Ўзбекистон | 20:33 / 12.09.2019
51177
3 дақиқада ўқилади

Президент томонидан ҚҚС ставкасини 5 фоизга пасайтириш бўйича топшириқ берилди

Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи миқдори 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда давлат бюджетига кафолатланган тушумларни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.

Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилидаги мисли кўрилмаган қадам нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида инвестиция ва иқтисодий ўсишнинг асосий омили бўлиши лозим.

Албатта, солиқчиликдаги бу ҳаракат давлат учун ихтиёрий ва оғир қадам бўлади, чунки бюджетга солиқ тушумларининг учдан бир қисми ҚҚС ҳисобига таъминланади.

Аммо давлат бюджети даромадларининг қисқариши хавфига қарамай, солиқ юкини камайтириш ва мамлакатда тадбиркорликни ривожлантиришга устувор аҳамият берилди.

Мазкур қарор солиқ юкини камайтиради ва солиқ тўловчилар ихтиёрида 10 трлн сўм қолишига имкон беради. ҚҚС ставкасининг 15 фоизга пасайтирилиши пул-кредит сиёсатининг юмшатилиши ва Ўзбекистон бозорида нархларнинг барқарорлашуви белгисидир. 

Маълумки, амалдаги 20 фоизлик солиқ ставкаси 2000 йилда ўрнатилган ва сўнгги 19 йил ичида қайта кўриб чиқилмаган. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон 2008 йилдаги глобал молиявий инқироздан кейин ҚҚС ставкасини сезиларли даражада пасайтиришга эришган биринчи мамлакат бўлди (25 %).

Ўзбекистон солиқ сиёсатидаги сўнгги ўзгаришлар ҳукуматнинг очиқлиги ва мамлакат ривожланишига янги импульс излаш учун бизнес ҳамжамияти билан мулоқотда конструктив муносабатда бўлишга қаратилган.

Korzinka.uz тармоғининг асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов ҳам президентнинг қўшилган қиймат солиғи ставкасини камайтириш бўйича топшириғи муҳим воқеалардан бири эканлигини билдириб ўтганди.

«Муболағасиз айтиш мумкинки, ушбу вазифа янги Солиқ кодекси лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнидаги энг муҳим воқеадир. Солиқ ставкалари, биринчи навбатда, ҚҚС ставкасининг солиқ тўловчилар базасини параллель равишда кенгайтириш ва ушбу солиқ бўйича барча имтиёзларнинг бекор қилиниши жараёнида пасайтирилиши яширин иқтисодиёт секторининг қисқаришига ёрдам бериб, солиқ солишни бизнес учун янада адолатли қилади», - деб ёзди Ҳошимов Facebook’даги саҳифасида.

Унинг таъкидлашича, буларнинг барчаси ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга ёрдам беради.

«Ҳозирда 20 фоизлик ҚҚСдан чўчиётган кўплаб корхоналар соядан чиқса, унда бюджет йиғимлари сезиларли даражада ошиши керак. Умид қиламанки, ставкани пасайтириш шунчаки расмий қадам эмас, балки самарали ва асосли жараёнга эга бўлади», - дея таъкидлаб ўтди Ҳошимов.

Мавзуга оид