Алақўйлиқликлар «Обод қишлоқ» бўйича олиб борилган ишлардан норози: Китоб ҳокимлиги барча ишларни қоғозда бажарганми?
Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармони билан мамлакатимиздаги ҳар бир туманда (шаҳар) иккитадан, 2019 йилдан эса учтадан қишлоқда (маҳалла) дастур доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилиши белгиланган.
Мазкур фармон асосида чекка ва олис қишлоқлар аҳолиси турмуш тарзи, ижтимоий шарт-шароитларини яхшилаш, мавжуд инфратузилма, коммуникация тармоқларини замон талабларига мослаштириш, маиший хизмат кўрсатиш сифатини тубдан ошириш, қишлоқлар қиёфасини ўзгартириш, пировардида, одамлар турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган катта ишлар бошланган эди.
Хўш, белгиланган тадбирлар қандай амалга ошириляпти? Ишлар сифатли бажариляптими ёки муаммолар борми?
Тан олиб айтиш керакки, «Обод қишлоқ» дастури асосида олиб борилаётган ишларни барча ҳудудларда бирдек олиб бориляпти, деб бўлмайди. Белгиланган чора-тадбирлар якунига етмай қолаётгани, бир қатор муаммолар мавжудлиги, бу эса аҳолининг турли эътирозларига сабаб бўлиши ҳолатлари учрамоқда.
Kun.uz таҳририятига шу мазмундаги навбатдаги мурожаат Қашқадарё вилояти, Китоб туманидаги «Алақўйлиқ» маҳалласи аҳолисидан келди.
Ушбу мурожаатни жойида ўрганиб, маҳалла аҳолисининг эътирозларини тингладик.
«Маҳалламиз «Обод қишлоқ» дастурига тушганини эшитиб жуда хурсанд бўлдик. Афсуски, бугунги кунда маҳалламизда аҳвол яхшиланмаётгани, мавжуд муаммолар ҳал қилинмаётганлиги бу қувончимизни йўққа чиқарди. Йўлларнинг маълум қисми таъмирланган бўлса-да, ички йўллар таъмирталаб ҳолича қолмоқда. Ёғингарчилик вақти бу ички йўллар лой бўлганидан юриб бўлмайди. Симёғочлар бир аҳволда, ўзимиз ўрнатганмиз. Ўзимиз электр симларини ўтказганмиз. Ичимлик сувида ҳам кўплаб муаммолар мавжуд. Бу муаммолар ҳал қилинмаса, қишлоқ аҳли бирор ижобий ўзгаришни ҳис қилмаса, «Обод қишлоқ» дастуридаги лойиҳалар фақат қоғозда қолиб кетса, бундан аҳолига нима наф?», — дейди биз билан суҳбатда маҳалла аҳолиси.
Фуқароларнинг эътирозлари асосида «Алақўйлиқ» маҳалласи ҳудудини кўздан кечирдик. Маълум бўлишича, ушбу маҳалла жорий йилда «Обод қишлоқ» дастурига киритилган. Аммо ўтган вақт ичида амалга оширилган ишларни ҳақиқатан ҳам қониқарли деб бўлмайди.
Хусусан, маҳалла ҳудудидаги «Алақўйлиқ» қишлоғидаги ҳолатлар ачинарли. Ички йўллар етарлича таъмирланмаган. Айниқса, симёғочларнинг ҳолатига «маймунлар йиғлайди». Сабаби, ушбу симёғочларни (агар симёғоч дейиш мумкин бўлса) кичик-кичик ёғочлардан фуқароларнинг ўзи ўрнатган. Ҳаттоки, электр симларини ҳам ўзлари ўтказган. Бу эса хавфли кўриниш олган.
Бундан ташқари, электр таъминотидаги доимий узилишлар мазкур қишлоқ аҳолисини жуда чарчатган. Электр энергияси бўлганда чироқлар помидор ранги кўринишида бўлар экан. Бу эса фарзандларини дарс тайёрлаши ва аҳолининг ўзи учун ҳам қатор ноқулайликларни туғдираркан.
Ўрганишимиз давомида маҳалладаги асосий йўлларнинг бир қисми таъмирланганлигига гувоҳ бўлдик. Аммо асосий йўлнинг бир қисми ўз таъмирталаб ҳолда қолиб кетган, бир қисмидаги чуқурлар сифатсиз ҳолда ямаб кетилган. Умуман олганда, «Обод қишлоқ» дастуридаги лойиҳалар жорий йилда шунча вақт ўтган бўлса-да, кўзга ташланмайди.
