Ўзбекистон | 12:54 / 14.09.2019
23573
3 дақиқада ўқилади

Сув хўжалиги вазири: «Жойларда сувдан фойдаланиш бўйича кескин ўзгаришлар кутилмоқда»

12 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармони ижроси ва моҳияти юзасидан маълумот берилиб, ОАВ ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб қайтарилди.

Тадбирда Республиканинг турли худудларида сувга доир муносабатларни тартибга солиш учун масъул бўлган сув истеъмолчилари ва сувдан фойдаланувчилар уюшмаларининг фаолияти қониқарли даражада эмаслиги, сув муносабатлари барибир аҳоли вакиллари ва фермерлар ўртасида мустақил ҳал қилиниши, бу жараёнда эса турли зиддиятли вазиятлар ҳам вужудга келаётгани ҳамда мазкур уюшмаларнинг фаолиятини қайта кўриб чиқиш борасида савол билан мурожаат қилинган.

«Аввало шуни айтишим керакки, сув истеъмолчилар уюшмалари нодавлат-нотижорат ташкилот. Улар маҳаллий ҳокимиятга ҳам, бизнинг вазирликка ҳам бўйсунмайди. Бу ташкилотнинг юқори органи фермерларнинг умумий йиғилиши ҳисобланади. Айнан мана шу йиғинларда уларнинг раҳбарлари сайланади, низомлари тасдиқланади. Биз уларга яқиндан ёрдам берамиз.

Бизда 180 минг километрли суғориш тармоқлари бўлса, шундан 153 минг километри хўжалик ички тизимлар ҳисобига тўғри келади. Мана шу бўғинда тартибсизлик ва сув бошқарувидаги камчиликлар бор. Бу камчиликлар тартибга солинмасдан туриб, соҳадаги вазифаларни уддалаб бўлмайди.

Ҳозирда Республика бўйича 1503 та сув истеъмолчилари уюшмаси ташкил қилинган ва бу уюшмаларнинг иши мутлақо самарасиз. Айниқса, энг катта муаммо сув истеъмолчилари уюшмага вақтида маблағини тўлашмайди. Раҳбар сайлашади, ишларни тўғри ташкил қилишга ваъда беришади, лекин уюшмага бўйсунмайди. Юқоридаги сув истеъмолчи сувни кўпроқ олишга ҳаракат қилади, ариқни тозалашга чақирганда чиқмайди ва иш ҳақи учун ҳам керакли маблағларни сарфламайди.

Энди тасаввур қилинг, бу пулларни ҳам давлат ўз зиммасига олса, ҳозир қилаётган миллиардлаб харажатларимиз триллионларга айланади. 

Шунинг учун биз қонунчиликка таклиф киритганмиз ва бу қонун тез кунларда чиқиши ҳам кутилмоқдаки, унга кўра, 1503 та СИУлар 152-155 та уюшмага киритилади, яъни, ҳар битта туманда ягона сув истеъмолчи уюшмаси бўлади.

Ўзгаришнинг фойдали томони шундаки, энди 1503 та раҳбар ва 1503 та бухгалтерлар бўлмайди, жойлардаги мироблар сони кўпайтирилади. Аввалги СИУлар уларнинг бўлимлари бўлади. Туманда эса ҳар куни олинаётган сув миқдори, муаммолари таҳлил қилиб борилади. Биз сувдан фойдаланиш бўйича пастки тизимда кескин ўзгариш қиламиз», дея Ўзбекистон Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид