Самарқандда бир оиланинг 5 нафар аъзосини ўлдирган шахслар устидан суд бошланди
Бугун, 4 сентябрь куни, жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди биносида судланувчилар Ғолиб Ташанов (1981 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз), Жаҳонгир Усмонов (1993 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз), Шамшиддин Эсонбоев (1995 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз) ва Хабибулло Нурманов (1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланган, вақтинча ишсиз)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати раҳбари вазифасини бажарувчи Азиз Обидовнинг хабар беришича, мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Икром Муслимов раислигида ҳамда судьялар О. Арабов ва Э. Эргашевдан иборат суд таркибида кўрилмоқда.
Тергов якунига кўра, судланувчилар 2019 йил 14 майдан 15 май кунига ўтар кечаси Самарқанд вилояти Иштихон тумани “Чимқўрғон” МФЙ “Чимқўрғон” қишлоғида яшаб келган А.Х.нинг уйига ғайриқонуний равишда киришиб, ҳужум қилиб А.Х.ни, унинг турмуш ўртоғи З.Х.ни, фарзандлари Ж.И., вояга етмаган А.И. ва О.И.ни қасддан ўлдиришган ҳамда 22 млн. сўм, 100 АҚШ доллари ва 600 минг сўмлик “Samsung” русумли уяли алоқа телефонини босқинчилик йўли билан талон-торож қилишган. Шундан сўнг, судланувчилар содир этган жиноятларини яшириш мақсадида А.Х. ва унинг оила аъзоларининг мурдаларини кўрпаларга ўрашиб, уй ҳовлисида турган “Дамас” русумли автомашинага жойлаштириб Қўшработ туманидаги “Олтин майдон” фермер хўжалиги ҳудудидаги адирга автомашинани бошқариб боришиб, ташлаб кетишган.
Бундан ташқари, Ғ. Ташанов 2018 йилнинг баҳорида ўзи истиқомат қилиб келган уйнинг томорқасида ўсиб чиққан тақиқланган “кўкнор” ўсимлигини қонунга хилоф равишда етиштириб, 2018 йил ноябрь ойида қуруқ ҳолдаги умумий соф вазни 49,94 грамм бўлган “кўкнор” гиёҳвандлик воситасини Ж. Усмоновга қонунга хилоф равишда ўтказган бўлса, Ж. Усмонов ушбу гиёҳвандлик воситасини ўз уйида ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда сақлаб келган.
Судланувчилар:
Ғ. Ташанов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (босқинчилик), 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш), 270-моддаси (тақиқланган экинларни етиштириш) ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш)да;
Ж. Усмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (босқинчилик), 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) ва 276-моддаси (гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар)да;
Ш. Эсонбоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (босқинчилик) ва 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш)да;
Х. Нурманов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш), 164-моддаси (босқинчилик) ва 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.
Суд жараёни давом этмоқда.
Мавзуга оид
23:25 / 22.12.2024
Россияда сафар сумкаси ичидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди
18:43 / 20.12.2024
Google Maps фотосурати Испаниядаги қотилликни очишга ёрдам бериши мумкин
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024