Содиқ Сафоев: «Инвесторларга ош бериб, тўн кийдиришимиз зое. Уларга қонуний кафолат керак»
Амалдорлар томонидан ўзига қандай мулозамат кўрсатилгани инвестор учун асосийси эмас, унга энг аввало қонуний кафолат керак.
Сенат ялпи мажлисида мамлакат иқтисодиётига инвестицияларни жалб этиш мавзусида чиқиш қилган Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ана шундай фикрда. У билдирган мулоҳазаларни Kun.uz мухбири келтириб ўтди.
«Сармоядорларга биринчи навбатда қонуний кафолат керак.
Биз уларга берган ошимиз, кийдирган тўнларимиз зое. Уларга бу нарса керак эмас. Уларга аниқ қонун ва имкониятлар керак. Шуни тушунишимиз керак», – деб ҳисоблайди Содиқ Сафоев.
Сенатор ўз сўзида инвестициявий фаолият соҳасида мавжуд айрим муаммоларга ҳам тўхталиб ўтди.
«Хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар билан учрашувларда қонун ҳужжатларининг барқарор эмаслиги, бир-бирига зид нормалар мавжудлиги уларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланмоқда.
Бу борада Вазирлар Маҳкамасига савол бермоқчиман, нима учун бизда ҳали-ҳануз қонун ижодкорлигини ақлли тартибга солиш модели – СОВАЗ деймиз (система оценки воздействия актов законодательство) ишламаяпти?
Барча давлатларда, шу жумладан бизга қўшни давлатларда бу замонавий усул, яъни мажбурий баҳолаш тизими ишламоқда. Биз ҳали бу нарсани тўлақонли ишга сола олганимиз йўқ ва бу менимча, бизнинг қонун ижодкорлигимиз ва қонунни ҳаётга татбиқ этиш тизимимизга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мамлакатимизнинг инвестициявий фаолиятини тартибга солувчи қонунларни такомиллаштириш тўғрисида давлат раҳбарининг қатор топшириқлари, шу жумладан «Инвестиция ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақидаги топшириқлари бажарилмаяпти. Бир нечта концепциялар ва қонун лойиҳалари кўрсатилган муддатлари ўтиб кетди», – деди Сафоев.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари инвестицияларни жалб этиш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар савиясини ҳам танқид қилди.
«Афсуски, турли инвестицион конференциялар, бизнес форумлар кўпинча юзаки, миқдорий кўрсаткичга қаратилган тарзда ташкил этилмоқда. Уларнинг натижадорлиги паст, ваҳоланки уларга кетаётган маблағлар баланд.
Бундай тадбирларда асосан қатнашувчиларнинг умумий сонига урғу бериб келинмоқда. Замонавий тажриба эса шундай бизнес форумларни фестивал тарзида эмас, мақсадли таргетлаш, яъни муайян тармоққа, муайян лойиҳага қаратилган 15-20та бевосита алоқадор инвесторларни олиб келиб, енгни шимариб, чойни дамлаб, ўшалар билан масалани аниқ муҳокама қилиш афзаллигини исботламоқда», – деди у.
Содиқ Сафоев ўз маърузасида, шунингдек, микромолиялаштириш тизими ҳам тўлақонли ишламаётгани, тадбиркорларнинг қурилиш қилиши ва уларга ер ажратиш учун рухсат олиш тартибининг шаффоф эмаслиги, республиканинг турли ассоциациялари экспортёрларнинг муаммолари билан тизимли шуғулланмаётгани каби масалаларга ҳам тўхталди.
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
17:20 / 18.12.2024
Келгуси йилда таълим ва фан соҳасига 86,3 трлн сўм йўналтирилади — Танзила Норбоева
14:50 / 18.12.2024
Сенат 2025 йилга мўлжалланган давлат бюджетини маъқуллади
16:39 / 02.12.2024