Жамият | 18:56 / 10.09.2019
24717
10 дақиқада ўқилади

«Ҳаммаёқни расво қилиб кетишди. Таъмирлаш кимнинг манфаати учун эди?» — Булоқбошидаги «Сирли ширкат» ҳақида

Мурожаатлар ортидан навбатдаги сафаримиз Андижон вилояти Булоқбоши туман маркази, Мирзакалон Исмоилий МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли уйлар томон бўлди.

Kun.uz почтасига келган арзномада фуқаролар мавжуд муаммо ҳақида жуда кўп жойга чиқишгани, лекин туман мутасаддилари ҳеч қандай чора кўрмаётгани айтилган.  Мирзакалон Исмоилий МФЙ ҳудудидаги ёнма-ён жойлашган учта кўп қаватли уйлар - 14, 15 ва 16-уйларга бориб, ҳолат ҳақиқатда ачинарли эканига гувоҳ бўлдик. 48 хонадонга эга учала уй «П» шаклида бўлиб, ўртадаги кенг ҳовлида бир вақтлар болалар майдончаси, машиналар учун гаражлар, умумий ҳожатхона ва дам олиш жойлари бўлган.

Туман ҳокимлиги «қирқ йиллар олдин бунёд этилган уйларнинг олдидаги ҳовли ва уйлар таъмирталаб ҳолга келди. Ободонлаштирамиз», деган ва «Обод қишлоқ» лойиҳаси асосида замонавий ҳолатга келтириш режасини тузган.

Барча ғалва шундан бошланган.

«Таъмирлаш»нинг бошланиши ва юзага келган муаммолар

«Эзгу ишлар»дан мақсад уйларга киришдаги аркани ва гаражларни бузиб, ҳовлида ободонлаштириш ишларини олиб бориш, дарахтларни кесиш ҳамда кредит асосида уйлар томи, йўлаклар ва олди фасадни таъмирлашдан иборат эди.

Орадан бир йил ўтиб, барча ишлар ўлда-жўлда қолиб кетган.

«Бизга, 2018 йил март ойи бошида ҳокимият ва банк ходимлари келиб уйларимиз «Обод қишлоқ» дастурига киритилганини айтишди. Шу билан бирга, аҳоли вакиллари ширкат танлаш ҳуқуқига эга эмаслиги, тендер ўтказиш шунчаки расмиятчилик бўлиши, ширкатлар мажбурий ҳолатда ҳокимият томонидан тасдиқланиши таъкидланди. Аҳолининг хоҳиш ва эътирози умуман инобатга олинмади.

Биз бу янгиликдан бохабар бўлганимизда, ширкатлар ҳам, таъмирлаш учун кетадиган маблағ, ҳаттоки, уйларнинг дизайни ҳам ҳокимиятнинг махсус ширкати томонидан аллақачон белгилаб бўлинган экан. Уйлар олдидаги бошқа муаммолар ҳал этилишини талаб этганимизда, буларнинг ҳаммаси, таъмирлашдан ташқари, ҳокимият томонидан бепул амалга оширилишини бот-бот таъкидлашди. Чунки, бизнинг уйлар канализацияси ишламаслиги, ичимлик суви, чиқиндилар учун махсус мосламалар йўқлиги аҳолини қийнаб келмоқда эди», дейди Муроджон ота Тешабоев.

Мазкур муаммони ўрганган аҳоли вакиллари аризада ҳолатни қуйидагича келтиришган:

