Жамият | 14:08 / 11.08.2019
32214
19 дақиқада ўқилади

Қурбон байрами, қурбонлик ва уни ўтказиш одоблари

Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмаслиги ва етмаслиги аниқ. У зотга фақат тақво етади, холос. Гўшти ва қони етмаса ҳам, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир...

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида:

«Қурбонлик қилинглар! Чунки, у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Можа ва ал-Ҳокимлар ривоят қилган ҳадисда эса: «Ким имконга эга бўлиб туриб, қурбонлик қилмаган бўлса, зинҳор намозгоҳимизга яқинлашмасин», дейилган. Бошқалар қурбонлик қилишни «суннати муаккада» деганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаи киромларга Ислом таълимотларидан тушунтириш олиб борувчи суҳбатларидан бирида Қурбон байрами, унинг мусулмон уммати ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритиб қуйидагиларни айтдилар: «Қурбонлик кунини ийд қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун қилгандир», дедилар».

Демак, Қурбонлик кунини байрам қилишни Аллоҳ таоло амр қилган экан. Одамлар ўзларича маслаҳат қилишиб қарор қилмаган эканлар. Ҳаттоки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларининг фикрлари ёки қарорлари ҳам эмас, балки, Аллоҳ таолонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қилган амри экан. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Уни чин кўнгилла чиқарингиз», дедилар». Термизий ривояти.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини қурбонлик қилишга тарғиб қилмоқдалар.

«Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас».

«Сўйиш куни» арабчада «Явмун Наҳри»—наҳр куни деб айтилади. «Наҳр» туя сўйишга ишлатиладиган сўз эканини олдин ўрганганмиз. Арабларда қурбонликка одатда кўпроқ туя сўйилгани учун ушбу истилоҳ ишлатиладиган бўлиб қолган.

Демак, қурбон ҳайитининг биринчи куни Аллоҳ таоло учун энг маҳбуб иш-қурбонлик сўйиш экан. Бу куни қурбонликка сўйилган ҳайвонлар эса, шундоққина сўйилиб кетавермас, балки, «Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар».

Ва қурбонлик қилган банда фойдасига гувоҳлик берурлар. Аммо, бу қилинган қурбонликнинг савоби қиёмат куни аниқланади дегани эмас.

«Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур».

Қурбонлик қилинаётган ҳайвон томоғига пичоқ тортилганда чиққан қон ерга тушмасдан туриб унинг савоби Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги маконга етиб боради. Бас, шундоқ экан, «Уни чин кўнгилла чиқарингиз».

Ўша қон чиқаришни сидқи дилдан, ихлос ила амалга оширингиз.

Ушбу ҳадиси шарифда ҳар бир имконини топган мўмин-мусулмон қурбонлик қилиши нақадар савобли иш экани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

ҚУРБОНЛИККА КИФОЯ ҚИЛАДИГАН ВА КИФОЯ ҚИЛМАЙДИГАН НАРСАЛАР

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита шохли ола қўчқорни қурбонлик қилдилар. Уларни ўз қўллари билан сўйдилар, тасмия айтдилар, такбир айтдилар ва оёқларини бўйнига қўйдилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда васфи келаётган ҳайвонлар қурбонлик учун энг муносиб ҳисобланади. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилганлари шундоқ.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита шохли ола қўчқорни қурбонлик қилдилар».

Иложини топган одам шохли ола қўчқор қурбонлик қилса яхши. Бўлмаса, кифоя қиладиган қандай ҳайвон бўлса ҳам, бўлаверади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима учун битта эмас иккита қўчқорни қурбонлик қилганлари ҳикмати кейинроқ аён бўлади.

«Уларни ўз қўллари билан сўйдилар»

Демак, сўйишни биладиган одам қурбонлигини ўз қўли билан сўймоғи афзалдир.

