Президент инфляция ўсишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш вазифасини топширди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 14 август куни мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 2019 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш ҳамда 9 ой ва йил якуни бўйича белгиланган прогноз параметрларига эришишни таъминлайдиган устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда макроиқтисодиёт, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими ва хусусий тадбиркорлик масалалари муҳокама қилинди. Жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 5,8 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,9 фоиз ўсгани қайд этилди. Маҳаллий бюджетлар ихтиёрида 2,6 триллион сўмдан зиёд ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ қолдирилди. Бюджет даромадлари қарийб 51 триллион сўмни ёки прогнозга нисбатан 109 фоизни ташкил этди.
Йиғилишда давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари мутаносиб бўлишини таъминлаш, маҳаллий бюджетларга қўшимча тушумлар резервларини топиш ва сафарбар қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Банк тизимини тубдан ислоҳ қилиш, замонавий банк хизматларини жорий этиш ва уларнинг сифатини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари нархларнинг кескин ошиб кетишининг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Дастлабки 6 ойда инфляция 5,6 фоизни ташкил қилиб, прогноз кўрсаткичларидан ошмаган. Лекин тарифлар ва нархлар босқичма-босқич бозор механизмларига ўтаётгани боис мутасаддиларга инфляция ўсишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш топширилди.
Маълумки, август ойи бошида ўтказилган йиғилишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш масаласи атрофлича муҳокама қилиниб, бу борада янги тизим жорий этиш белгиланган эди. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унга Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси, тижорат банклари ва суғурта компаниялари бириктирилди.
Йиғилишда ушбу янги тизимни жойларда жорий этиш орқали кенг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг бандлиги ва даромадини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Саноатнинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
– Охирги бир йилда ялпи ички маҳсулот таркибида саноат улуши 26 фоиздан 30 фоизга етган бўлса-да, бу биз бошлаган ислоҳотлар кўламига нисбатан ҳали етарли эмас, – деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
10:13 / 03.12.2024
Ноябр ойи учун инфляция даражаси маълум қилинди
08:10 / 02.11.2024
Октябр ойида инфляция 1 фоиздан паст бўлди
19:37 / 31.10.2024
«Валюта курсининг 1 фоизга қадрсизланиши инфляцияга 0,3-0,4 фоиз таъсир кўрсатиши мумкин» - МБ раиси
22:15 / 29.10.2024