Жамият | 15:33 / 01.09.2019
28507
6 дақиқада ўқилади

«Марҳаматга марҳамат». Раҳбарлар нега бу тумандаги ҳолатга жиддий қарамайди?

 Мурожаатлар ортидан йўлимиз Андижон вилоятининг Марҳамат туманига бўлди.

 Тумандаги «Дукчи эшон» МФЙ, Исломобод кўчасида яшовчи фуқаролар мавжуд муаммоларни ўз арзномаларида қуйидаги баён этишган.

 «Шу йил қишида сайтингиз орқали кўчаларимизнинг ёмон аҳволдалиги ҳақидаги суратлар берилганидан сўнг аҳвол ўзгарса керак, деб ўйлаган эдик.

Марҳамат шаҳридаги камчиликлар баён этилган мақоладан сўнг мана олти ой ўтса-да ҳолатимиз ижобий томонга ўзгармади. Маҳалламиз кўчасида ўша-ўша ҳолат. Йўлларимиз лой, ўйдим-чуқур ҳолича турибди. Аҳоли тўпланиб маҳалла фуқаролар йиғинига, туман ҳокимлигига мурожаат билан чиқишди. Натижа бўлмади. Масъул ташкилотлар келиб муаммони ўрганиб чиқмади.

Ёғингарчиликлар бўладиган куз фасли ҳам келди. Яна болаларимиз мактаб ва боғчага шу лой кўчадан қатнашади. Фарзандларимизни уйда чиройли кийинтириб, ювиб, тараб мактаб, боғча, олийгоҳга жўнатамиз, улар маҳалладан чиқиб боргунича оёқ кийимлари лой, жиққа ҳўл бўлиб кетади. Фарзандларимиз келажаги учун мазкур масалани ўрганиб, ёрдам беришингизни сўрар эдик. «Дукчи эшон» МФЙ, Исломобод кўчаси фуқаролари».

 Марҳаматдамиз..

Дарҳақиқат, шу йилнинг февраль ойида сайтимизда Марҳамат тумани марказидаги кўчаларнинг аянчли ҳолати, йўлакка қурилган бекат, туман ҳокимлиги пештоқидаги имло хатолар ҳақидаги мақола эълон қилинганди.

 Танқидий мақола эълон қилингач, туман ҳокимлиги нобоп кўчаларга шағал ётқизилгани, ҳокимият биноси пештоқидаги ёзувдаги мавжуд хатолар тўғрилангани ҳақида ахборот берганди.

 Ўша мақолада «Дукчи эшон» МФЙ, Исломобод кўчаси тилга олинмаган бўлса-да, ўша кўчанинг абгор ҳолати фотосурат шаклида берилганди.

 Орадан икки ой ўтиб туман марказидаги Мустақиллик кўчаси тротуари устида савдо дўкони шаклида қурилган бекат ҳам бузиб ташланган эди.  

 Арзнома келган Исломобод кўчасига борганимиздан сўнг хонадонлардан одамлар чиқиб тўплана бошлади.

Нуронийлар ҳасрати: «Эллик йилдан бери йўл расво, симёғочлар чириб кетган, газ баллон таъминоти, ичимлик суви катта муаммо»

Аҳоли вакилларидан бири Абдуҳошим ота Мамасидиқов кўчадан 5-умумтаълим мактабига қатнаётган маҳалла аҳли фарзандлари жуда қийналаётгани, куз-қиш ва баҳорда кўчада юриб бўлмаслигини айтиб арзи-ҳол қилди.

«Мақола чиққанидан сўнг, «кўчамиз асфальт бўлармикин? », деб мутасаддиларни роса кутдик. Аёлларимиз ҳокимлик идорасига кўп марта чиқишди. Атрофимиздаги кўчалар асфальтланди. Бизга ҳам навбат келса, давлатга қийин бўлмасин деб ҳар бир хонадондан 100 минг сўмдан пул йиғиб шағал ётқиздик. Мана яна куз келяпти. Шағал яна тупроқ билан аралашиб кетади», дейди мурожаатчилардан бири.

Фотима хола Ҳамроқулова ва бошқа аёллар эса кўчадаги электр симёғочлари 50 йилдан бери алмаштирилмагани, симёғочлар чириб хавфли ҳолга келиб қолгани, узлуксиз ичимлик суви таъминоти йўлга қўйилмаганини айтишди.

Ичимлик суви тармоғининг катта қисми давлат томонидан тортилган бўлса, кўчанинг ярмига маҳаллани ўзи ҳаракат қилиб тортиб келибди. Ичимлик суви узлуксиз бўлмаса ҳам МИБ томонидан «сув пули» бетўхтов йиғиб келинаётгани ҳам муаммога айланибди.

Яна бир энг катта муаммолардан бири суюлтирилган газ баллонларини тўлдириш масаласи экан. Аёллар, «уч ойлаб газ баллонларини олиб кетишмайди. Тинмай қўнғироқ қилиб, охири газ идорасига чиқамиз сўнг зўрға келиб олиб кетишади», дея ўз дардларини билдиришди.

Бу орада маҳалла раиси Абдумухтор Давлатов ҳам келди.

«Газ баллонларини тўлдириш муаммоси борлиги тўғри. «Тумангаз»га борсак, бошлиқлари «Вилоятдан лимит кам», деган жавобни айтишади», дейди оқсоқол.

Мутасадди кўчанинг барча муаммолари дастур асосида 2021 йилгача ҳал этилишини қўшимча қилди.

Маҳаллага мутасаддилар ҳеч келганми?

Бир қарасангиз, маҳалладаги муаммолар одатийдек. Жойларда йўл, электр, газ ва ичимлик суви масалалари жуда кўплиги ҳаммага аён. Бироқ, камчилик катта-кичик, долзарб ёки номуҳимга ажратилмайди. «Дукчи эшон»да аҳоли норозилигининг энг катта сабаби, мутасаддилар қадами бу ергача етиб келмаганида бўлса керак.

Аҳоли вакилларининг айтишларича, ўтган йиллар давомида туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари маҳаллага келиб бирор марта уларнинг дардини тингламаган. Фуқаролар ҳокимиятга ҳар гал боришганида ҳоким ҳузурига кира олмай қайтишганини айтишди.

Туман ҳокими Шуҳратбек Қамчиев билан боғланганимизда ҳам бунга яна бир бор амин бўлдик. Унинг «Биз бу кўчани шағаллаштирганмиз», деган гапи маҳалла аҳли гапи билан тўғри келмади. Биз ҳокимга аҳоли кайфияти яхши эмаслиги, имкон бўлса сектор раҳбарлари билан ҳудудга келиб сайёр қабул ўтказишини сўрадик.

Мутасаддилар тез-тез келиб, аҳоли билан суҳбат ўтказиб турганида маҳалланинг муаммолари бу даражада кўпайиб кетмаган бўлар эди.

Мақоламиз сўнгида, халқимиз ижобий ўзгаришларни келажакда эмас, балки бугун ҳис этиши давр талаби эканлигини яна бир бор таъкидлаб қоламиз.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов

Мавзуга оид