Ўзбекистон | 20:00 / 13.09.2019
11963
2 дақиқада ўқилади

2030 йилгача Ўзбекистоннинг 61 фоиз аҳолиси шаҳарларда яшайди — Жаҳон банки мутахассиси

Бугун, 13 сентябрь куни, Radisson Blu меҳмонхонасида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлиги мутахассислари Ўзбекистонда урбанизация жараёнлари мавзусида тадбир ўтказишди. Унда халқаро ва маҳаллий экспертлар ўз мулоҳаза ва таклифларини билдиришди. Жаҳон банкининг шаҳарларни ривожлантириш бўйича бош мутахассиси Розанна Нитти Ўзбекистонда урбанизациянинг аҳамияти ҳақида гапирди.

«Ўзбекистоннинг 70 фоиз аҳолиси ишлаш қобилиятига эга. 1996-2016 йилларда ЯИМ 16,5 фоизга ошди. Ушбу кўрсаткичлар иқтисодиёт ривожланаётганидан дарак беряпти. Демак, тараққиётни жадаллаштиришда кўпроқ шаҳарлар қуришга эҳтиёж пайдо бўлади. Бунда бир қатор муаммолар бор, яъни фуқароларни ишсизлик қийнайди ва ҳудудлардаги инфраструктуравий имкониятлар кам. Ҳозир Ўзбекистон аҳолисининг 51 фоизи шаҳарларда яшайди. Ҳар йили таълим масканларидан 500 минг битирувчилар чиқади. Бу шунча ишчи кучи ва шунга яраша иш ўрни яратиш кераклигини англатади. Шу жиҳатларни ҳисобга олиб, 2030 йилгача Ўзбекистон аҳолисининг 61 фоизи шаҳарларда истиқомат қилиши учун ҳозирдан ҳаракатлар олиб бориляпти. Ўзбекистон ҳукумати олдида ушбу режани амалга оширишда қандай йўналишдан бориши кўндаланг масала бўлиб турибди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, Урбанизация агентлиги вакили Алишер Холдоровнинг сўзларига кўра, нидерландиялик халқаро эксперт кўмагида Ўзбекистонни 2030 йилгача урбанизацион ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Унинг асосий мақсади шаҳарларни комплекс ривожлантириш орқали аҳоли яшаш шароитларини ошириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашдир. Концепция лойиҳаси шу йилнинг 9 июлида жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Лойиҳа Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Республика шаҳарларини комплекс ривожлантириш бўйича изланишлар ўтказилганда, 26та шаҳар ва туман бош режалари кўриб чиқилди. Уларнинг 14таси (Тошкент шаҳри, Олмалиқ, Оҳангарон, Ангрен, Бекобод, Нурафшон, Чирчиқ, Янгийўл, Чортоқ, Когон, Наманган, Гулистон, Янгиер, Ховос ва Марҳамат туманлари) бўйича тегишли хулосалар берилди.

Мавзуга оид