Содиқ Сафоев: «Ўзбек модели – нотўғри сиёсат бўлган. Уч йил олдин иқтисодиётимиз ҳалокат ёқасига бориб қолган эди»
Президент Шавкат Мирзиёев бу лавозимга келган вақтда мамлакат ривожида бурилиш ясамаганида, Ўзбекистон иқтисодиёти ҳалокат ёқасига келиб қолган эди. Кўп йиллар давомида айтиб келинган тараққиётнинг ўзбек модели – нотўғри сиёсат бўлган, деб баёнот берди Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.
Сафоев парламент юқори палатасининг 21-ялпи мажлисида ҳудудларга инвестицияларни жалб этиш мавзусида маъруза қилди. Унинг сўзларини Kun.uz мухбири келтириб ўтди.
«Ислоҳотлар ҳеч қачон осон ўтмайди. Айниқса бошланғич босқичда доимо зиддиятларни кескинлаштиради. Бу, айниқса, ўзгаришларни кечиктирган, амалга ошириш вақти анча аввал ўтиб кетган чораларни эндигина рўёбга чиқара бошлаган жамиятларга хос. Шу жумладан, афсуски, Ўзбекистонга ҳам.
Мисол учун, молия бозоридаги вазиятни олайлик. Ҳар бир иқтисодчи яхши биладики, миллий валютанинг курсини сунъий равишда баланд ушлаб туриш зарарли. Бу – экспортга путур етказади, импортга йўл очиб беради. Бу – аксиома.
Ҳар бир ҳукумат буни ўз вақтида девальвация қилиб олиб келиши – мамлакат иқтисодиётини соғломлаштиришга қаратилган бир қадам. Узоққа бориб ўтирмайлик, қўшни Қозоғистонда қисқа давр мобайнида уч маротаба йирик девальвация бўлди.
Биринчиси 1999 йилда бўлган инқирозда – Россия улар учун муҳим – тенге 84 тенгедан 138га кўтарилди. Ўн йилдан сўнг, бутун жаҳон инқирози бўлаётган пайтда 122 тенгедан 144га кўтарилди. Беш йил аввал, БРИКС ташкилотидаги инқироз оқибатида 155дан 185га кўтарилди. Бу – улардаги молиявий тизимнинг анча соғломлашишига [хизмат қилди] ва иқтисодиёт билан мутаносибликни тўғрилади.
Бизда эса кўп йиллар мобайнида мутасадди шахсларнинг молиявий саводсизлиги – шундай деб айтайлик – оқибатида аксинча сиёсат олиб борилди ва молиявий тизим мамлакат иқтисодиётининг ривожланиш омили бўлиш ўрнига унга тўсиқ бўлиб қолди.
Оқибатда, Ўзбекистон киши бошига тушадиган ялпи маҳсулот улуши бўйича дунёнинг иккинчи юзталигидаги давлатлар орасидан ўрин топди... Ўзбекистон! Буюк тарихга, дунёдаги энг меҳнаткаш аҳолига эга Ўзбекистон бир юз... йигирма нечанчи ҳам ўринда. Ҳеч тушуниб бўлмайди!
Бунинг сабаби битта – вақтида ислоҳотлар ўтказилмаган. Шунинг натижасида бизда ишчи кучимизнинг учдан бири – қишлоқ хўжалигида. Бу – қолоқликнинг биринчи кўрсаткичларидан бири.
Миллионлаб ҳамюртларимиз четда иш қидириб юришга мажбур бўлди.
Барча соҳаларда – саноатда, қишлоқ хўжалигида, хизмат кўрсатишда биздаги меҳнат унумдорлиги ниҳоятда паст. Масалан, Жанубий Корея билан қиёсласак, бу соҳаларнинг ҳар бирида бизда меҳнат унумдорлиги ўн баробарга паст.
Айтганча, иқтисодчиларимиз ҳам меҳнат унумдорлиги кўрсаткичига кам эътибор беради. Ваҳоланки, бу – маҳсулот таннархининг асоси. Маошлар ҳам шунга боғлиқ. Бир хиллар айтади, нега маош кўтарилмайди? Чунки меҳнат унумдорлиги паст.
Маҳсулот таннархи меҳнат унумдорлигига боғлиқ бўлганидан кейин бизга четдан кириб келаверади. Биз рақобатбардош бўла олмаймиз ва охир-оқибат миллий даромадга ҳам бу катта таъсир кўрсатади.
Очиғини айтайлик, буни ҳаммамиз тушунишимиз керак, уч йил олдин президентимиз жасорат билан мамлакат ривожида бурилиш ясамаганида, бизнинг жамиятимиз, иқтисодиётимиз ҳалокат ёқасига бориб қолган эди.
Бугун иқтисодий сиёсатимизга чуқур ва пухта ўйланган довюраклик... Кўп йиллар биз аста-секин, ўзбек модели... деб юрдик. Бу – нотўғри бўлган сиёсат. Мана бугун бу тўғриланмоқда», – деб таъкидлади Сенат раисининг биринчи ўринбосари.
Содиқ Сафоевнинг ушбу маърузасидан бошқа хабарлар:
Сенат раисининг биринчи ўринбосари: «Инвестициялар бўйича ҳокимларнинг ваколатини кенгайтириш керак»
Мавзуга оид
14:55 / 22.12.2024
Жисмоний шахсларга ёввойи ҳайвонларни сақлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
21:28 / 19.12.2024
2025 йилда 43 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштириш кўзда тутилмоқда
21:11 / 19.12.2024
Дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари эълон қилинди
17:20 / 18.12.2024