Ўзбекистон | 11:38 / 30.08.2019
4937
5 дақиқада ўқилади

Сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш бўйича йўриқнома лойиҳаси эълон қилинди 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Марказий сайлов комиссиясининг Округ ва участка сайлов комиссиялари таркибини шакллантириш бўйича йўриқнома лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 21, 23 ва 25-моддаларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сайлов комиссиялари, жамоат бирлашмалари, корхона, муассаса ва ташкилотлар учун округ ва участка сайлов комиссияларини шакллантиришда тавсиявий характерга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганда комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва 6-8 нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенесининг, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда Марказий сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияси тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан сайловга камида етмиш кун қолганида комиссия раиси, раис ўринбосари, котиби ва 6-8 нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади.

Халқ депутатлари вилоят кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг тавсиясига биноан тасдиқланади.            
     
Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг аъзолари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига биноан тасдиқланади.

Участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганида 5-19 нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Агар комиссия етти нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади. Зарур бўлган ҳолларда, участка сайлов комиссиясининг сон таркиби округ сайлов комиссияси томонидан ўзгартирилиши мумкин.

Участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, бу номзодлар Халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашларининг мажлисларида муҳокама қилинади ҳамда тегишли округ сайлов комиссиясига тасдиқлаш учун тавсия этилади.

Йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Бошқа сайлов комиссияларининг аъзолари, сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.       
     
Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас. Участка сайлов комиссияси аъзоларининг қолган ярмини шакллантиришда қуйидаги заҳиралардан фойдаланиш тавсия этилади:

сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар;

туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида рўйхатга олинган ишсиз фуқаролар;

нодавлат нотижорат ташкилотлари (Хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари, Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Ёшлар иттифоқи, Ногиронлар жамияти, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва бошқалар) вакиллари;

ҳуқуқий билим ва малакага эга шахслар (юрисконсультлар, адвокатлар, ҳ.к.);

хорижий тилларни биладиган мутахассислар.

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати компьютер дастурлари билан ишлаш учун ҳар бир округ ва участка сайлов комиссияси таркибида ахборот коммуникация технологиялари соҳаларида билим ва амалий кўникмага эга камида икки нафар шахс (асосий ва захира) бўлиши тавсия этилади.

Сайлов комиссиялари таркибида, шу жумладан раҳбарлик лавозимларида, эркак ва аёлларнинг тенг вакиллигини таъминлашга эътибор қаратилади.

Мавзуга оид