Ўзбекистон | 16:33 / 04.09.2019
80800
2 дақиқада ўқилади

ДТМ «сохта абитуриент»лар қандай аниқланганини маълум қилиб, уларнинг суратини жойлаштирди

Фото: KUN.UZ

2019 йил 29 июль – 15 август кунлари кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакллари бўйича республика олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари адолатли, шаффоф ва белгиланган тартиб асосида ўтди, деб хабар бермоқда Давлат тест маркази.

Қайд этилишича, биргина бинога киришда замонавий техника воситалари ва усулларнинг қўлланилиши шаффофлик ва адолатни таъминлаш борасида кескин олдинга силжиш бўлди.

Аввалги йилларда қабул жараёнида абитуриент суратга тушар ва уни асл абитуриентнинг ўрнига «сохта абитуриент» расмга тушиши орқали сохталаштириш мумкин эди. Бу, ўз навбатида, амалдаги тартибнинг қўпол бузилишига олиб келар, ачинарлиси, бундай ҳолатларни аниқлаш мураккаблик туғдирар эди.

Жорий йилда ўтган йиллар тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, абитуриентларни рўйхатдан ўтказишда уларнинг паспорт маълумотлари ва расмлари Ички ишлар вазирлиги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг паспорт виза тизимидан олинди ва тест синовлари бўлиб ўтадиган бинога киришда видеофиксация қурилмалари орқали абитуриентларнинг шахси аниқланди. Видеофиксация қурилмалари орқали текширилганда мослик даражаси паст бўлган ҳолларда, бармоқ изларини текшириш воситалари ишлатилди. Бу усул сохталикларни аниқлашда анча қўл келди. Натижада бинога киришга ҳаракат қилган кўплаб «сохта абитуриент»лар аниқланди. Уларнинг барчаси белгиланган қонунчилик доирасида чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларига топширилди.

Давлат тест маркази айрим сохта абитуриентлар тўғрисидаги маълумотларни жойлаштирган.

Расмларда чап томонда абитуриентлар, ўнг томонда абитуриентнинг ўрнига тест синовларига киришга ҳаракат қилган шахслар суратлари келтирилган.

Мавзуга оид