Спорт | 18:25 / 12.08.2019
26148
9 дақиқада ўқилади

Элдор Шомуродов биринчи бутсаси, Ривалдо билан бирга майдонга тушгани ва Моуриньо билан кўришгани ҳақида

Фото: ФК «Ростов»

Россия чемпионатининг янги мавсуми «Ростов»нинг ўзбекистонлик ҳужумчиси Элдор Шомуродов учун омадли бошланди. У дастлабки 4та турда 3та гол уриб, рус футболи жамоатчилиги эътиборига тушди. Бугун «Матч ТВ» мавсумнинг потенциал кашфиёти билан интервьюни эълон қилди.

– Ёз давомида «Ростов»нинг ҳужумкорлиги ортиб боряпти. Карпин услуб ўзгаришини қандай эълон қилди?
– Кўпроқ ҳужум қилишимиз, кўпроқ прессинг қўллашимизни айтди. Бу машғулотларимизда ҳам кўриниб турганди. Аввалига Европанинг турли жамоалари қандай ўйнашини кўриб чиқдик, биринчи турдан кейин эса ўз ўйинларимизни томоша қилиб, хулосалар чиқара бошладик.

– Карпиннинг мураббийлар штабида испанлар кўп. «Ростов»нинг машғулотлари сиз олдин ўйнаган жамоалардагидан фарқ қиладими?
– Ҳа, фарқ анчагина. Бу ерда ҳар қандай арзимас масалага ҳам профессионал ёндашилади. Ҳар бир футболчи учун махсус индивидуал машқлар бор. Менда қанақа? Ҳозир кўпроқ мушакларни чўзиш ва эпчилликни ошириш устида ишлаяпман. Бу – танам эластиклигини ошириш, камроқ жароҳат олиш учун керак.

– Александр Зуевнинг айтишича, Карпин футболчилар танасидаги ёғ қатламини қатъий назорат қилиб турар экан. Зуев маълум вақт фақат салат еб, жуда яхши формага кириб олган. Сизда «Ростов»га келганингиздан буён жисмонан ўзгариш бўлдими?
– Танада ёғ йиғилиши борасида менда айтарли муаммо йўқ эди. Лекин барибир машқлар ва рацион ёрдамида ёғ қатламини камайтиришим керак бўлди. Йиғинлардан олдин Карпин қандай қилиб тўғри овқатланишни тушунтириб берди: кўпроқ кўкатлар, товуқ гўшти, балиқ маҳсулотлари, салат ва мевалар ейиш керак. Шундай бўлса-да, нима еётганимга ҳеч ким кўз-қулоқ бўлиб турмайди. Шунчаки тушунтириб беришган, шу холос.

– Яқинда «Ростов»дан икки етакчи – Гацкан ва Калачев кетди. Энди ким лидер?
– Рагнар Сигурдссон ва Роман Еременко. Жуда яхши ўйинчилар.

– Мавсум бошидаги ўйинларингиздан кўнглингиз тўлдими?
– Яна ҳам яхшироқ ўйнашни хоҳлайман. Лекин ҳа, ёмон бошламадим. Шу руҳда давом этиш керак. Шунга ҳаракат қиламан.

– Ўткир тўп узатишлар бўйича сиз Еременкодан кейин жамоада иккинчисиз (бир ўйинга ўртача 2,6та, ўтган мавсумда бу кўрсаткич 1,3 эди). Жиддий ўсиш. Бунга нима сабаб?
– Бу йил ўзимга ишончим кўпроқ. Тез-тез пас ошириб ўйнаш менга ёқади. Ўзбекистонда ҳам шундай қилардим, лекин бу ерда бироз вақт керак бўлди.

– «Ростов» бу мавсум еврокубоклар йўлланмаси учун курашишга қодирми?
– Ҳа, албатта, курашамиз. Таркибимиз анчагина кучли.

– Туғилган шаҳрингиз ҳақида гапириб беринг.
– Жарқўрғон – кичик шаҳарча (тахминан 20-25 минг аҳолиси бор – «Матч ТВ»). Болалигим ўша ерда ўтган, ота-онам ҳозир ҳам ўша ерда яшашади. Отам ҳам футболчи бўлган. Айтишларича, яхши ўйнаган, лекин жароҳат олган. Кейин бизнес билан шуғулланиб, ўз дўконини очган.

7 ёшимда кўча футболи ўйнай бошлаганман. Майдонни ёмон деб бўлмасди, нотекис бўлса ҳам, ўти бор. 12 ёшимда эса «Машъал» академиясига кетдим. Бу академия Ўзбекистондаги энг яхшиси саналарди. Биз рус, инглиз тилларини ўргандик, компьютер машғулотларини ўтадик. Лекин мен ёмон ўқиганман. Албатта, бундан афсусланаман. «Ҳозир ўқиб қолинглар, акс ҳолда кейин афсусланиб юрасизлар», деб бизга ўшандаёқ айтишганди.

Академияга энди борган пайтларим қийин кечган, ҳар холда уйимдан анча узоқ (300 км – «Матч ТВ»). У вақтда телефоним бўлмаган, дўстларимдан олиб ҳафтада бир марта яқинларим билан гаплашардим. Лекин футболчи бўлишни қаттиқ хоҳлаганман. Қолаверса, ота-онам ҳам осон бўлмаслигини, сабр қилишим кераклигини айтиб огоҳлантиришган. Ва мен сабр қилганман, кейинроқ кўникиб ҳам кетдим.

