Ўзбекистон | 21:40 / 11.09.2019
33053
7 дақиқада ўқилади

Тадбиркорликни ривожлантириш масаласида видеоселектор: Молия вазирлигига ҚҚС ставкасини камайтириш бўйича таклифлар бериш вазифаси қўйилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 11 сентябрь куни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

«Қайд этилганидек, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш юзасидан мутлақо янги тизим яратилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги кўплаб бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда.

Ушбу янги тизим, яқинда ташкил этилган Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг мувофиқлаштирувчи роли остида Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари, Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, жойлардаги ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари бошчилигидаги иқтисодиёт комплекси ташкилотларининг мазкур йўналишда ҳамжиҳатликда изчил ишлашини назарда тутади.

Тадбиркорлик субъектларига молиявий кўмак бериш мақсадида уларга тижорат банклари ўзига хос бизнес-ҳамкор бўлишини таъминлаш бўйича янги концепция амалиётга жорий қилинмоқда.

Бундай тизимли амалий чоралар натижасида жорий йилнинг ўтган 8 ойида 70 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга кўпдир.

Шу билан бирга, ҳудудларда ишлатилмаётган резерв ва имкониятлар етарли. Соҳани ривожлантириш бўйича янги тизим қандай ишлаши кераклигини жойларда кўпчилик раҳбарлар ҳали чуқур англаб етмаяпти.

Бош вазир қабулхоналари ташкил этилганидан кейин ўтган уч ой мобайнида унга 12 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган, уларнинг асосий қисми кредит, ер ажратиш ва бошқа масалалар билан боғлиқ. 

Мурожаатларнинг аксарияти Тошкент, Қашқадарё, Андижон, Самарқанд вилоятларига тўғри келган. Улардан 9 мингтаси ёки 75 фоизи жойида, шундан 40 фоизи бевосита туман даражасида ҳал бўлган. Бу ҳолат илгари қуйи бўғин раҳбарлари тадбиркорлик соҳасидаги мавжуд муаммолар билан умуман шуғулланмаганидан далолат беради», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Вазирлар Маҳкамасига Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги билан бирга Бош вазир қабулхоналарига тадбиркорлик субъектларидан тушаётган мурожаатларда кўтарилаётган муаммоларни имкон қадар жойида ҳал этилишини доимий равишда муҳокама қилиб бориш топширилди.

Шунингдек, марказий идоралар ва вазирликлар раҳбарларидан иборат таркибда 6та ҳудудий Ишчи гуруҳларини тузган ҳолда, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича янги тизимни мамлакатнинг бошқа туман ва шаҳарларида жорий этиш, жойларда бу борада ишлатилмаётган имкониятларни сафарбар қилиш юзасидан аниқ чоралар белгилаб берилди.

Жумладан, Ишчи гуруҳларига ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятлари ва салоҳиятини ўрганиб, уларни қайси йўналишларга ихтисослаштириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда шунга мос равишда янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини таъминлаш юклатилди. Шунингдек, жойларда тадбиркорлар иштирокида уларни қизиқтирган масала ва муаммолар юзасидан очиқ мулоқотлар ўтказиб, мавжуд ғов-тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўриб бориш топширилди.

Мажлисда бизнес муҳитини яхшилаш бўйича қонуний асосларни такомиллаштириш ва аниқ йўналтирилган амалий чоралар кўришга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Жумладан, бизнес юритиш, лицензия ва рухсатномаларни олиш бўйича киритилган янгиликлар амалиётда ҳали тўлиқ ишга тушиб кетмаётгани танқид қилинди. 

Хусусан, Давлат хизматлари ягона реестрига киритилган 693та хизмат туридан атиги 103таси ёки 15 фоизи Давлат хизматлари марказлари орқали ва электрон тарзда кўрсатилмоқда, холос. Бу эса тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган шахсларга қийинчилик туғдирмоқда.

Шунинг учун, Адлия вазирлигига тадбиркорларга онлайн тизимда ахборот-маслаҳат хизматларини жорий этиш, қоғозда кўрсатилаётган барча давлат хизматларини электрон кўринишга ўтказиш бўйича бир ой муддатда тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилди.

Шунингдек, қурилиш ҳужжатларини келишишнинг ягона онлайн тизимини амалиётда тўлиқ ишлатишни таъминлаш бўйича зарур чоралар белгилаб берилди.

Кўплаб чет мамлакатларда бизнес субъектлари 3 тоифага (кичик, ўрта ва йирик) бўлинган ва давлат томонидан ҳар бир тоифага нисбатан алоҳида қўллаб-қувватлаш сиёсати олиб борилади. Лекин Ўзбекистонда иқтисодиёт ривожида алоҳида роль ўйнайдиган «ўрта бизнес» тушунчаси, афсуски, умуман йўқ.

Шуни ҳисобга олиб, Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли вазирликларга ўрта бизнес тоифасини жорий этиш, кичик, ўрта, йирик бизнес мезонларини қайта кўриб чиқиш, уларни алоҳида механизмлар асосида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича уч ой муддатда аниқ таклифларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала – давлат бюджетига тушумларни таъминлаш ҳолати кўриб чиқилар экан, ўтган 8 ойда бу борадаги кўрсаткичлар прогнозга нисбатан юқори бўлгани алоҳида қайд этиб ўтилди. 

Даромадларни ошириш бўйича фойдаланилмаган захираларни ишга солиш, солиққа тортиладиган базани кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Якка тартибдаги тадбиркорлардан ундириладиган қатъий белгиланган солиқ бўйича тушумларни таъминлаш, яширин иш ўринларини легализация қилиш муҳимлиги таъкидланди. 

Тошкент шаҳри, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида кўп миллиард сўмлик солиқ қарздорлиги ундирилмагани, қатор туман ва шаҳарлар раҳбарлари изланмай, йирик солиқ тўловчилар ҳисобига прогноз кўрсаткичларини бажаришда давом этаётгани танқид қилинди. 

Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки экспертлари иштирокида тузилган Йирик солиқ тўловчилар билан ишлаш бўйича инспекция солиқ резервларини ўрганиш ва тушумларни кўпайтиришда муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. Ушбу ишларнинг самарасини ошириш учун йирик солиқ тўловчиларни электрон ҳисоб фактураларига ўтказиш ва уларни бухгалтерияни компьютерда юритиш дастурларига боғлаш кераклиги таъкидланди. 

Молия вазирлигига қўшилган қиймат солиғи ставкасини камайтириш бўйича аниқ асосланган таклиф киритиш топширилди.

Бюджет тушумларининг 21 фоизини таъминлайдиган 20 та шаҳар ва туман билан бевосита ишлаш учун уларга мутасадди раҳбарлар бириктирилди.

Давлат бюджетининг даромадлар қисмини бажаришда сусткашликка йўл қўяётган ҳудудий солиқ идоралари раҳбарлари огоҳлантирилди. Президент прогнозни олдиндан тўлов ҳисобига бажариш қатъиян ман этилишини таъкидлади.   

Тадбиркорлар, экспертлар ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари иштирокида ўтказилган муҳокамаларда билдирилган таклифларни инобатга олиб, Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳасини пухта ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди. 

Видеоселекторда муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбарлар ва ҳокимларнинг ҳисобот ва таклифлари эшитилди.

Мавзуга оид