Ўзбекистон | 10:33 / 22.08.2019
33381
3 дақиқада ўқилади

Бош вазир маслаҳатчилари сони яна биттага ортди

Фото: AFP

Ўзбекистон Республикаси президенти “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролаpи ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида ходимларининг чекланган сони 8 штат бирлигидан иборат Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти ташкил этилди.

Белгиланишича, Департаментнинг штатлари сони Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва унинг ташкилий тузилмасига кирувчи муассасаларнинг 8 та штат бирлигини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси - Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаментининг мудири лавозими киритилди.

Қуйидагилар Департамент фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

миграция жараёнларини комплекс таҳлил қилиш, ташқи меҳнат миграцияси сабаблари ва омилларини, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек, уларнинг хорижда бўлиш шарт-шароитларини яхшилаш билан боғлиқ тизимли муаммоларни аниқлаш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини уюшган ҳолда хорижда ишга жойлаштиришни таъминлаш бўйича йиллик режалар ва дастурларни, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг хорижда меҳнат, маиший ва яшаш шароитларини яхшилаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутувчи ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги устувор вазифаларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар (“йўл хариталари”) ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий давлатларнинг ваколатли органлари билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда вақтинча ишга жойлаштириш ва уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш;

ваколатли органларнинг, шу жумладан Агентликнинг хорижий ваколатхоналари, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва консуллик муассасалари томонидан меҳнат мигрантлари мурожаатларини кўриб чиқиш, улар билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқот ўрнатиш бўйича самарали фаолиятини ташкил этиш;

ижтимоий-маиший масалаларни ҳал қилиш, уй-жой шароитини яхшилаш, меҳнатга лаёқатли оила аъзоларини, айниқса аёлларни иш билан таъминлаш ва меҳнат мигрантларининг болаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали меҳнат мигрантларининг Ўзбекистон Республикасидаги оила аъзолари даромадлари ва турмуш даражасини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

дастлабки касбий тайёргарлик, мослашув тадбирларини амалга ошириш, меҳнат мигрантларини хорижда ишга жойлаштириш, уларга, шу жумладан ўз Ватанига қайтиб келганидан сўнг ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш жараёнларини самарали мониторинг ва назорат қилиш.

Мавзуга оид