Ўзбекистон | 16:26 / 16.08.2019
7685
2 дақиқада ўқилади

«Ўзстандарт»: Энди Ўзбекистонда ҳам «Ҳалол» сертификати олиш мумкин

Фото: KUN.UZ

Бугун, 16 август куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистонда «Ҳалол» стандартларининг жорий қилиниши ҳамда сертификатлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда «Ўзстандарт» агентлиги бош директори ўринбосари Жасур Шукуров, Стандартлар институти ҳалол сертификатлаш агентлиги раҳбари Суннат Саидов, Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Исомиддин Аҳроров ва бошқа мутасаддилар иштирок этишди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда дунё бўйлаб «Ҳалол» стандарти остидаги маҳсулотлар бозор ҳажми 6,4 трлн. долларга етган ва бу кўрсаткич йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Ўзбекистонда ҳам зиёрат туризми, гастрономик туризм соҳалари кенгайиб бораётгани, маҳаллий аҳолининг аксар қисмида «Ҳалол» стандарти остидаги маҳсулотларга эҳтиёж юқорилиги яхши маълум. Шу боис, эндиликда Ўзбекистонда «Ҳалол» стандарти бўйича сертификатлар олиш учун ҳуқуқий асос яратилиб, барча механизмлар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Ислом мамлакатларининг Стандартлар ва метрология институти (SMIIC) аъзосига айланди. Эндиликда Ўзбекистонда олинган ҳалол сертификати халқаро аҳамиятга эга бўлади.

«Бундан буён ишлаб чиқариш бўйича фаолият бошловчи ташкилотларга ушбу стандартни мажбурий жорий қилиш мумкинми?» деган саволга Стандартлар институти директори Ғайрат Газиев жавоб қайтарди.

«Бир нарсани тўғри тушунишимиз лозим – «Ҳалол» стандарти бўйича сертификатлар олиш ихтиёрий. Тадбиркор, ишлаб чиқарувчининг ўзи шундай сертификатга эга бўлишни, шу мақом остида маҳсулот сотишни истасагина бизга мурожаат қилади ва биз буни кўриб чиқамиз. Қўшимча талаб қўйиш қонунчилигимизга ҳам тўғри келмайди, тадбиркорлик фаолиятига ҳам янги тўсиқ бўлиб қолиши мумкин», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид