 минг кишилик шаҳарда кўплаб биноларга зарар етган. Воқеадан сўнг сапёр бригадалари Арис атрофида ҳудудни снарядлар парчалари ва портламай қолган ўқ-дорилардан тозалаш бўйича ишлар олиб борган.
Мавзуга оид
17:25
Қозоғистонда хотинкуш Бишимбаев колониядан қочиб кетгани рад этилди
15:04 / 10.11.2024
Қозоғистонда бўлиб турган ўзбекистонликлар огоҳликка чақирилди
17:12 / 09.11.2024
Қозоғистонда қаттиқ қўнишни амалга оширган ҳарбий вертолёт ёниб кетди
13:07 / 09.11.2024