«тасмия айтдилар, такбир айтдилар»

Сўйиш пайтида, «Бисмиллаҳи, Аллоҳу Акбар!» демоқ керакдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.

«ва оёқларини бўйнига қўйдилар».

Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак оёқларни қурбонликка сўйилаётган қўчқорнинг бўйнининг ўнг томонига қўйдилар. Чунки, сўйиладиган ҳайвонни секин, лутф ила чап биқинига ётқизилади. Сўювчи ўнг қўли билан пичоқни, чап қўли билан ҳайвоннинг бошини ушлаб туриб сўяди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қора билан босадиган, қора билан чўккалайдиган ва қора билан назар соладиган қўчқор олиб келишга амр қилдилар. Бас, уни қурбонлик қилиш учун келтирилди ва У зот: «Эй, Оиша, пичоқни келтир! Тошга қайраб юбор!» дедилар. Мен ўшандоқ қилдим. Бас, у зот уни олдилар. Сўнгра қўчқорни ёнбошига ётқазиб, сўйдилар ва: «Бисмиллаҳи! Эй, бор Худоё! Муҳаммаддан, оли Муҳаммаддан ва уммати Муҳаммаддан қабул қилгин», дедилар ва уни қурбонлик қилдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан қурбонликка оид бир неча масалаларни ўрганамиз.

1. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қора билан босадиган, қора билан чўкалайдиган ва қора билан назар соладиган қўчқор олиб келишга амр қилдилар».

Ривоятдаги «қора билан босадиган, қора билан чўккалайдиган ва қора билан назар соладиган» дегани, оёғи қора, қорани қора ва кўзининг атрофи қора, деганидир. Демак, ушбу васфга эга қўчқорни қурбонлик қилиш афзалдир. Шунингдек, ўша васфдаги ҳайвонни излаб топишга уриниш ҳам афзал. 

Ривоятдаги «амр қилдилар» деган иборадан қурбонликни бировга айтиб олдириш мумкинлиги чиқади.

2. «Бас, уни қурбонлик қилиш учун келтирилди»

Муқтадо, машғул кишиларнинг қурбонликларини қўлидан шу иш келадиган кишилар келтириб беришлари мумкинлиги ушбу иборадан англанади.

3. «У зот: «Эй, Оиша, пичоқни келтир! Тошга қайраб юбор!» дедилар».

Аёлларга қурбонлик сўйишда керак бўладиган пичоқни қайраб, олиб беришни топшириш мумкинлиги. Шунингдек, жонлиқ сўйишдан олдин пичоқни қайраб олиш лозимлиги.

4. «Мен ўшандоқ қилдим. Бас, У зот уни олдилар».

Муслима аёллар эрларига бошқа ишларда бўлгани каби, қурбонлик сўйишда ҳам фаол ёрдам беришлари.

5. «Сўнгра қўчқорни ёнбошига ётқизиб, сўйдилар»

Қурбонликка сўйиладиган ҳайвонни ёнбошига ётқазиб сўймоқ кераклиги.

6. «Бисмиллаҳи! Эй, бор Худоё! Муҳаммаддан, оли Муҳаммаддан ва уммати Муҳаммаддан қабул қилгин», дедилар».

Қурбонлик сўядиган киши бошқа вақтлардаги сўйишдаги каби «Бисмиллаҳи»ни айтмоғи шартлиги.

Қурбонлик қилувчи киши Аллоҳ таолодан ўз қурбонлигини қабул этишни сўрамоғи кераклиги.

Қурбонлик қилувчи киши аҳли аёлининг номидан ҳам қилса яхши бўлиши.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматлари номидан ҳам қурбонлик қилганлари.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусиннадан бошқани сўйманглар. Фақат сизга қийин бўлиб қолгандагина қўйнинг жазаъасини сўйсангиз бўлур», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: «Мусинна» туядан бўлса, беш ёшли, қорамолдан бўлса, икки ёшли, қўй-эчкидан бўлса, бир ёшли бўлганидир. 

