Жаҳон | 08:55 / 29.08.2019
21462
2 дақиқада ўқилади

Америкалик аёл телебошловчи тезлик рекордини ўрнатиш вақтида ҳалок бўлди

Фото: Zuma Press/TNS

Пойгачи ва “Афсоналарни вайрон қилувчилар” (MythBusters) кўрсатуви бошловчиси 36 ёшли Жесси Комбз  реактив автомобилда тезлик рекордини ўрнатишга уриниш вақтида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Autoblog сайти хабар берди. 

Автоҳалокат Орегон штатидаги Алворда чўлида юз берган. Маҳаллий шериф идорасида хабар қилинишича, фожиа 27 августда Комбс реактив автомобил рулида соатига 996 км тезликка эришмоқчи бўлганда содир бўлган. Аёл бошловчи оғир жароҳатлар олгач, ҳаётдан кўз юмган.

Бошловчининг оиласи баёнотида таъкидланишича, у 1976 йилда аёл каскадёрчи ва пойгачи Китти О'Нил томонидан қуруқликда ҳаракатланиш бўйича аёллар ўртасида ўрнатилган тезлик рекордини янгиламоқчи бўлган. Ўшанда О'Нил уч ғилдиракли реактив автомобилда 843 км/соат тезликка эриша олган.

Кўрсатув вакиллари Комбснинг оиласига ҳамдардлик билдиришган. Айни вақтда фожиа тафсилотларини ўрнатиш учун тергов олиб борилмоқда.

Комбс “4 та ғилдиракдаги энг тезюрар аёл” деган ном ҳам олган. 2013 йилда у соатига 632 км тезликка эришиб, аёллар ўртасида бу борада тезлик рекордига эришган. Комбс янги рекордини 2016 йилда 769 км/соат тезликка эришиб ўрнатган. 

Марҳума All Girls Garage, Extreme 4x4 телекўрсатувларида ҳам ишлаган. Шунингдек, у маълум вақт MythBusters кўрсатувини олиб борган. 

Бир неча ой олдин Комбс Instagram’даги саҳифасида ўзининг рекордларини ўрнатган болид Eagle Supersonic Speed Challenger видеосини жойлаштирган. Болид F-104 қирувчи самолёти негизида яратилган бўлиб, 52 минг от кучига ва 5 тонна оғирликка эга.

 

Мавзуга оид