Ўзбекистон | 17:30 / 08.09.2019
24710
2 дақиқада ўқилади

«Агробанк»: Оқдарёдаги пичоқбозлик банк биносида содир бўлмаган

Kun.uz сайтида 7 сентябрь куни «Оқдарё туманида давлат хизматчилари иш жойида пичоқлаб кетилди» сарлавҳали суриштирув эълон қилинганди.

Унда Оқдарё туман ҳокимиятининг қишлоқ хўжалик бўлимига тегишли бинода бир киши уч кишига пичоқ билан турли даражадаги жароҳат етказгани хабар қилинган.

8 сентябрь куни соат 12:40да сайтда Самарқанд вилоят ИИБнинг бу воқеа юзасидан расмий баёноти эълон қилинди. Бу баёнотда воқеалар «Агробанк» биносида содир бўлгани айтилган, аммо аслида воқеа туман ҳокимлигининг қишлоқ хўжалик бўлимига тегишли бинода содир бўлган.

Шу сабаб «Агробанк» Самарқанд вилоят бошқармаси Kun.uz сайтига расмий баёнот билан мурожаат қилди.

«...сиз томонингиздан 2019 йил 8 сентябрь куни соат 12:40да интернет тармоғига жойлаштирилган вилоят ИИБ расмий баёнотида ушбу ҳодисалар «Агробанк»нинг Оқдарё филиалида содир бўлган деб ёзилган. Ваҳоланки, ушбу воқеа Оқдарё туманининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимига қарашли бинода содир бўлган.

Ушбу нотўғри маълумот «Агробанк» имижига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, ҳамда мижозлар банкка ишончини йўқотмаслиги учун воқеа ҳодисаларни қайтадан тўғри ёритилишини сўраймиз», — дейилади баёнотда.

Самарқанд вилоят ИИБ расмий баёнотида, шунингдек, ҳужум қилган шахс бинода фаолият юритаётган ИИБ ходими томонидан қўлга олингани айтилади, аммо воқеа гувоҳларининг айтишларича, улар ИИБ ходимини бошқа ердан чақириб келишган.

Мавзуга оид