Жаҳон | 22:57 / 20.08.2019
8330
2 дақиқада ўқилади

Жеймс Бонд ҳақидаги 25-фильмнинг қандай номланиши маълум бўлди

Фото : AP Photo / Andrew Medichini

Британия разведкасининг жосуси Жеймс Бонд ҳақидаги янги фильм “No time to die” (Ўлишнинг мавриди эмас) деб номланади. Бу ҳақда фильмга бағишланган саҳифада маълум қилинган. 

Хабарда таъкидланишича, бош ролни аввалги бир нечта сериядаги каби актёр Дэниел Крейг ижро этади.

Бундан ташқари, жосус ҳақидаги 25-фильмнинг Буюк Британия ва АҚШда экранларга чиқарилиши саналари маълум бўлди – 2020 йилнинг 3 ва 8 апрель кунлари. 

Аввалроқ янги фильмда Крэйгдан ташқари, америкалик актёр Рами Малек, француз актрисаси Леа Сейду ҳамда британиялик актёрлар Рэйф Файнс ва Бен Уишоу иштирок этишлари маълум қилинган.

Фильмнинг номланиши айни вақтгача сир сақланиб келинаётганди. 

Фильмда Ми-6 хизматининг янги агенти пайдо бўлиб, у Бонд истеъфога кетиши сабабли унинг лицензияси ва шартли номи – “жосус 007”ни олади. Бу агент ролини Лашана Линч ижро этади. 

“Бондиана”нинг биринчи фильми “Доктор Ноу” (Dr. No) премьераси 1962 йил 5 октябрда Лондонда бўлиб ўтган. Бонднинг ролини ўз вақтида 6 актёр – Шон Коннери, Жорж Лэзенби, Рожер Мур, Тимоти Далтон, Пирс Броснан ва Дэниел Крэйг ижро этган.

Мавзуга оид