«Оила аъзолари отанинг кўз ўнгида ўлдирилганди» — Иштихондаги мудҳиш қотиллик бўйича суд мажлисидан лавҳа
Иштихондаги мудҳиш қотиллик, бир оиланинг беш нафар аъзоси ўлдириб кетилган жиноят иши юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида баён этилган воқеалар тафсилоти суд мажлисида ўтирган иштирокчиларни титратиб юборгани рост.
6 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида Олий суд судьяси Икром Муслимов раҳбарлигида ўтган суд мажлисида ҳукм ўқиб берилди.
Аниқланишича, Иштихон тумани Қумқўрғон қишлоғида яшовчи Ғ.Ташанов қўшниси А.Холбоевнинг узум етиштириб, майиз тайёрлаб сотиш билан шуғулланишидан хабардор бўлгани ҳолда бу хонадонда яшовчи барча оила аъзоларини қасддан ўлдириб, пул маблағларини қўлга киритишни режалаштирилган.
2019 йил 14 май куни Ғ.Ташановнинг хонадонида унинг ҳамтовоқлари жами тўрт киши йиғилган. Жиноят изларини яшириш мақсадида устларидан қўшимча кийимлар ва воқеа жойида бармоқ изларини қолдирмаслик учун қўлларига қўлқоплар кийиб олишган. Жиноят қуроли сифатида 35 сантиметрдан 85 сантиметргача узунликдаги бир нечта темир буюмларни олишган.
Соат 22:30 лар атрофида Холбоевнинг уйи олдига бориб атрофни кузатишган. Холбоев ва унинг оила аъзолари ухлашганига ишонч ҳосил қилгач, 14 майдан 15 май кунига ўтар кечаси соат 00:30ларда жиноий гуруҳ аъзолари ойна ўрнатилмаган дераза орқали ҳовлига кириб, ҳовлидаги бир кишилик каравотда ухлаб ётган, 2002 йилда туғилган Холбоевнинг ўғли И.А., ҳовлидаги сўрида ухлаб ётган, 1974 йилда туғилган (Холбоевнинг турмуш ўртоғи) Х.З. ва оиланинг яна бир ўғли – 2014 йилда туғилган, вояга етмаган И.О.ни олдиндан келишиб олинганидек, уйғониб қаршилик кўрсатмаслиги учун бир вақтнинг ўзида барчасини ўлдириш мақсадида уларнинг юз ва бош қисмларига темир билан қайта қайта уришади.
Бу қотиллик шовқин-сурондан уйғониб, ҳовлига чиққан хонадон эгаси Холбоевнинг кўз ўнгида, ўта шафқатсизлик билан амалга оширилади. Холбоев ўзига ҳужум қилмоқчи бўлган босқинчилардан бирининг кўкрагига тепган, бироқ унинг икки нафар шериги етиб келиб темир билан Холбоевнинг ҳам юз ва бош қисмига уриб ўлдиришган.
Жиноятчилар эр-хотин ва уларнинг икки нафар ўғли вафот этганига ишонч ҳосил қилишгач, пул ва бошқа қимматбаҳо мулкларни излашга киришган ва хоналардан биридаги сандиқдан 22 миллион сўм ва 100 АҚШ доллари топишган.
Уюшган гуруҳ аъзолари пулларни излаш учун ётоқхонага киришганида ухлаб ётган, 1998 йилда туғилган Ж.И. ни кўриб қолишган ва уни ҳам ухлаб ётган жойида юз ва бошига қўлларидаги темир билан бир неча марта уриб, ўлдиришган. Жасадларни кўрпаларга ўраб, марҳумга тегишли «Дамас» автомашинасига юклаб, қўшни Қўшработ туманидаги адирга ташлаб кетишган.
Мазкур воқеа содир этилган кундан бошлаб кўпчиликни бир савол қийнаб келади: Бу даражада ваҳшийликка сабаб бўлган нарса нима? Қандай қилиб тўрт нафар йигит шу даражага етиб келди? Бу масала Самарқанд вилояти ҳокими иштирокида ҳам муҳокама қилинганди.
«Бу ўта мудҳиш воқелик барчамиз учун шармандали ҳолат. Тўрт нафар ёш йигитларнинг пул илинжида беш кишининг қотилига айланиши тасаввур қилиш қийин бўлган ҳолат. Минг афсуски, ана шу тасаввур қилиб бўлмайдиган фожиа сиз-у бизнинг кўз ўнгимизда рўй берди. Одам боласининг шунчалик ваҳшийликка боришини хаёлга келтиришнинг ўзи даҳшат. Бунинг илдизи, аввало, одамларнинг бир-бирига бефарқлиги, атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга эътиборсизлигига бориб тақалмоқда. «Сен менга тегма, мен сенга тегмайман», деган қараш мана, нима оқибатга олиб келди. Ахир Чимқўрғонда ҳам маҳалла бор, оқсоқоллар бор. Профилактика инспектори, унинг ёрдамчиси фаолият кўрсатади. Наҳотки, маҳаллада ҳеч ким одамларнинг бир-бирига бундай муносабати шаклланганини сезмаган?..», — деганди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов.
Жорий йил 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Эркин Хайруллаев жиноятчилар қандай тутилгани ҳақида Kun.uz’га маълумот берган эди. Маҳалла оқсоқоли, фаолларнинг фикрлари ўрганилиб таҳлил қилинди. Аксарият фаоллар ёшларнинг бу даражага борганини илмсизлик, маънавиятсизликнинг аянчли оқибати билан равишда боғлаганди.
Мазкур жиноят ишини кўриб чиққан суд таркиби аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Эркин Эргашев ҳам жиноятни келтириб чиқарган айрим омилларни санаб ўтди: «Ишни кўриш жараёнида жиноят содир этилишига сабаб бўлган, туртки бўлган шарт-шароитлар атрофлича кўриб чиқилди. Судланувчилар асосан нафс балоси, осон пул топиш истаги билан ҳаракат қилганликлари маълум бўлди. Қолаверса, Ташанов ва қўшниси Холбоев билан ўрталарида бир неча йилдан буён давом этиб келаётган сув тақсимлаш ҳамда ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳолатлари юзасидан пайдо бўлган адоват замирида ўч олиш истагида ушбу жиноятни содир этганликлари ўз исботини топди», — деди Э.Эргашев Kun.uz мухбирига.
Мавзуга оид
23:25 / 22.12.2024
Россияда сафар сумкаси ичидан ўзбекистонлик аёлнинг жасади топилди
18:43 / 20.12.2024
Google Maps фотосурати Испаниядаги қотилликни очишга ёрдам бериши мумкин
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024