Ўзбекистон | 18:41 / 06.09.2019
16095
7 дақиқада ўқилади

«Маҳаллий органлар бош режа ечимларидан четга чиқишмоқда» — Қурилиш вазири ўринбосари билан суҳбат

Ўзбекистон бугун улкан қурилиш майдонига айланган. Қурилиш соҳасида бўлаётган янгиликлар, соҳа олдига қўйилган вазифалар, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари ҳақида Қурилиш вазирининг ўринбосари Шуҳратхўжа Раҳматжонович Ҳошимов билан суҳбатлашдик.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

— Ўтган йили Президент фармони билан Ўзбекистон Республикаси Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси Қурилиш вазирлигига айлантирилганди. Вазирлик мақоми берилгач, ташкилот олдига қандай вазифалар қўйилганди?

— Қўмита вақтида штат бирлиги 81 кишидан иборат эди. Бу штат билан қўйилган вазифаларни ташкиллаштиришда айрим муаммолар юзага келарди. Вазирлик тузилгач, унинг ташкилий тузилмаси 112та штат бирлигидан иборат қилиб белгиланди. Вазирлик архитектура ва қурилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб боришга, инновацион ғояларни қамраб олган ва энергия самарадор лойиҳа ва лойиҳаявий ечимларни татбиқ қилиш, қурилиш соҳасидаги назоратни жойига қўйиш, ҳудудларни комплекс ривожлантиришда бош режаларни ишлаб чиқиш масалаларини ташкил қилиш, шу билан бир қаторда шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини ўз ўрнига қўйиш — умуман мана шу каби ишларни тизимли равишда бир йўналишга келтириш учун катта ҳуқуқий асос бўлди.

— Сиз қатор йиллар давлат лойиҳалаш идораларида раҳбарлик қилгансиз. Ўзбекистондаги вилоятлар ва туманлар марказларининг бош лойиҳалари қанчалик тайёрланган. Улар қачон тасдиқланади? Бу борада ишлар қандай аҳволда?

— Бугунги кунда республикамизда 1200та шаҳар ва шаҳарчалар мавжуд. Булардан 87 фоизининг бош режалари ишлаб чиқилган. Президентимизнинг 2018 йил 2 февралда қабул қилинган «2018–2022 йилларда аҳоли пунктларини бош режалар билан таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, шунингдек, шаҳарсозлик соҳасида мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3502-сонли қарорида 138та бош режани ишлаб чиқиш белгиланган, 2022 йилгача дастур қабул қилинган. Мана шу дастур асосида шаҳарларнинг бош режалари 2020 йил охиригача 100 фоиз якунланади.

Бош режалар ҳудудларнинг комплекс ривожланишини белгилаб берадиган ҳужжат. Унда ижтимоий-иқтисодий, инфратузилма объектларининг қурилиши ва бошқа жиҳатлар инобатга олиниши керак. Шунинг учун бу ҳужжат шошилмасдан, илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилиши керак.

Бош режа ишлаб чиқилганидан сўнг кейинги босқичда батафсил режалаштириш лойиҳаси яратилади. У ҳудудлардаги кенг жамоатчилик билан бамаслаҳат ишлаб чиқилади ва шундан сўнггина тасдиқланади.

— Қурилиш соҳасида ишловчи кадрлар борасида қандайдир етишмовчиликлар борми?

— Тасарруфимизда қурилиш соҳаси учун малакали кадрлар тайёрловчи иккита олийгоҳ — Тошкент архитектура-қурилиш институти ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти бор. Шу билан бир қаторда 14та касб-ҳунар коллежи фаолият кўрсатмоқда. Сифатли кадрлар тайёрлаш борасида олий таълим муассасаларида тизимли равишда иш олиб борилмоқда. Хорижий давлатлар билан алоқалар йўлга қўйилган.

Айни кундаги вазифаларимиздан бири кадрларнинг савиясини кўтариш, замонавий фикрлайдиган, маблағлар ишлатилиши самарадорлигини таъминлайдиган, энергия ресурслари тежамкорлигини таъминлайдиган кадрлар етиштиришдан иборат.

Шунингдек, қурилиш соҳасида фаолият юритаётган, пудратчи ташкилотлардаги ишчиларнинг малакасини ошириш масаласи ҳам бор. Эскидан «Ҳар бир шогирд албатта уста кўриши керак», деган нақл бор. У бетон қориш бўладими, ғишт териш бўладими. Шу сабабли йил охиригача касб-ҳунар коллежлари базасида қисқа муддатли курсларда икки мингдан ортиқ мутахассисларнинг малакасини ошириш вазифасини белгилаб олганмиз.

