Ўзбекистон | 11:10 / 08.09.2019
7714
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳарбий контингенти «Марказ-2019» ўқувларида иштирок этиш учун Россияга етиб борди

7 сентябрь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий контингенти 16-21 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган «Марказ-2019» қўмондонлик-штаб стратегик ўқувларида қатнашиш учун Россия Федерациясининг Оренбург вилоятига етиб борди.

Юз нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли икки дона С-295 ҳарбий транспорт авиацияси самолётларида Россия Марказий ҳарбий округининг Оренбург вилоятидаги ҳарбий аэродромига қўнди.

«Вакилларимиз Россия Марказий ҳарбий округи қўмондонлиги томонидан рус урф-одатларига кўра, ҳарбий оркестр садолари остида илиқ кутиб олинди. Шу куннинг ўзида Ўзбекистон ҳарбий контингенти ўқув машқ шартлари доирасида яратиладиган шароитда штаб офицерлари ва ҳарбий хизматчиларнинг ҳамкорликда қўшин гуруҳларининг ҳаракатларини режалаштириш ва ташкил этиш бўйича вазифаларни бажариш учун Донгуз полигонига йўл олди.

Эслатиб ўтамиз, стратегик қўмондонлик-штаб ўқувларида саккиз мамлакат – Россия, Қозоғистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ҳарбий контингенти иштирок этмоқда.

«Марказ-2019» давомида Марказий Осиё ҳудудида халқаро терроризмга қарши курашиш каби топшириқларни ҳамкорликда бажаришда мамлакатлар қўшинларининг гуруҳ (куч)ларини самарали қўллаш каби вазифалар ишлаб чиқилади.

Ўқувларнинг асосий фазаси Оренбург вилоятидаги Донгуз полигонида ўтказилади. Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистондаги Ғурумсарой полигонида Ўзбекистон ва Тожикистоннинг бўлинмалари шартли террорчи гуруҳларини йўқ қилиш бўйича вазифаларни амалда бажаради.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг ушбу йирик масштабдаги ўқувларда иштироки жанговар тайёргарлик масалаларида тажриба алмашиш, Марказий Осиё ҳудудида вазиятнинг кескинлашишининг олдини олиш борасида бошқарув органлари иш механизмининг ягона алгоритмини ишлаб чиқиш ва ҳамкорликда операцияларни бажаришда бўлинмаларнинг ҳаракатланиш тартибини пухта режалаштиришга хизмат қилади», дейилади Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарида.

Мавзуга оид