Ўзбекистон | 08:53 / 01.09.2019
13424
4 дақиқада ўқилади

«Олимлар ўз ишланмаларини бозор талабларига мослаштиролмаяпти» – Эксперт билан суҳбат

Жаҳон илм-фани ёруғлик тезлигида илғорлашиб кетяпти. Олимлар ўртасидаги мислсиз пойга натижасида яратилган технология инсоният ҳаётини буткул ўзгартирмоқда. Жадаллик билан кетаётган тенденцияни тушунган мамлакатлар илм-фанни юқори чўққига олиб чиқиш учун бор куч ва ресурсларни сарфлашаётгани ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистон ҳам ушбу оқимга қўшилиб, муносиб ўринни эгаллашга ҳаракат қиляпти. Яқин йиллардаги ислоҳотлар «шамол»и бу соҳага ҳам имкониятларни тақдим этди. Энг катта муаммо – маблағ борасидаги тақчиллик масаласи бироз бўлса-да «юмшади». Хўш, энди ўзбек олимларининг назарий билимларини амалиётда кўра олишга муваффақ бўламизми? Ўзбек илм-фанида яна қанақа ечилиши лозим бўлган масалалар бор? Олимлар хорижлик ҳамкасбларига етиб олишлари учун нималарга эътибор қилишлари лозим?

Инновацион ривожланиш вазирлиги фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Отажонов ўзбек илм-фани олдида турган муаммолар ва яратилаётган шароитлар ҳақида фикр билдирди.

«Ҳозирда республикада 40 мингга яқин ходимлар илмий-тадқиқот олиб боради. Улар асосан кимё, биология, физика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика бўйича фаолият кўрсатишади. Халқаро миқёсда физикларимиз қўлга киритган ютуқлари алоҳида эътироф этилади. 2016 йилгача илм-фан тадқиқотлари давлат грантлари ҳисобига молиялаштириларди. ЯИМнинг 0,18 фоизи соҳага йўналтирилган. 2020 йилга бориб бу кўрсаткични 0,8 фоизга кўтариш кўзда тутилган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, илм-фанни ёшартириш керак», дейди у.

Ҳозир олимларнинг ўртача ёши 57 ёшдан ортиқ ташкил этяпти.

«Агар ёшларга кенг имкониятлар берилмас экан, 5-6 йилдан кейин илм-фанда кадрлар билан боғлиқ катта муаммо юзага келиши мумкин. 12 минг 98 нафар магистр, 3 минг 391 нафар бакалавр илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига жалб қилинган. Улар кончилик, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш жабҳаларида илм-фанни ривожлантиришяпти», дея қўшимча қилди Отажонов.

Эксперт, шунингдек, Ўзбекистон илм-фани олдидаги турган қатор муаммоларни санаб ўтди.

·       жиддий асосларсиз илмий ишнинг раҳбар томонидан кечиктирилиши. Бунинг асосий сабабчиларидан бири, юқорида таъкидлаганимдек, ёш билан боғлиқ масала;

·       олимлар ўз ишланмаларини бозор талабларига жавоб берадиган даражага олиб чиқолмаяпти. Уларга маркетинг, менежмент билимлари етишмаяпти. Биз шу пайтгача илм-фанда йиғилган муаммоларни маблағ билан боғлардик. 2017 йилдан кейин соҳага улкан молиявий кўмак берилди. Лекин шунга яраша кутилган натижаларни ололмадик. Маълум бўлдики, асосий масала олимларнинг салоҳиятида. Уларда ўз ишланмаларини тегишли тармоққа жорий этиш, бозорини топишда бўлган тажриба камлик қиляпти;

·       аксарият илмий-тадқиқот муассасалари лаборатория базаси эскирган. Илмий салоҳиятимизнинг муҳим индикаторларидан бири юқори нуфузга эга бўлган журналларда чоп этилган мақолалар сони. Агар эскирган асбоб-ускунада олиб борилган тадқиқот бўйича мақолани хорижий илмий нашрларга берсангиз, у ердан шундай мазмундаги тақриз келади: «Сиз амалга оширган тадқиқотингиз натижасига ишонмаймиз, чунки сиз эскирган жиҳоздан фойдалангансиз».

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди
Тасвирчи: Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид