«Риштон-Сўх» йўли нега очилибоқ ёпилди? Эрта суюнган сўхликлар дарди
30 август куни оммавий ахборот воситаларида Фарғона вилоятининг қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош барча назорат-текширувлари постлари очилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Жумладан, узоқ кутилган Риштон-Сўх пости ҳам шу куни очилди.
Икки давлат расмийлари, халқ вакиллари чегара пости, Риштон ва Сўх туманини боғлаб турувчи Қирғизистон орқали ўтган йўлнинг тантанали очилиш маросимига йиғилиб кенг нишонлашди.
Сўхликлар учун бу янгилик қай даражада аҳамиятли эканлигини сўз билан ифодалаш қийин. Чунки, Сўх тумани ҳудудида юз фоиз Қирғизистон ери билан ўралган анклав ҳисобланади.
Чегара постларнинг тантанали очилиши
Ўша куни Қувасой, Водил, Бешариқ ва Риштон чегара постларига халқаро пост мақоми берилгани эълон қилинганди. Айниқса, бу янгиликдан Риштон ва Сўх аҳолиси жуда хурсанд бўлгани бежиз эмас. Чунки, 10 йил давомида 250 км йўл босиб Сўхга боришига тўғри келар эди.
Ушбу йўл очилиши билан эса 250 км ўрнига 30 км йўл юриш кифоя қилар ва бу савдо-сотиқ учун қулайлик яратади. Сўхликлар учун ҳам бу воқеа катта байрам даражасидаги янгилик бўлди.
Икки чегара постида Ўзбекистон ва Қирғизистон байроқлари ҳилпиради. Расмий очилиш маросимини нишонлаш учун чегара постига Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳокими Акрам Мадумаров вилоят фаоллари билан етиб келишди. Ҳар икки мутасадди тантанали маросимда сўз олиб, икки халқ вакилларига ўз табрикларини айтишди.
Маросим давомида қўшни юрт вакиллари, нуронийлар постларнинг очилиши аҳамиятли ҳодиса экани ҳақида сўзлашди.
Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси рисоладигидек бошланиб, анклав аҳолиси Риштон-Сўх пости очилганидан бениҳоят хурсанд бўлди.
Риштон–Сўх пости тантанали очилган бўлсада ишламаяпти
Сўх ва Қирғизистонни боғлаб турувчи Тул постида сўхликлар ўша куни сайил даражасида байрам шодиёналари ташкил қилишди. Тулга 5 мингга яқин киши келиб, Сўх тумани ҳокими Фаррух Ўсаров ҳамда Қирғизистон томонидан Оқ турпоқ айили бошчиси Алчинбай Тўралиев барчани табриклагач, очилиш маросими ўйин-кулги, қутлаш сўзлари билан узоқ вақт давом этган.
Афсуски, сўхликларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Ҳозирда чегара пости ишлагани йўқ. Аҳоли ҳайрон. Очилиш маросими, тантаналардан маъно нима эди?
«Биз сўхликлар эрта суюниб қўйибмиз, чоғи? Муаммо нимадалигини сўраб борсак, Ўзбекистон чегарачилари «Биз ёпмадик, Қирғизистон томони ўтказмаяпти», дейишмоқда. Энди қаерга бориб арз қилишимиз ва кимдан ёрдам сўрашимиз керак? Раҳбарларимиз, ҳатто вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўзи келиб Боткен вилояти губернатори билан Риштон чегара постида тадбирда қатнашиб йул очилиш маросимини ўтказган эди. Аммо йўл ҳали ҳам очилмаган», дейди сўхлик Тўхтасин Азизов.
Сўхлик бошқа фуқаролар ҳам умидсизликка тушишган. Улар кўп йиллардан бери сабрсизлик билан кутилган, «очилиб-очилмаган» чегара пости бўйича дардини кимга айтишни билмай доғда қолишган.
Муаммо нимада?
Риштон-Сўх йўли очилмаётгани ҳолати бўйича аввалига аҳоли ўртасида «Чегара компьютер тизими ишламаётгани» ҳақида гап-сўзлар болалади. Орадан бироз вақт ўтиб, турли хорижий нашрлар Қирғизистон мутасаддиларининг бу борадаги фикрларини тарқатди.