Мазкур ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Китоб тумани ҳокимлигида бўлдик. Туман ҳокимлиги «Алақўйлиқ» маҳалласида дастур асосида олиб борилган ишлар ҳақида маълумот тақдим этди.
«Дастурга мувофиқ молиялаштириш борасида жами манбалар ҳисобидан 10,133 млрд сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган бўлиб, ҳисобот даврида 3,8 млрд.сўм маблағ қурилиш-таъмирлаш ишлари учун сарф этилди.
Аҳоли уй-жойларини таъмирлаш борасида 331 та якка тартибдаги уй-жойларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари талаб этилиб, бунда 1997,0 млн сўм сарфланниши белгиланган.
Бугунги кунда, 189 та хонадонда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, 1190,0 млн сўм маблағ сарфланган.
Ичимлик суви таъминотини яхшилаш, иншоот ва тармоқларни барпо этиш, реконструкция қилиш, жорий ва мукаммал таъмирлаш учун жами 467,0 млн.сўм маблағ ўзлаштириш ҳисобига 7 км ичимлик суви тармоғини ва 1 та сув иншоотларини яхшилаш мўлжалланган. Ҳозирда лойиҳа смета ишлари олиб борилмоқда.
Электр таъминотини яхшилаш мақсадида, маҳаллаларда 37 км электр тармоқлари, 331 дона таянч устунлар ўрнатиш ҳамда 5 дона трансформаторларни янгилаш ва таъмирлаш режалаштирилган. Ушбу тадбирлар учун 860,0 млн сўм маблағ сарфи кўзда тутилган.
Бугунги кунда, 17,1 км электр тармоқлари, 30 дона таянч устунлар ўрнатилган ҳамда 1 дона трансформаторлар янгиланган, 12 та трансформатор мукаммал таъмирдан чиқарилган бўлиб 332,0 млн сўм маблағ сарфланган.
Табиий газ ва суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида аҳолига 91 дона суюлтирилган газ баллони етказиб бериш режалаштирилган. Бунинг учун 33,5 млн. сўмлик маблағ сарфи режалаштирилган.
Ҳозирда 87 дона суюлтирилган газ баллонлари аҳолига етказиб берилган. Ушбу тадбирлар учун 32,0 млн сўм пул маблағлари сарфланган.
Автомобиль йўлларини таъмирлаш борасида 7 км йўлларни яхшилаш бўйича жами 1260,7 млн. сўм маблағ эвазига жорий таъмирдан чиқариш режалаштирилган. Лойиҳа смета ишлари тайёрланди. Кўча йўлаклари ва кўча чироқлари ўрнатилгандан сўнг якунида кўчалар асфальтлаштирилади.
Ижтимоий инфратузилма объектлари қуриш борасида 2 та (мактаб 1 та, нодавлат МТМ 1 та) объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирдан чиқариш учун 1320,0 млн сўм йўналтирилиши режалаштирган.
Бугунги кунда, 615,0 млн сўм молиялаштирилиб қурилиш таъмирлаш ишлари бошланган.
Бозор инфратузилма объектларини қуриш, хусусан, 7 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини янгидан барпо этиш ва 2890,0 млн сўм маблағ эвазига қўшимча 20 тадан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Ҳозирда 1270 млн. сўм маблағ ажратилиб, 7 та лойиҳада қурилиш монтаж ишлари амалга оширилмоқда.
Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш борасида 1 та янги бекатларни барпо этиш жорий таъмирлаш режалаштирилган ҳамда ушбу тадбирларни амалга ошириш учун 48,0 млн сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган.
Маҳалла ҳудудларини ободонлаштириш борасида 1 км пиёдалар йўлакларини таъмирлаш, 1 та чиқинди йиғиш пунктларини яхшилаш, 2,6 минг кв.м дарахтзор ва гулзорлар ташкил этиш ва бу тадбирлар учун 79,0 млн сўм маблағ сарфи кўзда тутилган.
Бундан ташқари, 20,0 млн. сўм маблағ эвазига 1 км ички ирригация тармоқларини яхшилаш ҳамда 156,3 млн сўм маблағ эвазига 65 дона кўча ёритиш устунлари ва лампаларини ўрнатиш, 1,8 км устунларга электр кабели тортиш ишлари режалаштирилган. Кўча чироқлари ўрнатиш учун ҳозирда устунлар ясалмоқда. Кўча чироқлари ўз вақтида ўрнатилади.
