Ўзбекистон | 22:23 / 07.09.2019
36196
2 дақиқада ўқилади

Сенатор: «Одамлар валюта муомаласида нима ноқонунийлигини билмайди. Бундан назорат органлари фойдаланиб қолмоқда»

7 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилиши кутилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда иштирок этган сенатор, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуротовнинг таъкидлашича, одамлар валюта муомаласида нима қонуний ёки ноқонунийлигини билмайди бундан назорат органлари ўз манфаати учун фойдаланиб қолмоқда.

Фото: Ботир Матмуротов

“Одамлар чет эл валютаси билан турли операцияларни амалга ошираётганида қилаётган ишининг қонуний ёки ноқонунийлигини билмайди. Бу борада молиявий саводсизлик бор. Бунинг натижасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан турли таъмагарчиликларнинг амалга оширилиши кузатилмоқда. Сиз қилган мана бу иш ноқонуний деб турса ҳам одамлар фарқига бормайди. Шунинг учун банк тизими, суд, прокуратура бу бўйича батафсил ахборотни аҳолига тушунарли тарзда етказиб бериш билан шуғулланиши керак. Валюта операцияларидаги қонуний ва ноқонуний ҳаракатларни аниқ пунктлар бўйича белгилаб чиқиш керак”, ─ дейди Матмуротов.

“Валюта операцияларидаги ноқонунийликни аниқлаш қонунда бошқача, амалда бошқача бўлиб қолмоқда. Бунинг аниқ характеристикасини, рўйхатини ишлаб чиқиш, барча назорат органларига етказиш керак. Улар қонунда белгиланган қатъий рўйхат билан иш кўриши, ўзининг ички ҳужжатларини ҳам шунга мослаштириши лозим”, ─ дейди Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Муҳаммад Жумагелдиев.

Фото: Муҳаммад Жумагелдиев

Мавзуга оид