«Қонунда белгиланишича, агар таъмирлаш ишлари учун кетадиган маблағ миқдори 50 миллион сўмдан ошса, тендер эълон қилинади. Афсуски, тендер у ёқда турсин, бизнинг кўп қаватли уйларни таъмирлашни «ўз зиммасига олган», ҳеч ким танимайдиган «ҳокимият қарамоғи»даги «сирли ширкатчилар» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 30 майдаги 100-сонли қарорининг 1-иловасидаги талабларни қўпол равишда бузиб, таъмирлаш ишларини 2 кун ўтибоқ, 2018 йил март ойи бошларида бошлаб юборишди. Бир ҳафтада сувоқ ишлари тугатилди ҳамда ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари (собиқ) Элмурод Мирзахонов ва ҳамма учун сирли бўлган «фантомас ширкат» ходимлари-ю, банк ходимлари томонидан аҳоли розилигини олиш учун тасдиқлаш ишлари кечки соат 19:00-20:00дан сўнг хонадонлар билан яккама-якка олиб борилди. Ажабланарлиси, тақдим этилаётган ҳужжатларда на маблағ, на муддат, на ширкат номи ва раиси қайд этилган, шунчаки қуруқ шартнома қоғози ва огоҳлантириш хати кўрсатиларди. Аҳолига бу фақатгина розилик хати ва бу ҳеч нарсани ҳал қилмаслигини тушунтиришди. Бош тортганларга эса ишхонасига, ҳаттоки бемор бўлса касалхонага бориб ёки ҳокимиятга чақиртириб имзо чектиришди. Керакли ҳужжатларни талаб қилганларга «Аҳоли билан шартнома шарт эмаслиги, бошқа ҳужжатлар таъмир ишлари тугагандан сўнг тақдим этилиши»ни айтишди. 14-уй яшовчиларидан эса ўзлари тушунмаган ва мажбурий ҳолда «Халқ банки» ўртасидаги кафиллик шартномаси нотариал идора томонидан ҳам тасдиқлатиб олинди».

Ваҳоланки, банкдан қарзга олинган маблағ оз эмас, кўп эмас ҳар бир уй (14-15-16-уйлар) учун сметада 202 миллион сўмдан бўлиб, жами 606 миллион сўм таъмирлаш ишлари учун ажратилган. Наҳотки, шунча маблағ учун аҳоли тендер ўтказишга ҳақли бўлмаса? Аҳолининг хоҳиши эътиборга олинмаса? Уларнинг ижтимоий аҳволи ҳеч кимни қизиқтирмаса? Ваҳоланки, улар орасида ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган, кам таъминланганлар, ишсизлар, мавсумий ишчилар ва нафақахўрлар кўпчиликни ташкил қилади.

Орадан бир йил ўтиб таъмирлаш ишлари чала ҳолида тўхтатилган. Биринчи ёмғирдаёқ, янги томдан чакка ўтиб, подъезд ва уйлар сувга тўлди. Шамолда эса томнинг олд қисмлари учиб кетди. Сувоқ бир ойдаёқ тўкилиб туша бошлади. Сифатсиз қурилиш материаллари ишлатилган. Эшиклар икки хил рангда ва жуда юпқа материалдан ясалган. Уйларга кириш қисмида бўлган катта темир дарвозалар чиқариб ташланган. Ўрнига янгилари ўрнатилмаган. Ҳар томон очиқ.

Туман ҳокимлигига, виртуал қабулхонага мурожаатлар мазмун-моҳияти жиддий эътиборга олинмасдан, уларга гўёки муаммонинг бартараф этилаётганини кўрсатиш учун фақатгина ташқи ободонлаштириш, яъни бироз тозалов ишлари билан кўмак кўрсатилгандек бўлди. Асл мақсадимиз ушбу уйларда олиб борилган таъмирлаш ишларидан қониқмаслик ҳамда уларнинг асоссиз харажатларини ортиқча кўпайтириб ёзиш ҳолатини ўрганиб чиқиш ва уларга ижобий ечим топиш эди.

Қурилиш ишларини тушунмайдиган оддий инсонга ҳам аён бўлган қўшиб ёзиш ва камчиликлар, наҳотки қурилиш ширкатлари ва маҳаллий ҳокимликларга тушунарсиз бўлса?!

Учала бино турли нархларда баҳоланган. 90 кунда бажарилишига ваъда қилинган таъмирлаш ишлари роппа-роса бир йил деганда чала ташлаб кетилган. «Дом»лар аҳолиси бошқа ҳақиқий нархни белгилаш учун эксперт топишга уриниб кўрибди. Афсуски, бунинг иложи йўқ экан.  

Савол туғилади: Нега банклар давлатнинг миллионлаб пулини ширкатга ажратаётганида таъмирлаш ишлари сифат даражаси ва нархлар мутаносиблигини назоратга олувчи эксперт назорати тизимини жорий этмайди?

«Халқ банки» ходимлари эса тугалланмаган ишга 2019 йил август ойидан тўлов қилишни бошлаган.

