Жамият | 12:28 / 09.08.2019
18401
8 дақиқада ўқилади

Хонқалик фермернинг танловда ютиб чиққани судда тасдиқланди – ҳокимлик унга нега ер ажратмаяпти?

Фото: KUN.UZ

2019 йил январь ойида Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 14-сонли қарори қабул қилинди.

Натижада, кўплаб фермер хўжаликларининг ерлари давлат захирасига қайтарилди ва тасдиқланган низом асосида танлов ўтказилиб, ғолибларга ажратилди.

Хусусан, Хонқа тумани Қорақош қишлоғи ҳудудидаги 108,4 гектар ер майдони бўйича ҳам шундай танлов ўтказилди. Унда Қорақош қишлоғида фаолият юритувчи «Ибрагим Ханифа» фермер хўжалиги раҳбари Рўзибой Халмуратов ва Қирқёп қишлоғида яшовчи «Музаффар Нилуфар» фермер хўжалиги раҳбари Музаффар Бабажановлар қатнашди.

2019 йил 28 январь куни ва 4 февраль куни ўтказилган 2та танлов натижасига кўра «Ибрагим Ханифа» фермер хўжалиги раҳбари Рўзибой Халмуратов 77,5 балл, «Музаффар Нилуфар» фермер хўжалиги раҳбари Музаффар Бабажанов эса 79,4 балл тўплади. Натижада «Музаффар Нилуфар» фермер хўжалиги танловнинг ғолиби деб топилиб, Хонқа тумани ҳокимининг 2019 йил 2 мартдаги 1208қ-сони қарори билан унга 108,4 гектар ер майдони 49 йилга ижарага берилди.

«Ибрагим Ханифа» фермер хўжалиги раҳбари Рўзибой Халмуратовнинг фикрига кўра, танлов адолатли бўлмаган ва Музаффар Бабажановга асоссиз равишда баллар қўшиб берилган.

Бу иш икки марта – Хонқа тумани маъмурий суди ва Хоразм вилояти маъмурий судининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилди. Суд маҳкамасида танлов қоидалари ҳақиқатдан ҳам бузилгани ва Музаффар Бабажановга асоссиз равишда 11 балл қўшиб берилгани ўз тасдиғини топди.

Хусусан, танлов комиссияси томонидан қуйидаги хатоларга йўл қўйилгани аниқланди:

- Талабгор М.Бабажанов тақдим қилган бизнес режаси имзоланманган ва тасдиқланмаган бўлса-да, унга 7 балл қўйилган. Аслида имзоланмаган ва тасдиқланмаган бизнес режа ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди ва унга балл бериш нотўғри;

- М.Бабажановнинг «Касб таълими – озиқ-овқат технологияси» мутахассислиги Низом бўйича «бошқа мутахассислик» деб баҳоланиши ва 5 балл берилиши ўрнига «инженер» деб баҳоланиб, 8 балл қўйилган;

- М.Бабажановнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги иш стажи 9 балл билан баҳоланиши ўрнига 10 балл қўйилган.

Бундан ташқари, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасида фермер хўжалиги юритиш учун ер участкасини олишда фермер хўжалиги ташкил этилаётган жойда яшовчи шахслар бошқа тенг шартларда устун ҳуқуқдан фойдаланиши кўзда тутилган бўлишига қарамай, танлов комиссияси ва туман ҳокими томонидан ушбу ҳолат ҳисобга олинмаган. Ваҳоланки Рўзибой Халмуратов айнан Қорақош қишлоғида, Музаффар Бабажанов эса Қирқёп қишлоғида яшайди.

Хоразм вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси юридик бўлими бошлиғи Б.Раззақов судга Хонқа туман комиссияси танлов ғолибини аниқлашда ҳақиқатдан ҳам Низом талабларига риоя қилмагани ва «Музаффар Нилуфар» фермер хўжалиги раҳбари фойдасига 11 балл асоссиз қўшиб ёзилгани ҳақидаги ўз хулосасини ҳам тақдим қилган.

Ушбу ҳолатлар бўйича Хоразм вилояти маъмурий судининг апелляция инстанцияси 2019 йил 3 май кунги мажлисида қарор чиқарди.

Суд Хонқа тумани ҳокимлиги зиммасига «Ибрагим Ханифа» фермер хўжалиги раҳбари Рўзибой Халмуратовнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг бузилишини бошқача усулда бартараф этиб, қайта танлов ўтказмасдан, «Музаффар Нилуфар» фермер хўжалигининг тўплаган балларини баҳолаш мезонига мувофиқ қайта кўриб чиқиш мажбурияти ва Хонқа тумани ҳокими зиммасига қонунга мувофиқ қарор қабул қилиш мажбуриятини юклади.