«Жазаъа» Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг айтишларича, қўй-эчкидан бўлса, олти ойлиги бўлади.

Демак, имкони бор одам камида бир ёшли қўй ёки эчки қурбонлик қилиши керак. Агар камбағаллиги туфайли, қўли қисқалик қилиб, бир ёшли қўй-эчкининг иложини қила олмаса, олти ойлик бўлса ҳам, кифоя қилаверади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Ҳудайбияда бир туяни етти киши номидан, бир сигирни етти киши номидан сўйдик». Абу Довуд, Муслим ва Термизийлар ривоят қилган.

Шарҳ: «Ҳудайбия» Маккаи Мукаррамага яқин бир жойнинг номи бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар Мадинаи Мунавварадан умра учун келганларида мушриклар йўлни тўсганлари учун ўша ерда туриб қолганлар. Орада сулҳ тузилиб, унда бу йил мусулмонлар Маккаи Мукаррамага кирмай қайтиб кетадилар, деган банд бўлгани учун, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аталган қурбонликларини шу ернинг ўзида сўйиб, саҳобаларни ҳам шундоқ қилишга амр этганлар.

Ана ўшанда Жобир розияллоҳу анҳунинг айтишларича, етти кишидан битта туя ёки қорамол сўйилган экан. Ана ўша нарса шариатимиз ҳукмидир. Туя ва қорамол қурбонлик қилинадиган бўлса, улардан ҳар бирига етти киши шерик бўлса, бўлаверади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Қурбон байрами келиб қолди. Бас, шерик бўлиб бир қорамолни етти киши ва бир туяни ўн киши сўйдик». Термизий ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятда бир сигирни етти киши шерик бўлиб қурбонлик қилиши дуруст эканлиги таъкидланмоқда. Аммо, бир туяда ўн киши шерик бўлишини мўътабар мазҳаблардан бирортаси ҳам олмаган.

«Тўрт нарса қурбонликка жоиз эмас»

Яъни, тўрт хил айбга эга ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.

1. «Ғилайлиги очиқ-ойдин ҳайвон». Демак, кўзида очиқ-ойдин билиниб турадиган ғилайлиги бор ҳайвонни қурбонлик қилиб бўлмайди. Агар сезилар-сезилмас бўлса, майли, дейди уламоларимиз. Модомики, сезиларли даражада ғилай бўлган ҳайвонни қурбонлик қилиб бўлмас экан, ундан кўра каттароқ айбга эга бўлган, мисол учун, кўзи кўр бўлган ҳайвонни қурбонлик қилиб бўлмаслиги турган гап бўлади.

2. «Беморлиги очиқ-ойдин ҳайвон». Яъни, кўрганда касаллиги билиниб турадиган ҳайвонни ҳам қурбонлик қилиб бўлмайди. Бас, шундоқ экан касаллиги туфайли ўрнидан тура олмай қолган ва шунга ўхшаш ҳолдаги ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмаслиги аниқ бўлади.

3. «Чўлоқлиги очиқ-ойдин ҳайвон». Юришидан чўлоқлиги аниқ билиниб турадиган ҳайвонни қурбонлик қилиб бўлмайди. Агар чўлоқлиги билинар-билинмас бўлса, қурбонлик қилса бўлаверади. 

Ҳайвоннинг оёқларидаги нуқсони очиқ-ойдин чўлоқликдан юқори, мисол учун, бир оёғи кесик бўлса, мутлақо қурбонлик қилиб бўлмайди.

4. «Мияси чатоқ ҳайвон». Миясида нуқсони бор ҳайвонни ҳам қурбонлик қилиб бўлмайди. Кўпинча чорвадорлар бундоқ ҳайвонларни «айланбош» деб атайдилар.