Ҳозир мамлакатда янги академиялар қурилган. «Машъал»нинг ишлари эса унчалик ҳам юришмаяпти. Балки, гап пулдадир. Авваллари Олий лигада ўйнарди, ҳозир эса биринчи лигада.

– Қачон биринчи бутсангизни олгансиз?
– Академияга келганимдан ярим йил – бир йил ўтгандан кейин. Болалардан бирининг бутсаси бор эди, кийиб кўришни сўраганман. Унгача фақат кеда ва кроссовкада футбол ўйнаганман, у ерда бунга рухсат беришарди. Эсимда, Москванинг «Локомотив» клубига стажировкага боргандик. У ерда 10 кун бўлганмиз, адашмасам ЦСКА билан ўйнаганмиз. Ёшим тахминан 14да эди. Ўшанда мактабдан бутса беришган. Кейинроқ эса ота-онам сотиб олиб беришган.

– Ёшлигингизда «Бунёдкор»нинг ўйинларидан бирида Ривалдо билан майдонга чиқиб келгансиз. Бунақа имкониятни қандай қилиб қўлга киритгандингиз?
– Амаким «Машъал»да ўйнарди. У билан чиқмоқчи бўлиб тургандим, лекин бизни «Бунёдкор» томонга келтириб қўйишган. Турган гапки, Ривалдо билан чиқишни хоҳлаганман, лекин ҳамма болалар бир чизиқ бўлиб туришганди. Қайси футболчи тўғри келса, шу билан чиқасиз. Омадим келган. Жуда ҳаяжонланганман, ҳар ҳолда – юлдуз. «Энди бир ҳафта қўлингни ювмай юр», деб кейин ҳамма ҳазил қилган.

– Агентингиз Герман Ткаченко – Россия футболида анчагина таниқли шахслардан. Қаерда танишгансизлар?
– Унга мени ўша вақтда терма жамоа бош мураббийи бўлган Самвел Бабаян таклиф қилган. Герман ўйинимизга келган, кейин кўришиб, гаплашганмиз – шу холос.

– Ткаченко сизни Моуриньо билан таништириб қўйган. Мулоқотда у ўзидан қанақа таассурот қолдирганди?
– Герман Моуриньо билан учрашишимизни айтмаганди. Сюрприз бўлади, деганди. Стол атрофида ўтирганимизда Моуриньо кириб келди. Аввалига ишонмадим, кейин саломлашдим, бироз гаплашдик. У Осиё чемпионатини шарҳлаб борганди-ку. Ткаченко унга мен ҳам ўша чемпионатда ўйнаганимни, голлар урганимни айтиб берди. Моуриньо буни билган экан.

Image

– Кўплаб футболчиларда шундай пайтлар ҳам бўладики, юқори даражада ортиқ ўйнагиси келмай қолади. Шунақа ҳолат сизда ҳам бўлганми?
– Бундай хаёлларни эсимдан чиқариб юборишга, буни ўйламасликка ҳаракат қиламан. Лекин бўлган, «Ростов»га ўтганимдан кейин, таркибга кира олмаганимда хафалик бўлган. Ўйнаб кетишимга кўпчилик ишонмаганди. Кимдир: «Бир йилдан кейин қайтиб кетасан», деган.

– Сабр қилишингизга нима ёрдамлашган?
– Дадам, икки амаким футболчи бўлишган (иккиси ҳам терма жамоада ўйнаган), доим қўллаб-қувватлашади. Уларнинг ишончини оқлашни хоҳлайман.

– Яқинда агентингиз айтди, РПЛнинг бошқа клубларидан таклифларни кўриб чиқмоқчи эмас экансиз, Европага кетиш ниятингиз бор экан. Қайси лигани ёқтирасиз?
– Европада ўйнашим – ўзимнинг ҳам, ота-онамнинг ҳам орзуси. Топ-5 чемпионатларида. Қайси бири экани муҳим эмас. Лекин ҳозир «Ростов» билан 4 йиллик шартномам бор, кетиш ҳақида ўйламаяпман.

– Футболдан ташқари энг кўп яна нимага қизиқасиз?
– Рус бильярдини яхши кўраман, бильярднинг шу тури қизиқроқ. «Ростов»да кўпчилик ўйнаб туради.

– Сиз учун идеал дам олиш куни қанақа?
– Кўпинча уйда бўлишни, ҳордиқ чиқаришни ёқтираман.

– Охирги вақтларда сизда катта таассурот қолдирган китоб қайси?
– Ўзбекча китоблар ўқийман. Охирги ўқиган китобим жуда ёқди. Рус тилига ўгирсак, «Меж двух дверей» («Икки эшик ораси», Ў.Ҳошимов) бўлади. Асар 1941-1945 йиллардаги уруш, ўша йилларда одамлар қандай яшагани ҳақида.

– Барча замонларнинг энг яхши ҳужумчиси?
– Менга Торрес ва Дрогба ёқарди. Ва яна Роналдо – «Зубастик».

– YouTube`да нималарни кўриб турасиз?
– Фактлар ҳақида гап кетадиган ҳар хил қизиқарли видеоларни. Спортдан ташқари мавзуларда ҳам.

– Нимани орзу қиласиз?
– Терма жамоам билан Жаҳон чемпионатига чиқиш ва у ерда ўйнашни.

Мавзуга оид