Жамият | 02:32 / 17.08.2019
48897
3 дақиқада ўқилади

Сариосиёда ҳайдовчини калтаклаган профилактика инспектори ишдан олинди, ёрдамчи посбон огоҳлантирилди

Сайтимизда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманининг «Газарак» маҳалласи ҳудудида «To‘palang MG Holding» МЧЖга қарашли «MAN» русумли юк ташиш машинаси ҳайдовчиси Абдусалом Нуровни «Чилонзор» маҳалласининг участка профилактика инспектори Қувондиқ Эшмирзаев ва унга ёрдамчи посбон Турсун Исматов ҳақоратлаб, калтаклашгани ҳақида хабар берган эдик.

«Мен 24 июнь куни соат 23:20ларда тунги сменада, барча ҳужжатларга эга бўлиб туриб, «Газарак» маҳалласидаги стадион қурилиши учун шағал олиб бораётганимда юқоридан оқ тусли «Матиз» русумли машина узоқни ёритувчи чироқларини ёқиб тушиб кела бошлади. Мен икки-уч марта чироқни пасайтиришга ўз автомашинамни чироғи билан ишора қилдим. Бироқ, «Матиз» ҳайдовчиси кўзни қамаштирувчи чироқни пасайтирмади. Шундан кейин «Матиз» ёнимдан ўтаётганида норозилик тариқасида сигнал чалиб ўтиб кетдим.

Шундан сўнг юкни тўкаётган чоғимда «Матиз»даги ҳайдовчилар ўша ерга етиб бориб, мени машинадан тушириб, ҳақорат қилиб аёвсиз калтаклашди. Уларнинг ҳар иккиси формада эди, иккиси ҳам спиртли ичимлик ичиб олишганди, кейинчалик билсам — улар базмдан қайтишаётган экан», — дея тушунтириш берган эди жабрланувчи Абдусалом Нуров.

Воқеа юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳам ўзининг расмий муносабатини эълон қилган эди.

Жабрланувчиларнинг мурожаатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси томонидан профилактика инспектори Қувондиқ Эшмирзаевни вазифасидан озод этиш таклифи киритилганини маълум қилинган.

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг мурожаатга жавобан йўллаган хатида Сариосиё туман ИИБ профилактика инспектори Қ.Эшмирзаевни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор кабул қилингани маълум қилинган.

Шунингдек Сариосиё туман ИИБ «Боғистон» маҳалласи бўйича профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси Т.Исматовга қаттиқ огоҳлантириш берилган.

Kun.uz Сариосиё туман ИИБга мазкур масала бўйича қўнғироқ қилганида Қ.Эшмирзаев лавозимидан озод қилингани, Т.Исматовга огоҳлантириш берилгани тасдиқланди.

Ўз мухбиримиз.

Мавзуга оид