Оқдарё туманида давлат хизматчилари иш жойида пичоқлаб кетилди
6 сентябрь куни Самарқанд вилояти Оқдарё туман ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлимига номаълум шахс келиб уч нафар ходимни куппа-кундуз куни ишлаб турган жойида пичоқлаган. Бу ҳақда Kun.uz таҳририятига 7 сентябрь куни хабар келиб тушди.
Воқеага аниқлик киритиш мақсадида Kun.uz ходимлари Оқдарё туманида бўлди. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тез ёрдам бўлими бошлиғи Д.Қурбонов 6 сентябрь куни жароҳат олиб шифохонага келтирилган беморлар ҳақида маълумот берди.
Маълум бўлишича, жабрланувчилардан бири — Оқдарё туман қишлоқ хўжалик бўлими иқтисодчиси, 1963 йилда туғилган Ж.Р. ҳақиқатан ҳам 6 сентябрь куни соат 19:20да санчилган жароҳат ва бўйин соҳаси юзаки кесилган жароҳат билан ётқизилган. Ўша куни беморнинг аҳволи оғир бўлган. 7 сентябрь куни бемор жонлантириш бўлимидан палатага ўтказилган.
Шунингдек, шу куни соат 18:55да чап елка соҳаси кесилган жароҳат билан Н.Ш, соат 20:15да қорин олдинги қисми кесилган жароҳат билан У.Х. шифохонага қабул қилинган. Уларнинг аҳволи оғир бўлмагани сабабли айни вақтда уларга жавоб берилган. Суриштирув давомида мазкур беморлар ҳам Оқдарё туман ҳокимлиги қишлоқ хўжалик бўлимида жойлашган бинода банк хизмати кўрсатиб келаётган «Агробанк» туман филиали ходимлари экани аниқланди.
Оқдарё туман ички ишлар бўлими вакиллари мазкур воқеа бўлганини тасдиқлаб, айни вақтда ҳодиса юзасидан тергов ишлари давом этаётгани, тергов тугагач ҳодисанинг янги тафсилотлари тақдим этилишини маълум қилди.
Ҳодисага гувоҳ бўлган, туман қишлоқ хўжалик бўлими бошқа ходимлари воқеа тафсилотларини сўзлаб беришди.
Гувоҳларнинг айтишича, уч нафар давлат хизматчисига ҳужум қилган шахс Оқдарё тумани қишлоқ хўжалик бўлимига оёқда туролмайдиган даражада маст ҳолатда кириб келган ва бундан барча саросимага тушиб қолган. Қўлида йиғилиб очиладиган пичоғи бўлган бу шахс аввал икки нафар банк ходимига ҳужум қилган, кейин туман қишлоқ хўжалик бўлими иқтисодчисини кўриб қолиб, унга ҳам ташланган, аввал кураклари орасига, иқтисодчи коридорга қочиб чиққач, унинг қорин қисмига ҳам пичоқ урган. Гувоҳлар яқин ўртадаги ИИБ ходимини чақиришган ва ҳужум қилувчи шахс қўлга олинган.
Жиноят содир этилган жой, банк хизмати хонаси ташқариси ва қишлоқ хўжалиги бўлими иқтисодчиси Ж.Р.нинг хизмат хонасида қон доғларини кўриш мумкин.
Воқеа гувоҳлари бу ишни шу туманда яшовчи фермер Б.А. маст ҳолатда содир этганини маълум қилишмоқда. Шунингдек, гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг яқинлари воқеага сабаб бўлган турли омиллар ҳақида ўз тахминларини билдиришмоқда. Аммо таҳририят тергов ҳаракатларига таъсир қилиши, тахминлар ишни чалғитиши мумкинлигини ҳисобга олиб, уларни ҳозирча ошкор қилмайди.
Оқдарё туман ҳокимлиги ахборот хизмати мазкур воқеа юзасидан муносабат билдириб, бўлиб ўтган ҳодисани ҳокимликка ёхуд унга бўйсунувчи ташкилотга қаршилик эмас, балки бир маст кишининг ароқ таъсирида қилган иши, деб баҳоланишини маълум қилди.
Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ ,
Kun.uz мухбирлари.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024