Демак, қурбонлик қилиш учун ҳайвон танлаш пайтида мазкур камчиликлар бўлмаслигига алоҳида эътибор бермоқ лозим экан.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни кўз ва қулоғини яхшилаб кўриб олишимизга; ғилайни, муқобалани, мудобарани, харқони ва шарқони қурбонлик қилмаслигимизга амр қилдилар. Мен: «Муқобала нима?» дедим. «Қулоғининг бир томони кесилган», деди. «Мудобара нима?» дедим. «Қулоғининг учи кесилган», деди. «Шарқо нима?» дедим. «Қулоғи ёрилган», деди. «Харқо нима?» дедим.

«Қулоғи белги учун йиртилган», деди». Сунан эгалари ривоят қилган.

Шарҳ: Қурбонлик қилиниши кўзланган ҳайвоннинг кўзидаги айби қанчалик эътиборда эканини аввал гапириб ўтилди. Бу ҳадиси шарифда асосан қурбонлик қилишга олинадиган ҳайвоннинг қулоғидаги айбларига эътибор бериш ҳақида кетмоқда. 

Уламоларимиз, агар қурбонлик қилинадиган ҳайвон ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган барча айблардан холи бўлса, айни муддао бўлади, қурбонлик баркамол бўлади, деганлар. 

Шу билан бирга, мазкур айблардан баъзиси бор ҳайвонларни қурбонлик қилса, бўлади, ҳам деганлар. Баркамол бўлмайди-ю, лекин қурбонлик ўрнига ўтади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қулоғи кесик ва шохи синиқларни қурбонлик қилишдан қайтардилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган. 

Шарҳ:Бу масалага муҳаддислар, агар қулоғининг ярмидан кўпи кесик ва шохининг ярмидан кўпи синиқ бўлса, деган изоҳни киритишган. Фақиҳлар эса, бу ҳадиси шарифда гап баркамоллик ҳақида кетмоқда. Шунинг учун ҳам кифоя қилса, бўлди, дейдиган бўлсак, қулоғи кесик ва шохи синиқ ҳам кифоя қилаверади, дейдилар. Ушбу, қурбонликка танланган ҳайвоннинг баркамол бўлиши лозимлиги ҳақидаги ҳадиси шарифлардан иккита ҳикматни мулоҳаза қиламиз.

Биринчи ҳикмат: Мусулмонларнинг Аллоҳга нисбатан юксак одоблари.

Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига уриниш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонликнинг гўшти ҳам, қони ҳам Аллоҳ таолога керак эмаслиги ва етмаслиги аниқ. У зотга фақат тақво етади, холос. Гўшти ва қони етмаса ҳам, қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айб-у нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир.

Иккинчи ҳикмат: Камбағалларнинг кўнгилларини кўтариш. Уларга яроқсиз бўлиб қолган, нуқсонли ҳайвонлар гўштини эмас, энг афзал ҳайвонлар гўштини совға қилиш яхши иш. Бунда камбағалларнинг кўнгиллари кўтарилади. Ўзларини муҳтарам кишилар сифатида ҳис этадилар.

ҚУРБОНЛИКНИНГ ОДОБЛАРИ ВА УНИ САҚЛАШ ЖОИЗЛИГИ ҲАҚИДА

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сўйиш куни иккита шохли, ола, бичма қўйни сўйдилар. Иккисини юзлантирганларидан сўнг: «Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, Иброҳимнинг миллатида бўлган, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман. Албатта, менинг намозим, ибодатларим, ҳаёт ва мамотим оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқ. Ана шунга буюрилганман. Ва мен энг аввалги мусулмонларданман. Эй, бор Худоё, бу Сендан ва Сенга Муҳаммаддан ва унинг умматидан. Бисмиллаҳи ва Аллоҳу Акбар», дедилар сўнгра сўйдилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси ширифдаги янгилик гаплардан бичилган ҳайвонни ҳам қурбонлик қилиш мумкинлиги ҳақидаги ҳукмни таъкидлашимиз лозим.

