Жамият | 16:25 / 08.09.2019
40655
2 дақиқада ўқилади

Видео: Ўзбекистонлик мигрант Москва метросида йўловчиларни ўз ҳисобидан бекатга киритди

Москва метросида юз берган бир воқеа ижтимоий тармоқларда оммалашмоқда. 6 сентябрь куни тасвирга олинган видеода ўзбекистонлик мигрант Москва метро бекатларидан бирида жума намозини ўқиб келаётган йўловчиларни ўз ҳисобидан метрога киргизаётганини кўриш мумкин. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари видео остида қолдирилган изоҳларида савобталаб йигитни олқишлашган.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

Ўзбекистонлик мигрант уюштирган хайрия доирасида метрога кирган йўловчилардан бири жараённи тасвирга олган ва яхшилик улашаётган йигитни саволга тутган.

— Бу ишни қай мақсадда қилмоқдасан?

— Шунчаки кўнгилдан, Аллоҳ учун…

— Ишлатаётган пулларингга ичинг ачимайдими?

— Албатта ачимайди. Ўзимнинг туғишган биродарларим учун сарфлаяпман-ку…

Саволларга жавоб бера туриб, йигит яна шоша-пиша турникет олдига йўл олади.

— Бу иш билан мунтазам шуғулланасанми?

— Тўғрисини айтсам биринчи марта.

— Биродар, сенинг исминг нима?

— Асқад…

— Асқад? Сен қаердансан?

— Мен Ўзбекистонданман…

— Ўзбекистондан, а? Яхши, биродар. Аллоҳ ишларингга кўмакчи бўлсин, барака берсин. Ризқингни улуғ қилсин.

Асқад ўзининг савобли ишини якунлаб йўлга тушгач, қизиққон йўловчи уни яна гапга тутади:

— Cен инсонларга ёрдам қўлини чўзиб ҳузурланасанми?

— Жуда! Чин кўнгилдан ҳузур қиламан. Қарасам — одамлар намоздан чиқиб касса олдида навбатга қолишмоқда. Улар навбатда беҳуда вақт йўқотмаслиги учун уларга ёрдам беришга қарор қилдим.

Мавзуга оид