Жамият | 12:17 / 17.09.2019
127705
4 дақиқада ўқилади

Янги ўқув йили учун «супер-контракт» тартиби ҳақида нималар маълум?

Айни кунларда олий таълим муассасасига ўқишга кира олмаганлардан оширилган контракт (супер-контракт) асосида ўқишга қабул қилиниш учун ОТМ ректорлари номига аризалар қабул қилинмоқда. Белгиланган тартибга кўра, абитуриентлар оширилган контракт асосида қўшимча қабулга кириш учун тест натижалари эълон қилинган санадан бошлаб 1 ой ичида ариза беришлари керак. Шу боис, ўқишга кириш истагида бўлганларда оширилган контракт тартиби бўйича кўплаб саволлар туғилмоқда.

Оширилган контракт асосида ОТМларга қўшимча қабулнинг жорий ўқув йили учун тартиби, тўлов суммалари ҳали расман маълум қилинганича йўқ. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, қўшимча қабулнинг 2019 ─ 2020 ўқув йили учун тартиби 15 октябрь санасига қадар маълум қилинади. («Олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан қўшимча қабулни амалга ошириш таклифлари ОТМлар томонидан вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда 15 октябрга қадар Давлат комиссиясига киритилиши керак. Қўшимча қабул бўйича қарор 20 октябрь санасига қадар қабул қилинади).

Ҳозирча оширилган контракт борасида қуйидагилар маълум:

Оширилган контракт тўловини иккига бўлиб амалга ошириш мумкин. Илгари супер-контракт учун белгиланган сумманинг ҳаммасини бир мартада тўлаш талаб этилар эди. Жорий ўқув йилидан бошлаб оширилган контракт суммасини иккига бўлиб тўлаш имкони берилади.

Супер-контракт учун ҳам таълим кредити ажратилади. Талабаларга контракт тўловини тўлашда қулайлик яратиш учун бериладиган таълим кредити оширилган контракт асосида ўқийдиганлар учун ҳам татбиқ этилиши кутилмоқда. Бу ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов тўлов-шартнома асосида ўқишнинг янги тартибига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилган эди.

Стипендиясиз тўлов оширилган контракт учун ҳам амал қилади. 2019 йил сентябрь ойидан бошлаб кучга кирган стипендиясиз тўлов (бунда контрактнинг умумий суммасидан ойлик 400 минг сўмлик стипендиянинг бир йиллик суммаси чегириб қолинади) шакли оширилган контракт асосида ўқишга қабул қилинганлар учун ҳам амал қилади. Оширилган контракт учун стипендиясиз контракт миқдори ─ 6 миллион 200 минг сўм асос қилиб олинади.

Оширилган тўлов-контракт миқдори амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан қуйидаги миқдорларда белгиланади:

  • тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига бир баллгача етмаган абитуриентлар учун — 1,5 баробар;
  • 1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун — 2 баробар;
  • 2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун — 2,5 баробар;
  • 3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун — 3 баробар.

Кириш имтиҳонларида Давлат комиссияси томонидан белгиланган минимал баллдан (56,7) кам бўлмаган балл тўплаган, лекин кириш чизиғига 4 баллдан кўпроқ етмай қолган абитуриентлар контракт суммасининг 10 бараваридан 25 бараваригача тўловни амалга оширишади.

Имтиҳонда Давлат комиссияси белгилаган минимал баллдан (56,7) кам балл йиғган абитуриентлар амалдаги оширилган тўлов-контрактнинг таълим йўналиши бўйича белгиланган энг юқори миқдорининг 2 бараварига тенг бўлган суммани тўлаш орқали ўқишга қабул қилинишлари мумкин.

Оширилган контракт асосида ўқиш учун фақат биринчи йўналишни танлаш мумкин. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Бабашевнинг маълумот беришича, ўқишга кира олмаган абитуриент ўзи имтиҳон топширган, лекин кира олмаган учта йўналишнинг фақатина биринчисига оширилган контракт асосида қабул қилиниш учун ариза топшириши мумкин. Иккинчи ва учинчи йўналишлар учун оширилган контракт асосида қабул қилинмайди.

Шунингдек, оширилган контрактлар учун бир қатор қулайликлар ва енгилликлар жорий қилиниши кутилаётгани ҳақида маълум қилинган эди.

Мавзуга оид