Иккинчи нарса эса, қурбонлик сўйиш вақтида ўқиладиган дуо. Ана ўша дуони ўрганиб олиб қурбонлик сўяётганда ўқилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг сўядиган қурбонлиги бўлса, Зул-Ҳижжанинг ойи кўрингандан бошлаб, то қурбонлик қилгунича, сочидан ҳам, тирноғидан ҳам ҳеч нарсани олмасин», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Қурбонлик сўйишни ният қилган одам ва унинг оила аъзолари Зул-Ҳижжа ойи кирган кундан бошлаб, то қурбонлик қилингунча сочлари ва тирноқларини олдирмай юришлари лозим. Ким бу ишни, яъни, соч ва тирноқ олдиришни қилса, макруҳ ишни қилган бўлади. Зул-Ҳижжа ойининг биринчи ўн кунида соч ва тирноқларни олмай юришнинг сабаби эса, қурбонлик қилганда ундан кўпроқ аъзо иштирок этсин, токи, қиёматда Аллоҳ таоло қурбонлик сабабидан уни дўзахдан озод қилганда кўпроқ аъзоси озод бўлсин, деган яхши умиддир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир киши ўз қурбонлигидан уч кундан сўнг емасин», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф вақтинчалик ва маълум сабабга кўра айтилган бўлиб, қурбонлик қилган киши уч кун ичида ўзи емаса, қурбонлик гўштини садақа қилиб юборишни тақозо қилади.

Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қурбонлик қилса, учинчи кундан кейин уйидан ундан бирор нарса бўлган ҳолида тонг отдирмасин», дедилар. Келаси йили бўлганда: «Эй, Аллоҳнинг Расули, ўтган йили қилганимиздек қилайликми?» дейилди. У зот: «Енглар! Таомлантиринглар! Сақлаб қўйинглар! У йили одамлар қийинчиликда эдилар. Уларга ёрдам беришингизни хоҳлаган эдим», дедилар». Бешовлари ривоят қилган. 

Шарҳ: Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар очарчилик туфайли қийинчиликка дучор бўлган йиллари қурбонликнинг гўштини уч кундан ортиқ сақлаб туришни маън қилганлар. Мазкур ҳолат ўтиб тўқчилик бўлганда эса, ҳам ўзлари еб, ҳам ўзгаларга бериб, ҳам сақлаб қўйишга рухсат берганлар. 

Ушбу ҳадиси шарифга биноан, уламоларимиз, оддий ҳолатларда Қурбонликнинг гўштини учга бўлиб, бир қисмини егани, иккинчи қисмини камбағалларга бергани, учинчи қисмини сақлаб қўйгани яхши, дейдилар.

Муҳтожлар кўпайганда эса, уларнинг риоясини қилиш зарурдир.

ҚУРБОНЛИК ҲАҚИДА ҚЎШИМЧА МАЪЛУМОТЛАР

Қурбонлик қурбон ҳайити кунлари сўйиладиган ҳайвондир.

Фуқаҳолар истилоҳида қурбонлик «Махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир».

Қурбонлик шариатга иккинчи ҳажрий санада киритилган.

Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир.

Қурбонлик қилиш ҳур, балоғатга ёшига етган, оқил, муқим ва закот нисобига молик бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Ҳанафий мазҳаби бўйича мусофирга қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди. 

Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит кунининг тонги отиш билан киради ва учинчи ҳайит кунининг қуёши ботиши билан чиқади. Фақат қурбонликни ҳайит намозини ўқиб бўлгандан кейингина қилина бошланади.

Агар қурбонликка аталган ҳайвон қочиб кетиб ўрнига бошқаси олинган бўлса, кейин аввалгиси ҳам топилиб қолса, иккисини ҳам сўйилади.

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар мол, қўтос, туя, қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам, урғочиси ҳам, бичилгани ҳам, бичилмагани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди.

Мавзуга оид