Хоразм вилояти маъмурий суди 2019 йил 9 июль куни Хонқа тумани ҳокимлигига жўнатган тушунтириш хатида ўз қарорига батафсил изоҳ беради.

Унда «Музаффар Нилуфар» фермер хўжалигининг тўплаган балларини баҳолаш мезонига мувофиқ қайтадан кўриб чиқиш ва ортиқча ҳисобланган 11 баллни чегириб ташлаш талаб қилинган. Яъни талабгор «Ибрагим Ханифа» фермер хўжалиги раҳбари Рўзибой Халмуратовнинг тўплаган умумий баллари 77,5 га, «Музаффар Нилуфар» фермер хўжалиги раҳбари Музаффар Бабажанов тўплаган баллар эса 68,4 га тенг эканини, натижада Рўзибой Халмуратов танлов ғолиби деб эълон қилиниши лозимлиги тушунтирилган.

Аммо Хонқа тумани ҳокимлиги Хоразм вилояти маъмурий суди қарорини бажармади ва танлов натижаларини ўзгаришсиз қолдириб, «Музаффар Нилуфар» фермер хўжалиги раҳбари Музаффар Бабажановга 108,4 гектар ер майдони 49 йилга ижарага бериш ҳақидаги қарорини бекор қилмади.

Бу мурожаат юзасидан Хонқа тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Х.Собиров ва ҳокимлик юрист-консультанти Анвар Жуманиязовдан изоҳ олдик. Уларнинг фикрига кўра, танловда ҳеч қандай қоида бузилмаган ва адолатли ўтказилган.

«Биринчидан, танлов ҳақидаги низомда бизнес режа имзоланиши ва тасдиқланиши лозим деган шарт йўқ. Демак, Музаффар Бабажанов тақдим қилган бизнес режа имзоланиши ва тасдиқланиши шарт эмас эди», - деди А.Жуманиязов.

«Иккинчидан, Музаффар Бабажанов ихтисослиги ҳақида тақдим қилган маълумотномада унинг инженер бўлиб ишлаш ҳуқуқи борлиги кўрсатилган. Демак, ихтисослиги бўйича ҳам баллар тўғри қўйилган.

Учинчидан, Хоразм вилояти маъмурий суди қарорида Рўзибой Халмуратовни ғолиб деб эълон қилиш ҳақида айтилмаган. Бундан ташқари, бу қарор бўйича тушунтириш хати яқинда (суҳбат бўлиб ўтган вақтдан 10 кун олдин) келиб тушган. Биз суднинг бу қароридан норозимиз ва назорат тартибида шикоят берамиз», - деб якунлади А.Жуманиязов.

Музаффар Бабажанов томонидан танлов комиссиясига тақдим қилинган маълумотномага эътибор берамиз.

Бухоро муҳандислик-технология институти бу маълумотномада, Музаффар Бабажанов ихтисослиги «53000000 – Ишлаб чиқариш техник соҳа билим соҳаси 5321000 – Озиқ овқат технологияси (маҳсулот турлари бўйича) йўналиши касб таълими» ҳисобланиши, битирувчи муҳандис (инженер) – педагогик ҳуқуқига эга эканлигини кўрсатган.

«Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тўғрисида»ги Низомнинг 2-иловасида фақатгина «Инженер» мутахассислиги учун рейтинг баллари қўйилиши назарда тутилган бўлиб, «Инженер-педагогик» мутахассислиги учун рейтинг баллари қўйилиши назарда тутилмаган. Демак, «Инженер-педагогик» мутахассислиги бошқа мутахассислик сифатида баҳоланиши лозим эди. Хоразм вилояти маъмурий суди ҳам худди шундай хулосага келган.

Қўшимча қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг 16-моддасига кўра, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, фуқаролар, корхоналар, ташкилотлар, мансабдор шахслар учун мажбурийдир ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши лозим.

38 йилдан бери қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритиб келаётган, олий маълумотли агроном, бу соҳада катта билим ва тажриба тўплаган мутахассис, пахта ва ғалла режасини ҳар доим ортиғи билан бажариб келган, зарур техника воситаларига эга бўлган фермер Рўзибой Халмуратов суднинг қонуний кучга кирган қарори юзасидан адолат талаб қилмоқда.

Биз ҳуқуқий демократик жамиятда яшаяпмиз деб даъво қиладиган бўлсак, қонунларга жамиятнинг барча аъзолари сўзсиз итоат қилиши ва уларни бажариши лозим. Шундай экан Хонқа тумани ҳокимлиги ҳам Хоразм вилояти маъмурий судининг қарори талабларини бажариши шарт.

Журналистик текширувимизнинг давомида туман ҳокимининг суд қарори ижросини таъминламаганлигига Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан қандай чоралар кўрилгани ҳақида тўхталамиз. Воқеалар ривожини кузатишда давом этинг.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид