Жамият | 12:39 / 25.08.2019
38796
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда асаларилар қирилмоқда: соҳани асраб қолиш учун қандай ечимлар бор?

Асаларичилик — азалдан етти хазинанинг бири саналади. Шифобахш асал етиштириш, асалариларни парваришлаш катта меҳнат ва маҳорат талаб қилади.

Жорий йил асаларичилар учун жуда қийин мавсум бўлди. Баҳордаги давомли ёмғирлар май ойида асал йиғиб олишга монелик қилди.

Ёзда эса асаларичилар асосан пахта гулидан асал олишади. Бироқ Сурхондарёдаги асаларичилар олдида яна бир муаммо кўндаланг бўлди.

Денов туманининг «Ҳазарбоғ» маҳалласида яшовчи, тўққиз йилдан бери асаларичилик билан шуғулланиб келаётган фермер Зокир Шарипов ўзи дуч келган муаммони ҳикоя қилиб берди.

Унинг айтишича, май ойи серёғин келгани, асаларилар уча олмагани учун анъанавий май асали йиғиш имконияти бўлмаган. Энди пахта асали олиниш даврида пахтазорларга турли зараркунанда ҳашаротларга қарши кучли пестицидлар ишлатилаётгани боис асалариларга ҳам талафот етмоқда.

Нега айнан пахтадан асал олинади? Асаларичи фермернинг айтишича, пахтазорлар жуда катта майдонни ташкил этиши, пахта гули яхши асал бериши сабабли пахта асали олиш азалдан оммалашган.

Муаммога ечим борми? Асаларичи фермер бу борада ўз таклифларини ҳам баён қилди.

Зокир Шариповнинг айтишича, асаларичиликни кўп тармоқли фермер хўжаликлари таркибида қайта ташкил қилиш керак. Масалан, беда ўсимлиги асални яхши беради. Фермерларга беда экиш учун майдонлар ажратилса ҳам тупроқ унумдорлиги ошади, ҳам беданинг уруғини олиш, ҳам гулидан асал йиғиш, ҳам чорвачилик қилиш мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистонга Америкадан кириб келаётган павловния дарахтини экиш. Унинг гули кўп асал беради. Қолаверса, у теракдан ҳам тезроқ ўсувчи дарахт ҳисобланади ва унинг ёғочини қурилишда ва бошқа соҳаларда ишлатиш мумкин.

Соҳага эътибор керак. Айтайлик, асаларичилик соҳа сифатида йўқликка юз тутса, бу салбий оқибатлар келтириб чиқармайдими? – деган савол юзага келади.

Албатта, асаларичиликнинг йўқ бўлиб кетиши бошқа соҳаларга ҳам ўз салбий оқибатини кўрсатади. Мисол учун, боғларда ҳосилдорлик камайиб кетишига сабаб бўлади. Жорий йилда май ойи серёғин келгани ва дарахтлар чангланмай қолгани учун Сурхондарёнинг тоғли зоналаридаги олма ва бошқа мевалар ҳосилдорлиги ҳар йилгидан 90 фоизгача камайган.

Хуллас, инқирозга юз тутаётган соҳа бор, етарлича муаммо бор ва ечим таклиф қилинмоқда. Биз бу ушбу муаммони Денов тумани ҳокими Бахтиёр Ибодов билан ҳам муҳокама қилдик. Туман ҳокими, ушбу масала юзасидан асаларичи фермерларни қабул қилиб, уларни эшитишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Ўйлаймизки, Сурхондарёлик раҳбарлар шифобахш асал етиштириш камайиб кетмаслиги учун соҳа жонкуярларига қўлларидан келгунича ёрдам беришади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид