Жамият | 16:40 / 18.09.2019
46058
5 дақиқада ўқилади

«Бу пулга ўзлари уй қуриб кўришсин-чи!» — Самарқанд тумани катта «снос» арафасида

Самарқанд вилояти Самарқанд туманига қарашли, халқ тилида «Победа» колхози», деб аталадиган ҳудудда, эшкак эшиш канали атрофида ташкил қилинаётган туристик мажмуага олиб борадиган йўл тушган. Ўзи бундай йўл ҳозир ҳам мавжуд, лекин ташкилотчилар уни кенгайтиришмоқчи. Шу сабаб жуда кўп одамларнинг уйи бузилиш арафасида турибди. Афтидан бу «снос» кўпчиликка қимматга тушадиган кўринади.

Kun.uz мухбири дастлабки мурожаат асосида бу ҳудуднинг «Тошкент – Термиз» йўлига яқин еридаги аҳоли билан учрашди. У ердаги одамлар уйлари бузилаётгани, расмийлар атиги бир неча кун олдин бу ҳақда билдириш хати берганини айтишди.

Хатда одамлардан уйлари «снос»га тушгани сабабли қўшимча қурилиш қилмаслик сўралган. Аммо оғзаки тарзда одамларга «тайёргарликларини кўриш» қўшимча қилинган. Ваҳоланки, бирор объект бузилишидан 6 ой аввал унинг эгаси расман огоҳлантирилиши ва келишилган компенсация пули берилиши керак. Аммо мурожаатчиларга билдириш хати бериш асносида кўчиш ҳаракатини қилишлари айтилган, ҳеч қандай баҳолаш фирмаси уйларни баҳоламаган.

Одамларнинг айтишича, бирорта баҳолаш фирмаси бу ҳудуддаги уйларни баҳолашни хоҳламаган.

Таҳририятга бир-биридан бехабар яна икки гуруҳ мурожаат қилди.

«Ғалаба»нинг бошланиши ҳисобланган «Қозиариқ» маҳалласидан бир гуруҳ одамлар келишди ва бу маҳаллада аксарият одамларнинг уйларининг ярми бузилаётгани ҳақида айтишди. Бу ҳудудларда уйларнинг ҳажми шундоғам кичкина, энди эса уларнинг ярми бузилиши талаб этилмоқда. Одамлар бузилаётган уйлари учун компенсация пули миқдоридан норози. Қизиғи, баҳолаш ишлари шунчаки биноларга қараб олиб борилган. Аслида эса баҳолаш бино учун кетган барча харажатларни ҳисоблашдан иборат эмасми?

Мурожаатчилар уйлар учун таклиф қилинаётган пул ҳақида шундай дейишди: «Ўша айтаётган пулларига ўзлари уй қуриб кўришсин-чи! Бу уйларни қургунча қанча умримиз, саломатлигимиз кетди. Энди эса ўзлари айтган пулни бериб бизни уйдан чиқариб юборишмоқчи».

Уйи тўлиқ бузилаётган одамларга маҳалла ҳудудидаги фермадан жой беришмоқчи. Одамлар эса бу фермада касаллик тарқалгани ҳақидаги гаплар юргани сабаб у ерда яшашни истамаяпти. Улар маҳалладаги узумзорлардан ер, уй қуриш учун етарли пул берилса, чиқиб кетишга рози: «Биз ривожланишга қарши эмасмиз, лекин уйимиз бузилганига яраша янги уй қуриш учун пул сўрашга ҳаққимиз йўқми?».

Бу мурожаатлар мазмунини қоғозга тушираётган вақтимизда таҳририятга «Тошкент –Термиз» йўли ёқасидаги дўконларда савдо қиладиган тадбиркорлар ҳам келиб қолишди. Уларнинг айтишича, «сносчилар» ҳеч қандай расмий огоҳлантириш бермасдан, дўконни бўшатишга тайёргарлик кўришга кўрсатма беришган. Дўконлар олдида нон сотадиган нонвойлар аллақачон бошқа ерга кўчиб бўлган, трассадан дўконлар олдига кирадиган йўл ёпиб қўйилган ва савдо тўхтаган. Тадбиркорларнинг айтишича, нон бўлмаса, дўконни очишдан фойда йўқ. Одамлар айнан нон олишга тўхтаганида уларнинг дўконига киришади.

Тадбиркорлар билан суҳбатлашаётган вақтимизда Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов келиб қолди. Ҳамма уни саволга тутди. Ҳоким эса ҳозир ҳеч қаер бузилмаслиги, одамларга бошқа ердан жой ажратилишига сўз берди. Унинг сўзларига кўра, ҳеч кимнинг дўкони компенсация пули тўлиқ берилмай туриб бузилмайди.

Одамлар ҳокимдан ҳеч бўлмаса узоқ сақлаб бўлмайдиган маҳсулотларини сотиб олишлари учун йўлни очиб қўйишни сўрашди. Улар янги жой бериб, дўкон қуриш учун бир ой вақт берилса ҳам етарли бўлишини айтишди. Ваҳоланки, объект бузилишидан 6 ой аввал унинг эгаси огоҳлантирилиши ва пули берилиши керак. Чунки «снос» ҳеч кимга зарар етказмасдан, тадбиркорнинг бизнесини тўхтатмай амалга оширилиши керак.

Биз «Ғалаба»даги одамлар билан гаплашиб бир нарсага амин бўлдик: у ерда деярли ҳамма «Энди нима бўлади?» деган саволга жавоб қидириб, кайфиятсиз юрибди.

Наҳотки, шу ишларни одамларга зарар етказмайдиган қилиб амалга оширишнинг имкони бўлмаса? Ахир давлат эҳтиёжи учун бир ерни олишни ҳеч кимга зарар етмайдиган қилиб амалга ошириш учун Америка очиш шарт эмас-ку?! Шунчаки ҳаммасини қонунда белгиланган тартибда амалга ошириш керак, холос.

Умид қиламизки, раҳбарлар бошқа вилоятларда йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса чиқаришади, самарқандликлар эса «снос»дан жабр кўришмайди...

Ўткир ЖАЛОЛХОНОВ.

Мавзуга оид