Ҳисобот даврида 0,8 км пиёдалар йўлакларини таъмирлаб, 2,3 минг кв.м дарахтзор ва гулзорлар ташкил этиш чора-тадбирлари амалга оширилган ва бу тадбирлар учун 49,3 млн сўм маблағ сарфланган.
Шу билан бирга, 8,7 млн сўм маблағ сарфланиб 0,4 км ирригация тармоқларини яхшиланган», — дейилади туман ҳокимлиги тақдим этган маълумотномада.
«Белгиланган», «қилинади», «кўзда тутилган» ва «режалаштирилган» каби умумий сўзларга бой бўлган ушбу маълумотномадаги ҳолат ва биз маҳаллада кўздан кечирган ҳақиқий аҳвол бир-бирига умуман тўғри келмайди. Агарда маълумотномада келтирилган режалар амалга ошганида бу маҳалла ҳозир ўзгача қиёфа касб этган бўларди.
Ҳали йил якунига етмади, дея важ келтириш мумкин. Аммо йилнинг тўққизинчи ойи ҳам ўтиб бормоқда. Ёғингарчилик кунлар эса яқин. Қолган ишлар қачон амалга оширилади?
Маҳалла аҳолисининг таъкидлашича, бу муаммолар юзасидан маҳалла раиси А.Хидировга бир неча маротаба мурожаат қилишган ва маҳалла раиси қўпол сўзлар билан уларни ҳайдаб юборган. Бундан ташқари, мурожаатчилар маҳалла раиси фуқаролар йиғинида қариндошчиликни йўлга қўйиб, яқинларини ишлатиб келаётгани ва унинг ишидан қониқишмаётганлигини билдиришди.
Ушбу эътирозлар асосида «Алақўйлиқ» маҳалласи раиси А.Хидиров билан суҳбатлашдик.
«Мурожаатчиларнинг «қўполлик қилади», деган шикоятлари ёлғон. «Обод қишлоқ» дастурига келсак, бу туман ҳокимлигига боғлиқ муаммо. Дастурдаги лойиҳаларни мен эмас, ҳокимлик амалга оширади. Бу ерда мени айбим нима? Олса — ишимни олади», — дейди биз билан маҳалла раиси А.Хидиров.
Маҳалла раиси билан суҳбатда фуқаролар йиғинида қариндоши ҳам ишлаётганини инкор этмади. Маълум бўлишича, унинг яқини бўлган Ж.Хидиров котиб бўлиб ишлайди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, маҳалла раиси халқ ва ҳокимлик ўртасида кўприк вазифасини бажариши лозим. Аҳоли муаммолар юзасидан дастлаб албатта, маҳалла раисига мурожаат қилади. Раис бу муаммоларни имконият даражасида ҳал қилиши, аҳолига тушунтириш бериши ва лозим бўлса туман ҳокимлигига бу ҳақида мурожаат қилиши зарур. «Туман ҳокимлиги қилади, мен эмас», — деб ўзини четга олиш ҳам тўғри эмас.
Китоб туманидаги «Алақўйлиқ» маҳалласида «Обод қишлоқ» дастури асосида амалга оширилаётган ишлар қониқарли эмаслиги ҳақида Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев билан суҳбатимизда ҳам билдириб ўтдик.
Вилоят ҳокими айрим ҳудудларда «Обод қишлоқ» дастури асосида камчиликлар борлигини инкор қилмаган ҳолда ҳудудларда бу борада ҳудудларда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Kun.uz сайти «Алақўйлиқ» маҳалласида «Обод қишлоқ» дастури асосида амалга оширилаётган лойиҳалар, сарфланаётган маблағлар тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилиши ва муаммога вилоят, туман ҳокимликлари жиддий эътибор қаратишига ишонч билдиради.
Бардошбек САМАД ўғли.
Мавзуга оид
22:36 / 20.12.2024
Қашқадарёда иситиш тизимидаги таъмирлашда салкам 1 млрд сўмни талон-торож қилган МЧЖ аниқланди
11:52 / 15.12.2024
Қашқадарёда ОТМ ҳовлисида унаштирилган қизини пичоқлаган йигитга ҳукм ўқилди
16:27 / 11.12.2024
Қарши давлат техника университети ташкил этилади
16:33 / 04.12.2024