Ўзбекистон | 14:17 / 04.09.2019
61666
8 дақиқада ўқилади

«Имомлар ўзи айтганига аввало ўзлари амал қилиши керак» - Тошкент шаҳар янги бош имом хатиби билан суҳбат

Шу йилнинг 25 август куни Тошкент шаҳрига янги бош имом-хатиб тайинланди.

Унга кўра, шу пайтга қадар Андижон вилоят бош имом хатиби сифатида ишлаб келган Нуриддин домла Холиқназаров ушбу вазифада иш бошлади.

Kun.uz янги режа ва мақсадлар ҳақида эшитиш, қайсидир маънода яқиндан танишиш мақсадида пойтахтнинг бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров билан суҳбат ташкил қилди.

Ассалому алайкум домла, аввало масъулиятли вазифа билан табриклаймиз ва омад тилаймиз.

- Домла, эндиликда катта бир ҳудудда иш бошлаяпсиз ва шахсий фикрингизни сўрамоқчиман, бугунги кунда жамият ҳаётида диннинг ўрни қай даражада деб ҳисоблайсиз?

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокотуҳ!

Ўзингиз айтиб ўтганингиздек, бир неча кун аввал мамлакатимиз пойтахти – Тошкент шаҳрига бош имом-хатиб қилиб тайинландим. Бу мен учун кутилмаган бир хабар бўлганини айтиб ўтмоқчиман. Муфтий ҳазратлари йиғилиш қилиб, эълон қилганларида буни ўзим ҳам ҳайрат ва ажабланиш билан қабул қилдим.

Лекин Аллоҳнинг марҳамати билан менга диний ходим ўлароқ Тошкент шаҳрида хизмат қилишлик бахти насиб этган экан, мен энг аввало Аллоҳдан мазкур хизматимда ўзи ёрдамчи бўлишини тилайман.

Бу албатта, жуда масъулиятли ва шарафли вазифа, унинг масъулиятини мен қалбан ҳис қилиб турибман.

Ислом дини ота-боболаримиздан, қон-қонимизга сингиб кетган Аллоҳнинг катта неъмати. Алҳамдулиллаҳ, ҳаммамиз асл фитрат ила мусулмон бўлиб дунёга келамиз, сўнг қулоқларимизга азон ва иқомат айтилади.

Ота-боболаримиз заминимизга Ислом дини кириб келгандан сўнг то ҳозирга қадар уни сақлаш учун кўп жонфидоликларни, истилоларни кўрди. Бу истилоларда диний уламоларимиз ҳам кўпгина қийинчиликларни кўришди. Жумладан, Собиқ иттифоқ замони, даҳрийлик даврида «Дин – афюндир» деган шиор билан катта йўқотишларни кўрдик.

Алҳамдулиллаҳ, мустақилликка эришганимиздан кейин Аллоҳ диний қадриятларимизни бизга катта неъмат қилиб берди.

Диннинг ўрни, ҳаётимиздаги аҳамияти шундаки, биз мўмин-мусулмон ўлароқ ҳар бир амал, ҳар бир ишимизда хоҳлаймизми-йўқми динга мурожаат қиламиз, дин орқали тарбияланамиз. Фақат бир нарсани тушуниш керакки, динга амал қилишда, аввало унинг моҳиятини ўрганиб олишимиз керак.

Дин ўзи нима? Нима учун Аллоҳ таоло бизга динни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди?

Аввало, буларнинг сабабини билиб олишимиз керак.

Биринчи навбатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламни бутун оламларга раҳмат ўлароқ келганлигини унутмаслигимиз керак. Аллоҳ таоло Қуръонда «Биз сизни оламларга раҳмат қилиб юбордик», дея марҳамат қилган.

Пайғамбаримиз ҳам айтадиларки, «Мен бутун ахлоқларни бутун гўзалликка етказишлик учун юборилганман».

Динимиз мана шундай одоб, ахлоқ ва тақво устига қурилган диндир. Шунинг учун, барчамиз, аввало, динимизнинг моҳиятини тўла англашимиз керак. Кимки мусулмон ўлароқ динининг аҳамияти ва мазмунини тўғри англар экан, у инсондан ҳеч ёмонлик чиқмайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз тилидан айтилган, ҳаммамизга машҳур ҳадис бор: «Чин мусулмон шундай кишики, бошқаларга унинг тилидан ҳам, қўлидан ҳам озор етмасин».

Дин бизнинг онг ва шууримизга ана шу одоб ва тушунчада кириб бориши керак.

- Диннинг аҳамияти ҳақида гапирдик, айтинг-чи, бугун биз муқаддас динимиз Исломга қанчалик амал қиляпмиз? Бу борада ютуқ ва камчиликларимиз нимадан иборат?

- Алҳамдулиллаҳ, бугун динимизга эътиқод қилиш, диний ибодатлар учун ҳамма шароитлар яратилган.

