Жаҳон | 18:16 / 26.08.2019
23947
5 дақиқада ўқилади

Амазонка ўрмонлари ёнмоқда. Бразилия президенти нотижорат ташкилотларини ўт қўйишда, Европани эса мустамлакачиликда айблади

Фото: Victor Moriyama / Greenpeace Brazil / EPA / Scanpix / LETA

Бразилия президенти Жаир Болсонару мамлакат армиясига Амазонка ўрмонларидаги ёнғинларни ўчиришда қатнашишни буюрди.

«Армияда хизмат қилган вақтимда Амазонка ўрмонларини севишни ўрганганман ва уларни ҳимоя қилишга ёрдам бермоқчиман», — деди Болсонару телевидение орқали мурожаатида. Бир ой муддат давом этадиган операцияга 44 минг ҳарбийни жалб этиш режалаштирилган. Зарурат туғилса, операция узоқроқ давом этиши мумкин. Амазонка ўрмонларининг 60 фоиздан ортиғи Бразилияда, 13 фоизи Перу, 10 фоизи Колумбия, қолган қисми эса Жанубий Американинг қўшни давлатларида жойлашган.

Фото: dpa / Christian Niel Berlinck

Амазония тропик ўрмонларини ОАВ кўпинча «сайёранинг ўпкаси» деб аташади, чунки таъкидланишича, улар фотосинтез жараёнида сайёрадаги кислороднинг 20 фоизга яқинини ишлаб чиқаради. Иқлим ўзгариши бўйича мутахассис Жонатан Фоли ҳақиқатда бу рақам 5 фоизни ташкил этишини айтади. Аммо Фолининг сўзларига қараганда, Ер юзидаги биохилма-хилликнинг ярмига яқини тропик ўрмонларда, катта қисми эса айнан Амазонияда жойлашган. Маълумотларга кўра, ўрмонлар атмосферадаги ис газининг 25 фоизгачасини ютади.

Экологларнинг ҳисоб-китобларига кўра, йил бошидан бери ёнғинлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 82 фоизга ошган. Гап бутун Бразилия ҳудудидаги 79,5 мингта ва Амазонка ўрмонларидаги 40 мингга яқин ёнғин ҳақида кетмоқда.

Ўрмон ёнғинлари табиий равишда юз берадиган бошқа экотизимлардан фарқли ўлароқ, Амазонка ўрмонларидаги ёнғинларнинг сабаби фақатгина одамлар бўлиши мумкинлигига олимларнинг ишончи комил. Бу ерда гап хўжалик мақсадларида ўрмонларга ўт қўйилиши ва унинг бошқариб бўлмас ёнғинга айланиб кетиши ҳақида бормоқда. 

The New York Times газетасининг ёзишича, Бразилия ҳукумати кўп йиллар давомида Амазонка ўрмонларини ҳимоя қилаётган мамлакат имижига эга бўлган. Атроф-муҳит муҳофазаси билан шуғулланувчи ташкилотлар бюджети оширилган, қўриқланувчи табиат ҳудудларидан хўжалик мақсадларида фойдаланганлик учун кўпсонли жарималар киритилган. Аммо 2014 йилдан сўнг Бразилия узоқ давом этувчи иқтисодий инқироз остида қолди ва сайловолди кампаниясида Болсонару иқтисодиётни жонлантиришга ваъда берди – хусусан ўрмонлар эгаллаган ерларан фойдаланиш ҳисобига. 2019 йил январдан, у президентлик лавозимига киришганидан буён ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39 фоизга кўп ҳудуд ўрмонлардан тозаланди.

Июлда Бразилиянинг космик тадқиқотлар миллий институти сунъий йўлдош орқали олинган суратларга асосланиб ёнғинлар майдони 88 фоизга кенгайганини маълум қилди. Шундан сўнг Болсонару «Бразилияга қарши кампания» учун ахборотдан фойдаланганликда айблаб институт директорини бўшатиб юборди.

Ўтган ҳафтада Бразилия президенти ёнғинларда унинг саъй-ҳаракатлари туфайли ишсиз қолган ва энди уни ағдаришга уринаётган нотижорат ташкилотлари айбдор бўлишлари мумкинлигини маълум қилди. Шу билан бирга Болсонару қўлида исботи йўқлигини айтиб ўтди.

Ўз навбатида, Aljazeera Бразилиянинг Folha do Progresso нашрига таяниб хабар қилишича, Пара штатидаги фермерлар 10 августда «олов куни»ни уюштиришганидан сўнг ёнғин майдонлари кескин кенгайган. Айтилишича, уларнинг мақсади Болсонаруга «ишга тайёр» эканликларини кўрсатиш бўлган.

Фото: dpa

Ўтган ҳафтада Бразилиядаги ёнғинлар халқаро можарога сабаб бўлди. 22 август куни Франция президенти Эммануэль Макрон «бизнинг умумий уйимиз ёняпти» деди ва «Катта еттилик» аъзоларини мазкур вазиятни муҳокама қилишга чақирди. Болсонару бунга жавобан Франция президентини «мустамлакачиларча фикрлашда» айблади. Болсонару ёнғинларни бартараф қилиш учун мамлакатида етарли ресурс йўқлигини билдирди ҳамда «Бразилияга пул ажратаётган давлатлар буни саховат юзасидан эмас, балки унинг ишларига аралашиш учун қилишаётганини» айтди.

Болсонару ўрмонларнинг йўқотилишига қарши кескин чораларга қайтадими-йўқми, номаълум. Бу унинг сайловолди ваъдаларига тўғри келмайди. Бундан ташқари, бу Бразилиянинг тезда даромад олишдан маҳрум қилади. Ҳозирги ўрмон ёнғинлари Хитой ва АҚШ ўртасидаги савдо урушининг билвосита оқибатидир. Хитой Америкадан соя олишни тўхтатди ва бразилиялик етказиб берувчиларга юзланди. Хитойнинг талабини қондириш учун ишлаб чиқарувчиларга янги плантациялар керак. Ҳозирда илгари саванна ўрмонлари бўлган ерлар плантацияга айлантирилмоқда, аммо яқин келажакда фермерлар тропик ҳудудлардан ҳам фойдаланишни бошлаб юборишлари мумкин. У ҳолда ўрмонларни тиклашнинг имкони қолмайди.

Мавзуга оид