«Банк ходимлари 2019 йил июль ойида уйларимизнинг ҳар бири учун 185 миллион сўмдан  кўрсатилган сметани тақдим этди. Яъни, ҳар бир хонадон учун 11 млн 562 сўмдан.  Маблағни 10 йил давомида 14 фоиз устама билан тўлаб боришимиз керак. Аслида бизнинг ҳисобимизда таъмирлаш ишларига кетган маблағ 100 миллион сўмга ҳам етмайди.

Ҳеч ким таъмирлаш ишлари учун тўловлардан бош тортаётгани йўқ, бош тортмаймиз ҳам. Фақат таъмирлаш ишлари учун кетган холис маблағ белгиланишини истаймиз. Банк вакиллари эса тинмай тўловларни тезлаштириш кераклиги, йўқса суд олдида жавоб беришимизни айтиб, оғзаки ва ёзма равишда огоҳлантиришмоқда», дейди Азимжон Қодиров.

Кўп қаватли уйлар олдидаги ҳовлининг аҳволига қараб бўлмайди. Чала ташлаб кетилган «ободонлаштириш ишлари»дан қолиб кетган чиқиндига тўла ҳовли. Очиқ қолган канализация қудуқлари чиқинди идишлари йўқлиги учун сочилиб ётган чиқиндилар олдида ўйнаётган болалар. 

Совуқ тушмагани учун хонадонларга ҳали табиий газ берилмабди чоғи, аёллар ташқарида ўчоқ қўйиб овқат пиширяпти.

Халқ банки ва ҳокимликда

«Халқ банки»нинг Булоқбоши тумани филиалига бориб, буюртмачи бўлган ширкат ва уйларни таъмирлаган қурилиш ташкилотлари ҳақида маълумотлар сўрадик. Филиал раҳбари Мансуржон Мамадалиевдан бор маълумотларни олдик.

Таъмирлаш ишлари «Халқ банки» маблағлари асосида «Юртга фидокор» хусусий уй-жой ширкатлари буюртмасига асосан «Булоқбоши қурилиш сервис», «Омадилло савдо люкс» жамиятлари томонидан олиб борилган.

Филиал мутасаддилари бизга таъмирлаш ишлари олдидан ҳар бир кўп қаватли уйда яшовчилар билан суҳбатлар ўтказилиб, мажлис ўтказилгани ҳақида битилган «мажлис баёни»ни, таъмирлашдан сўнг ўтказиладиган «қабул қилиш акти»ни тақдим қилишди.

Уларнинг билдиришича, қурилиш ташкилотлари томонидан бажарилган ишларни қабул қилиш жараёнида бир қатор камчиликлар аниқланиб, нархлар пасайтирилган.

Шундан сўнг Булоқбоши тумани ҳокимлигида бўлиб, ҳокимнинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Фарҳоджон Норматов билан суҳбатлашдик.

Мутасадди уйларда ва унинг ҳовлисида таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари якунланмаганини тан олди ва тез кунларда маблағ ажратилиб, муаммолар ҳал қилинишини айтди.

Хулоса ўрнида...

Афсуски, бу жавоблар уч уйда яшаётган аҳоли вакилларини қониқтирмайди.

Энг қизиғи, улар бир йилдан бери ўзлари умрида кўрмаган уйларининг «мутасаддиси» ва «қўққис» ташкил этилган «Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати» раиси Достон Қорақўзиевни излашмоқда. Охири топишди. Фақат қоғозда. Бу шахс республиканинг бошқа жойларида бошқа уйларни таъмирлаш учун «тиним билмай» меҳнат қилаётган бўлса керак?

Аҳоли таъмирлаш ишларини ташкил қилган ширкат раиси, ҳокимият вакиллари ва «Халқ банки» бошқарувчилари билан учрашиб, ўзларида мавжуд саволларига жавоб олишмоқчи.

Уларнинг мақсади таъмирлашга кетган маблағни холис эксперт орқали шаффоф ҳаққоний баҳолаш, уйлар ва унинг олдидаги ҳовлида таъмирлашни сифатли охирига етказиш, уларга ноқулайлик туғдирган мутасаддиларга тегишли чора кўришга эришишдир.

Kun.uz мазкур муаммо бўйича мутасаддилардан амалий иш ва тегишли хулосаларни кутиб қолади.

Kun.uz мухбири, Элмурод Эрматов

Мавзуга оид