Бу хабарларда ёзилишича, муаммо бўйича Қирғизистон бош вазир ўринбосари Жениш Разаков ўз интервьюсида шундай деган: «Мазкур ҳудудда бир қатор ечимини кутиб турган муаммоли ҳолатлар бор. Аввало, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш лозим. Иттифоққа аъзо бўлган Қирғизистон зиммасига ветеринар ва фитосанитар хавфсизлик мажбуриятлари юклатилган. Мазкур масалалар ўз ечимини топмагунича, йўл очилмайди».
Август ойи бошларида Ленбур постида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари бошланди. Лекин Ленбурнинг ёнидаги қирғизларнинг Апкан постида жим-житлик ҳукм сурарди. Августнинг 17 куни икки давлат чегара қўмондонлари ташриф буюриб, олиб борилаётган ишлар билан танишиб кетишди.
Чегара раҳбарлари хулосасига кўра, Апкан постида ҳеч қандай ташкилий ишлар олиб борилмагани маълум бӯлди. Раҳбарлар Ленбур-Апкан постини эмас, Тул чегара постини тайёрлашни режа қилиб, очилиш вақтини кейинга қолдиришди. Тул қишлоғида тайёргарлик, ободончилик ишлари олиб борилди. Йӯл очилиши аввалига 24 август куни бўлиши кутилганди. Сўнг маросимни 25 августга, охири 30 августга кӯчиришди.
Очилиш маросимига 5 минг нафар сӯхлик ташриф буюрди. Тадбир жуда чиройли ўтди, лекин чегара пости ҳали ҳам ёпиқ».
Қирғизистон чегарачилари Риштон-Сўх йўли очилишидан манфаатдор эмасми?
Шу ўринда Kun.uz ижодий гуруҳининг ўтган йили Сўх туманига сафари мобайнида «Водил» чегара постидан ўтиб, Қирғизистон чегарачилари қўриқлайдиган «Қадамжой» чегара постида коррупция ҳолатларига дуч келгани ҳақида эслатиб ўтмоқчимиз.
Қўшни давлат чегарачилари ҳар бир йўловчидан 5 минг сўмдан, Фарғона-Сўх йўналишида қатновчи таксичилардан эса 10 минг сўмдан «йиғим» олишади. Божхоначилар эса юк машиналаридан олиб кетилаётган юк миқдорига қараб 2-3 миллион сўмгача «ҳақ» талаб қилишади.
«Водил» пости орқали Сўхга кунига бир ярим минг киши ва 400га яқин юк машиналари ўтади. Энди қирғиз чегарачи ва божхоначиларининг бир кунлик тушумини ҳисоблайверинг.
Соҳага яқин Kun.uz манбасининг сўзларига кўра, Риштон-Сўх йўли очилишидан икки давлат ҳукумати ва халқи манфаатдор экани аниқ, бироқ Қирғизистон ичидаги айрим кучлар Сўх йўли очилишига қаршилик қилмоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари ўртасида тузилган битимнинг ижро этилмаслиги ортидан икки халқ ўртасида тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Муаммони ҳал этиш учун яна қандай дипломатик жараёнлар зарур?
«Ўзбек ва қирғиз қушнинг икки қанотидай. Агар бир қаноти бўлмаса, қуш уча олмайди. Тилимиз, динимиз, ичган сувимиз бир. Кўчага чиқсак, бир тоғни, бир далани кўрамиз. Қиз олиб, қиз бериб келган қуда элларданмиз. Икки элни бирлаштираётган икки элнинг президентлари Сооранбай Жээнбеков ва Шавкат Мирзиёевга шарафлар бўлсин. Бундан кейин дўстлигимиз янада мустаҳкам бўлсин. Фарғона вилояти биз учун ўзгачадир. Бу вилоятнинг ютуқларидан ўз ютуғимиздек хурсандмиз», - деган эди Боткен вилояти раҳбари Акрам Мадумаров Риштон-Сўх назорат-текширув пости очилиши маросимида.
Икки халқ вакиллари эса Риштон ва Сўхни боғлаб турувчи Қирғизистон орқали ўтувчи йўл тез кунларда очилишини сабрсизлик билан кутиб турибди.
Элмурод Эрматов
Мавзуга оид
17:54 / 17.12.2024
Фарғона вилоятида Умра зиёратини ноқонуний ташкил этиш билан шуғулланганлар қўлга олинди
11:00 / 10.12.2024
“Жарроҳнинг ўз қабристони бор” — кардиожарроҳ ҳикояси
23:01 / 27.11.2024
Фарғонада 750 млн сўмлик iPhone телефонларининг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилди
12:39 / 12.11.2024