— Аҳоли сони мустақиллик йилларида 1,5 баробарга кўпайди. Ер ресурслари чекланган. Аҳолини турар жой билан таъминлаш масалаларида нега илғор хориж давлатларининг замонавий қурилиш услубларидан фойдаланилмаяпти, осмонўпар бинолар қурилмаяпти?

— Президент томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг асосий негизларидан бири ер ресурсларига жуда катта масъулият ва тежамкорлик нуқтаи назари билан қараб, улардан интенсив фойдаланиш белгиланган. Бугунги кунда вилоятларда 5-7 қаватли уй жойлар ва бошқа объектлар қурилмоқда. Вилоят марказларида 12–16 қаватли энергия тежамкор монолит уйларни қуриш ишлари бошлаб юборилган. Биз юқорига ўсаяпмиз. Ҳар бир ҳудуднинг муҳандислик-геологик хусусиятлари, сейсмик ҳолати, иқлим шароитларидан келиб чиқиб, лойиҳавий ечимлар қабул қилиниб, ҳар томонлама замонавий талабларга жавоб берадиган уй-жойлар қурилмоқда.

— БААда бўлганимизда қурилиш ишлари қандай олиб борилишига гувоҳ бўлдик. Аввал объект ҳудудига асфальт йўл ётқизилиб, бошқа коммуникация тармоқлари тортилиб, сўнгра қурилиш ишлари бошланар экан. Бизда қурилиш ишларини олиб бориш кетма-кетлиги борми, йўқ бўлса хорижнинг ижобий тажрибасидан фойдаланиш фурсати етмадими?

— Бу соҳада Америка очиш керак эмас. Тасдиқланган ҳужжатлар бор. Фақат ташкилотлар ва буюртмачилар томонидан жойларда қабул қилинган ҳужжатлар ва қоидалар ижросига риоя қилиш етарли даражада эмас. Ҳар бир объект қурилишидан аввал Қурилишни ташкил этиш лойиҳаси тузилади. Унда қурилиш муддатлари ва бошқа жиҳатлари белгилаб олинади. Ана шу ҳужжат асосида қурилиш бош режаси ишлаб чиқилади. Қурилиш бош режасида вақтинчалик йўл, вақтинчалик сув, энергия коммуникация тармоқлари, қурилиш кранининг ўрнатилиш нуқтаси ва юриш йўли, қурилиш материаллари қайси жойга тўпланиши, ишчи-хизматчиларнинг юриш ва дам олиш нуқталари каби жиҳатлар тасвирланади.

Бизда ҳам бундай ҳужжатлар ва қоидалар бор, унга риоя қилиш керак, холос. Умуман, бизда қурилиш маданиятини ошириш керак. Бу нарсага эътибор бермайдиган бўлсак, дунёқарашимиз ўзгармайди.

— Қурилиш соҳасига ёт бўлган пулдор одамлар ҳам шаҳарларда турар жой массивлари ўртасида кўпқаватли уй-жойлар қуриш билан шуғулланмоқда. Улар қурилиш ишларини олиб бориш учун лицензияни қандай қўлга киритишган? Вазирлик уларга лицензияни берадими?

— Жойларда амалга оширилаётган қурилиш ишларининг барчаси мавжуд шаҳарсозлик ҳужжатлари доирасида бўлиши шарт. Лекин бугунги кунда маҳаллий органлар бош режа ечимларидан узоқлашиб, бу масалага эътиборсизлик билан қараб, шундай қарорлар қабул қилаётгани бор гап. Бунга албатта чек қўйиш керак. Лицензия масаласига келадиган бўлсак, пудрат ташкилотлари реестри бор эди. Лекин у йўқ бўлиб кетди. Ҳозир биз топшириққа асосан, соҳада қурилиш ишларини лицензиялаш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаганмиз. Лойиҳага кўра, лицензия беришда қурилиш ишларини олиб бораётган ташкилотларнинг моддий-техника базаси, ташкилий тузилмаси, малакали кадрларига эътибор қаратилади.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ суҳбатлашди.
Тасвирчи: Муҳаммаджон ҒАНИЕВ.

Мавзуга оид