Динимизнинг асл моҳияти бу – илм. Илм ва ақидасиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодимизда инсон ўз ақидасини тўғри тушуниши, бунга эса илм билан кириб бориши кераклиги биринчи навбатдаги вазифалардан қилиб белгилаб қўйилган.

Бизнинг қилаётган ибодатларимиздан кўзланган энг олий мақсад эса бандачилик, яъни, Аллоҳнинг олдида ўзини банда билиш каби хислатларни кўпайтиришимиз керак.

Кишилар динимизда фақат ҳаракатлар устига ўтириб олиши керак эмас. Масалан, намоз ўқиш, рўза тутиш булар ҳаммаси одатларнинг гултожи, лекин дин бу фақат шу одатларнинг ўзидан иборат тушунча эмас.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда буюрган буйруқ нима бўлди? – «Аллоҳга ибодат қилинг, унга ҳеч кимни шерик қилманг!». Аллоҳ таоло ибодатда Аллоҳдан бошқасини шерик қилманг, дея буйруқ бериб, орқасидан «Ва ота онангизга яхшилик қилинг!», дейди.

Қаранг, бошқа ҳеч қандай буйруқ бермаяпти Аллоҳ таоло. Ибодатдан кейинги энг биринчи топшириқ бу – ота-онага яхшилик қилиш.

Демак, мўмин-мусулмон кишининг ибодатдан ташқари иши яхшилик қилиш.

Ибодат амалида бир нарсага эътибор беришимиз керак, асрлардан бери бизлар, алҳамдулиллаҳ, Аҳли сунна вал-жамоаданмиз, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи мазҳабида, Мотрудия ақидасидамиз. Мана шу мазҳабдаги амалларимиз ҳаммаси гўзал ва энг мўътадил. Аммо сўнгги вақтларда ёшларимизнинг ибодатларида бошқа мазҳабларга, бошқа юртдаги одатлар ёки бемазҳабларга тақлидини кўриб қолмоқдамиз. 

Булар эса бизни хавотирга солмоқда. Аслида биз қадимдан Ҳанафий мазҳабига амал қилиб келганмиз ва шунинг учун ҳам кишилар орасида келишмовчиликлар кузатилмаган. Ёшларимизнинг ибодат жараёнидаги кўплаб тақлидларини энг хатарли иш деган бўлардим. Ёшлар ўз мазҳабига садоқатли бўлиши, биз буни ўргатишимиз керак.

- Диннинг жамиятдаги ўрни ҳақида гапирдик. Энди мана шу динимизнинг қонун қоидалари, амалларини мўмин-мусулмонларга етказиб берувчи имомлар ҳақида гаплашсак. Хўш, имомларимизнинг бугун жамиятда ўрни қандай, улар оилаларда диний тарбияни мустаҳкамлаш борасида ўз вазифаларини адо эта оляптиларми?

Албатта, шахсан ўзим ҳам шу қатордаги киши сифатида имомлар ҳақида бирор салбий фикрни эшитсам қалбим титрайди. Имоматчилик бу жуда оғир, масъулиятли ва шарафли вазифа. Арабларда бир мақол бор: «Имамуна - амамуна» яъни, имомларимиз бизнинг пешволаримиз. Имом ҳар бир нарсада пешво бўлиши керак. У ўзининг гап-сўзи, юриш-туришида ва биринчи навбатда оиласида намунали бўлиши керак. Одамларга камтарлик, тавозени тарғиб қилаётган имом дастлаб ўзи камтар бўлмоғи керак.

Қадимдан бир ҳикоя келтирилади, мазҳаббошимиз имоми Аъзамнинг олдиларига бир киши келиб фарзандининг кўп асал еяётганидан шикоят қилади, бир насиҳат қилиб қўйинг, дея илтимос қилади. Ҳолбуки, ўша асал шикоят қилиб келган кишининг боласига зиён келтиради, касали бор экан.

Мазҳаббошимиз майли, кейин насиҳат қиламан, дея бир кунни белгилайдилар.

Орадан бир муддат ўтгач ўша болага сен шу асални емагин, соғлигингга зарар келади, деган маънода насиҳат қиладилар. Шунда ҳалиги ёш бола ўша кундан асал ейишни тўхтатади. Ота-она ҳайрон бўлиб, ҳазрат, нега шуни аввалги келганимизда айтмадингиз, деса, имоми Аъзам мен ҳам асални кўп ер эдим, сен айтганингдан кейин мен ўзимни шу нарсадан тийдим-да, кейин болангга айтдим, шунда менинг сўзларим болангга таъсир қилди, деган экан.

Ҳозирги имомларимиз аввалги имомлардан фарқли. Имомлар ўз қавми, одамлар учун масъуллигини, вазифалилигини унутмасликлари керак.

Тошкент шаҳрининг бош имом-хатиби суҳбат давомида шунингдек, масжидларда ўқилаётган мавъизалар, уларда сийрат қолиб кўпроқ суратга эътибор қаратилаётгани, янги вазифага киришгандан кейинги режа ва мақсадлари ҳақида фикрларини билдирди.

Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид