Жаҳон | 15:46 / 20.08.2019
4659
1 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги тартибсизликларда 30га яқин кишини ҳибсга олди

Фото: AP

Ҳиндистон ҳукумати Жамму ва Кашмир штатида полиция ходимлари билан тўқнашувлардан сўнг 30га яқин кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, штатнинг ёзги пойтахти Сринагарда тартибсизликлар қатнашчилари полиция ходимларини тошбўрон қилишган.  

Аввалроқ Agence France-Presse агентлиги штатнинг мақоми ўзгарганидан буён Жамму ва Кашмирда камида 4 минг киши ҳибсга олинганини хабар қилганди. Агентликнинг ёзишича, улар жамоат хавфсизлиги тўғрисидаги қонун асосида ҳибсга олинган. Бу қонун ҳибсга олинган кишини икки йилгача судсиз қамоқда сақлаш имконини беради.

Жамму ва Кашмирдаги тартибсизликлар 5 августда Нью-Деҳли бу ҳудудда Жамму ва Кашмир ҳамда Ладакх иттифоқдош ҳудудларини ташкил этишга қарор қилганидан бери давом этмоқда. Илгари штат махсус мақомга эга бўлиб, қатор имтиёзларга эга эди.

Мавзуга оид