Жаҳон | 16:20 / 16.09.2019
27533
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда электр узатиш линиялари портлатиб юборилди. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги электр энергияси етказиб бериш давом этаётганини билдирди

Фото: TOLOnews

Афғонистонда ҳаракат қилаётган ҳукуматга қарши жангарилар электр узатиш линиясини портлатиб юборишди. Бу ҳақда TOLOnews хабар тарқатди.

Нашр маълумотларига кўра, ҳужум натижасида Афғонистон пойтахти Кобул ва мамлакатнинг 11 вилояти электр энергиясиз қолган. Жангарилар Тожикистондан келаётган юқори вольтли электр узатиш линиясининг учта устунини портлатишгани айтилади. Шунингдек, Ўзбекистондан электр энергияси етказиб бериладиган электр узатиш линиясининг битта устуни вайрон бўлган.

Ўз навбатида, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» корхонаси Афғонистонда электр энергиясини сотиб олувчилардан электр узатиш линиялари портлатиб юборилганини тасдиқловчи маълумот олмаган. Бу ҳақда корхона Kun.uz’га хабар қилди.

Қайд этилишича, амалдаги шартнома бўйича Афғонистон Ислом Республикаси Ўзбекистондан узлуксиз электр энергиясини (кунига тахминан 1,5 миллион кВт/соат) олмоқда.

Электр узатиш линиялари, хусусан, электр узатиш устунларини таъмирлаш ва тиклаш ҳар бир мамлакат томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

«Агар бирон сабабга кўра электр таъминоти тўхтаган бўлса, биз бу афғон истеъмолчилари Тожикистон Республикасидан сотиб оладиган электр энергияси линияси орқали содир бўлган бўлиши мумкин, деб тахмин қиламиз. Агар бу тахмин рост бўлса, тожик ва афғон мутахассислари электр узатиш линияларини қачон ва қандай қилиб қайта тиклашларини билмаймиз», - дейилади «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2019 йил декабрига қадар янги Сурхон - Пули-Хумри электр узатиш линияси қурилишини тугатишни режалаштирмоқда. Дастлаб, қиймати 150 миллион долларга тенг бўлган лойиҳани (118 миллиони - афғон томонининг маблағлари) 2020 йил охирига қадар якунлаш режалаштирилган эди.

Узунлиги 260 км бўлган электр узатиш линияси Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 70 фоизга - йилига 6 миллиард кВт/с.гача оширади.

Мавзуга оид