Мирзиёев фойдаланилмаётган салоҳият, обрўйи тушиб кетган «маънавият» тушунчаси ва ХТВ мавқеси ҳақида гапирди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни таълим тизимига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
«Биз кейинги пайтда, минг афсуски, «маънавият» тушунчасининг обрўйини тушириб юбордик. Маънавиятга гўёки кераксиз нарсадек муносабатда бўлдик. Бугун кўпчилик ёшлар онгини истеъмолчилик кайфияти, Ватан, эл-юрт тақдирига бепарволик, «оммавий маданият» кўринишлари эгаллаб олмоқда. Ўзингиз айтинг, ўз халқининг тарихини, маънавий ва диний қадриятларини ҳурмат қилмайдиган, уларни ҳимоя қилишга қодир бўлмаган одам ватанпарвар ва элпарвар бўлиши мумкинми?
Буюк аждодларимиз ўзларининг илмий ва ижодий кашфиётлари билан дунёга устозлик қилишган. Бошқаларга эргашмаган, балки бошқаларни ўз ортидан эргаштирган. Биз ҳам эргашувчи эмас, эргаштирувчи кучга эга халқ бўлишимиз шарт. Акс ҳолда, тараққиёт йўлидан чеккага чиқиб, яна таназзул ботқоғига ботамиз. Ота-боболаримиз эришган марраларни осонгина бой бериб қўямиз. Бу аждодлар руҳига, келажак авлодларимизга хиёнат эмасми? Бу соҳада бугун шошилинч чоралар кўрмасак, эртага кеч бўлади.
Жойларда мактабларнинг қурилиши, ўқув йилига тайёргарлик учун ҳокимлар ва сектор раҳбарлари шахсан масъул. Лекин, уларнинг баъзилари бу масалага етарли эътибор қаратмаяпти. Шу сабабли, Халқ таълими вазири ва тизим бошқарув ходимлари бундай ташкилий ишлар билан овора бўлиб қолмоқда. Ҳолбуки, Халқ таълими вазирлиги ижтимоий ҳаётимиздаги, ҳукуматдаги нуфузи ва таъсирига кўра Молия вазирлиги билан баробар бир мавқеда туриши керак.
Вазирлик ва унинг бўлинмалари таълим-тарбиянинг мазмуни, ўқув дастурлари, унинг сифати ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш масалаларига жиддий эътибор қаратиши зарур. Мисол учун, бугунги кунда республикамиз бўйича 400 номдаги 32 миллион нусха дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар нашр қилинган. Бу режадаги кўрсаткичнинг фақатгина 87,5 фоизини ташкил этади. Бу масалалар билан бевосита шуғулланиши лозим бўлган Республика таълим маркази, Абдулла Авлоний номидаги раҳбар ходимлар малакасини ошириш институти, вилоятларда ўқитувчилар малакасини ошириш институтлари бор. Низомий номидаги бутун бир университет, ҳудудларда 6та педагогика институтлари мавжуд.
Лекин бу тузилмалар ўқув-тарбия жараёнини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг билим ва малакасини ошириш, дарсликлар савиясини яхшилаш учун қандай амалий ишларни қилмоқда? Бундай салоҳиятдан нима учун унумли фойдаланилмаяпти? Халқ таълими вазири Ш.Шерматов, олий таълим вазири И.Мажидов, инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов бунга нима дейди?» - дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
15:21 / 19.12.2024
Хитойда ўғлининг уй вазифаларига ёрдамлашаётган ота инфарктга чалинди
16:56 / 13.12.2024
Андижонда ҳоким ўқувчиларни армияга юборди, ИИБ бошлиғи “қизил тоифа”га ажратди. Бу тўғрими? — мутахассислар билан суҳбат
09:30 / 04.12.2024
Дунёдаги энг қиммат 10 та мактаб-интернат: уларда йиллик ўқиш нархи 100 минг доллардан ошади
14:33 / 21.11.2024