Ўзбекистон | 09:47 / 14.08.2019
44354
6 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов расмий баёнот билан чиқди. Ижтимоий тармоқлардаги ҳақоратли изоҳлар учун жавобгарлик борлиги эслатилди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов Instagram'даги саҳифасида расмий баёнот билан чиқди

“Сизга яхши маълумки, республикамизда сўз эркинлигини таъминлаш, эркин фикр юритиш учун ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш, давлат идораларининг очиқлигини таьминлаш, блогерлик мавқеини кўтариш, барча тоифадаги ОАВ ходимларини ҳимоя қилиш борасида талайгина иш қилинди ва қилинмоқда.  

Бу уларни оммалашишига, халқ орасида ҳурмат қозонган ҳолда амалда тўртинчи ҳокимият даражасига секин аста бўлса-да, кўтарилишига олиб келмоқда. Бунга ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Тан олиб айтиш керакки, бугун ҳар бир смартфон эгаси эрта тонгданоқ уйғониши билан телефони орқали биринчи бўлиб ижтимоий тармоқларга киради ёки янгиликларни ўқийди. Ва шу тариқа ҳар биримиз электрон ахборот майдонининг таъсирига тушиб бормоқдамиз. Кимлардир бу майдонда иштирокчи, кимлардир унинг қурбони, кимлардир эса кузатувчи. Мобил телефонидан фойдаланувчилар сонининг 20 миллиондан ортиб бораётганини инобатга олсак, ахборот сиёсати соҳасидаги масъул давлат органи бўлган бизнинг агентлигимиз бу масалага бефарқ бўла олмайди ва уни ўз ҳолига ҳам ташлаб қўя олмайди. Гап бизнинг давлатчилигимиз, халқимизнинг тинчлиги, хотиржамлиги ва, қолаверса, давлатимиз равнақи ҳақида бормоқда”, - дейилади баёнотда.
 
Билдирилишича, сўнги пайтларда ижтимоий тармоқларда қандай янгилик пайдо бўлмасин унинг тагида турли мунозарали баҳслар, муносабатлар, фикрлар, тортишувлар ёзилади. Бу фуқароларнинг фаоллашиб бораётганини кўрсатади.

“Лекин, минг афсуски, улар орасида охирги пайтда ҳақоратли сўзлар, туҳматли гаплар, сўкинишлар, обрўсизлантирувчи фикрлар кескин кўпайиб бормоқда. Бундай изоҳлар, ўз навбатида, ҳар бир фуқарога салбий таъсир кўрсатиб, ёлғон маълумотлар шаклланиши, одамларимиз орасида турли миш-мишлар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Энг ёмони буларнинг аксарияти бир гуруҳ троллар ёки фейк, яъни, сохта аккаунтлар томонидан уюштирилмоқда. Буларнинг ортида нима мақсад ётгани, бу гуруҳлар кимга қарашли экани катта савол туғдиради. 

Минг афсуски, ушбу муаммо нафақат Ўзбекистон балки бутун дунё мамлакатларининг бош оғриғига айланган. Сизга яхши маълумки, турли оммавий тартибсизликларнинг барчаси ушбу ресурслар ёрдамида амалга оширилади. Яқин қўшни давлатлар, умуман дунё ҳамжамияти ҳам ушбу муаммо билан қаттиқ курашиб келмоқда”, - дейилган баёнотда.
   
Қайд этилишича, бунинг ечими битта. Бу жамиятда қонун ва қонун устуворлигини таьминлаш ҳамда ҳуқуқий билим ва маданиятни ошириш.
   
Демократия ва сўз эркинлиги – бу исталган нарсани қонунга хилоф равишда, ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтавериш дегани эмас. Сўз эркинлиги бу аввало қонунга амал қилиш, айтилган ҳар бир сўз учун жавоб бера олиш масъулияти.

“Жуда кўплаб хорижий давлатларнинг етакчи оммавий ахборот воситалари фаолияти ўрганилганда, айнан шу мезонга қатъий амал қилинишини кўрамиз. Ҳар бир журналист, блогер ОАВ орқали айтаётган гапи, бераётган маълумоти учун қонун олдида жавобгардир. Бу норма ривожланган давлатлар қонунчилигида ҳам, Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасига оид қонунларида ҳам қатъий белгилаб қўйилган.

Бир сўз билан айтганда, бундан буён ҳар бир ОАВ, блогерлар, ижтимоий тармоқлар ва мобил мессенджерлардаги гуруҳлар модераторлари нафақат ўзлари ёзган маълумотларда юқоридаги талабга риоя қилишлари, балки улар остидаги фуқаролар фейк аккаунтлар ёки троллар томонидан ёзилаётган давлат ахборот хавфсизлигига таҳдид солувчи бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлар, ёлғон изоҳлар учун ҳам қонунда белгиланган тартиб асосида жавобгар бўлишларини эслатиб ўтмоқчимиз. Сиздан фақатгина қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда бундай маълумотларни ўтказмаслик ёки саҳифангиз остида ёзилган бўлса уни зудлик билан ўчириб ташлаш амалиётини йўлга қўйиш сўралмоқда. 

Ҳурматли ҳамкасблар, барчангизни юртимизда сўз ва фикр эркинлиги, қонун устуворлигини таъминлаш учун ахборот соҳасида бўлаётган турли носоғлом жараёнларга қарши бирлашиб ҳаракат қилишга чақирамиз”, - дея якунланади баёнот.

Маълумот учун: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш — энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексининг 140-моддасига мувофиқ эса, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, башарти, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, — энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш — энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Бундан олдин, “Озодлик” радиоси Комил Алламжоновга қарши ахборот кампаниясида айбланганди.

Мавзуга оид