Жамият | 00:40 / 22.08.2019
73691
6 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ходимларига яна тажовуз. Андижонда беморнинг ўғли шифокорни ёқиб юбормоқчи бўлди

21 август куни Андижон шаҳрида жойлашган Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида шифокорларга беморнинг қариндоши томонидан суиқасд уюштирилди. Интернетда тарқалган видеода беморнинг яқини шифокорлар хонасига бензин сепиб, хонага ўт қўйиб юборишга урингани ҳақида айтилган. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳодиса бўйича Kun.uz’га маълумот берди.

«21 август куни Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанаётган бемор А.И.нинг ўғли томонидан тиббиёт марказининг ортопедия ва жароҳатлар оқибатлари бўлими ходимларига тажовуз амалга оширилди.

Бемор А.И 2010 йилда «умуртқа поғонаси бел қисми остеохондрози, 4-5 бел умуртқалараро диск чурраси» туфайли Андижон Давлат тиббиёт институти клиникасида хирургик даволанган. 2017 йил «Бел умуртқалари сегменти ностабиллиги» ҳолати юзага келган. «Пастки парапарез асорати» ташхиси билан Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида қайта операция амалга оширилган. Операция жараёнида чуррани бартараф қилиш ва умуртқа поғонаси бел қисмига транспедикуляр мосламани ўрнатиш амалиёти бажарилган. Шундан сўнг ушбу бемор Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ортопедия ва жароҳатлар оқибатлари бўлими ходими Бобур Шавкатов томонидан консультация қилиб турилган. 2019 йилнинг июль ойида бемор Б.Шавкатов томонидан қайта кўрикдан ўтказилган. Беморга стационар даволаниш тавсия этилган. Лекин бемор ва қариндошлари Тошкент шаҳридаги тиббиёт марказларидан бирига консультацияга бориб келишга истак билдиришган.

2019 йилнинг 19 август куни бемор А.И.нинг ўғли Ф. марказга келиб, Бобур Шавкатовга учрашган. У онасини Тошкентдаги «AKFA Med line» хусусий клиникаси мутахассислари кўригига олиб борганини, у ерда Фузулиддин исмли шифокор томонидан кўрикдан ўтказилганини айтган. Бемор ўғлининг сўзларига кўра, «Фузулиддин исмли шифокор гўёки аввалги операциялар нотўғри қилинганини, хозирда қайта операция қилиш лозимлигини, ушбу операцияларни республикамиз мутахассислари амалга ошира олмаслиги, шунинг учун Германия Федератив Республикасидан мутахассис чақирган ҳолда операция қилиш кераклигини уқтирган».

Ф.нинг сўзларига қараганда, бемор билан Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий марказига кўрикка боришган. У ерда бемор мутахассислар томонидан кўрилиб, хозирги безовта қилаётган ҳолатга сабаб бел қисмидаги операциялар эмас, балки умуртқа поғонасининг кўкрак қисмидаги сариқ боғламнинг гипертрофияланган қисми орқали орқа мия эзилиши натижасида рўй бераётгани сабаб қилиб келтирилган. Улар томонидан умуртқа поғонасининг кўкрак қисмида операция қилиш лозимлиги айтилган. 

Ушбу суҳбат давомида Бобур Шавкатов ҳақиқатдан ҳам бемор даволаниши лозимлигини тушунтирган. Беморнинг ўғли бунга рози бўлиб, даволаниш учун келишларини айтиб кетган.

2019 йилнинг 21 август куни бемор имтиёзли йўлланма билан ўғли ҳамроҳлигида марказга келиб, Бобур Шавкатовга учрашишган. Шавкатовнинг нейрохиргия бўлимига имтиёзли йўлланма асосида ётқизилган. Бу ҳақида беморнинг ўғли Шавкатовга айтган. Шавкатов қабулхона орқали нейрохирургия бўлимига ётқизилишини тушунтирган ва операцияга кириб кетган. Бемор нейрохирургия бўлимига жойлашгач, нейрохирургия бўлими шифокори Оталиков Абдураим бемор ва унинг ўғли билан суҳбатлашган. Суҳбат давомида беморга ҳозирда медикаментоз ва физиотерапевтик муолажалар ўтказилишини, Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия марказига эса 2019 йилнинг 4-чорагида имтиёзли йўлланма асосида юборилишини тушунтирган.

Шундан сўнг Бобур Шавкатов операцияни тугаллаб чиқаётганда Ф. у билан суҳбатлашмоқчи эканини айтган. Бобур Шавкатов уни ўз хонасига таклиф қилиб, олиб кирган. Шунда Ф. Бобур Шавкатовга рентгенограммани қайта кўриб беришини илтимос қилган.

Бобур Шавкатов рентгенограммани ёруғга қараб кўраётган вақтда Ф. Бобур шифокорнинг орқасидан келиб, бўйнидан бўға бошлаган. Бобур Шавкатов қаршилик қилиб, унинг қўлидан озод бўлишга харакат қилган, аммо Файзулло янада қаттиқ бўға бошлаган. Шунда Бобур Шавкатов ҳушини йўқотган. Шифокор ҳушига келган вақтда қўллари орқага қилиб боғланган ҳолда ерда, стол остида ётган бўлган. Бобур Шавкатов уни ўтирғизиб қўйишни сўраган. Ф. уни ўтирғизиб қўйиб, унга «ҳозир «AKFA Med line»га телефон қилиб, керакли мутахассисни чақиртириб, онамни шу ерда операция қилдириб берасан» деб талаб қўйган. Бобур Шавкатов, «Қўлимни ечиб юборинг, телефон қиламан» дея илтимос қилган. Ф. эса сумкасидан бензин тўла идиш олиб, Бобур Шавкатовнинг устига сепган. Шифокор бақира бошлаган. Буни эшитган коридордаги беморлар ва тиббиёт ходимлари хонага кирмоқчи бўлишган. Аммо хона эшиги ичкаридан қулфланган бўлган. Шунда ходимлар эшикни синдиришган. Ф. эса эшик ортидаги ходимларга ҳам бензин сепа бошлаган. Натижада бир ҳамширанинг (Эркинова Мадина) кўзига бензин сочилиши натижасида кўзи жароҳатланган. Эшик бузиб кирилганда Ф.нинг қўлида ёндиргич бўлган.

Ходимлар ёндиргични олиб қўйиш ниятида унинг қўлига ёпишган вақтда яна бир ходимни (Абудувоҳид Мўъминов) уриб тан жароҳати етказган. Ходимлар ўт ўчириш ускунаси мосламасини ишлатиб, Ф. ва Б.Шавкатовнинг устига сув сепишган. Шундан фойдаланиб, Ф.ни кўпчилик бўлиб, хонадан олиб чиқишган. Унинг қўл ва оёқларидан ушлаб, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари чақирилган ва уларга топширилган.

Бобур Шавкатов, Абдувоҳид Мўъминов, Мадина Эркинова ва Иззатой  Мамажонова шифохонага ётқизилди. Уларга инфузион, детоксикацион, дегидратацион ва симптоматик терапия ўтказилди. Ҳозирда барча ходимларнинг умумий аҳволи нисбатан қониқарли», дейилади маълумотномада.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилишича, айни вақтда вазирликнинг махсус гуруҳи Андижондаги воқеа оқибатида жабрланган тиббиёт ходимларининг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларга маънавий ёрдам кўрсатиш учун мазкур вилоятга сафарбар этилган.

Мавзуга оид