Ўзбекистон | 11:25 / 19.09.2019
7492
6 дақиқада ўқилади

Мамлакатнинг ахборот соҳасидаги миллий манфаатлари белгиланмоқда

Фото: Getty Images

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси президентининг "Ўзбекистон Республикаси ягона ахборот сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикасининг ягона давлат ахборот сиёсати Концепцияси ахборот соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини амалга оширишнинг мақсад, вазифалари, тамойиллари, устувор йўналишлари ва механизмларини белгиловчи фикрларнинг ягона ва яхлит тизими ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги миллий манфаатлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий ҳолатидан, шахсий ҳаётининг ҳимоясидан қатъий назар инсон ва фуқаронинг ахборот олишга ва ундан фойдаланишга конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлаш;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти ва давлатнинг ҳамжиҳатликда ишлаш механизмларини, ҳуқуқий демократик ва кучли ижтимоий фуқаролик жамияти шаклланиши учун ахборот бўйича кўмаклашишни таъминлаш;

давлат, жамият ва фуқаро манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатнинг инфраструктураси, телекоммуникация тизимини ва ахборот хавфсизлигини мустаҳкам ва узлуксиз равишда таъминлаш;

экстремистик ва террористик ташкилотларнинг, шунингдек бошқа бузғунчи кучларнинг аҳоли онгига ва хатти-ҳаракатига, айниқса ёшларга таъсир кўрсатадиган салбий ахборот ва ғоясига қарши туриш ва огоҳлантириш;

болаларни уларнинг руҳиятини жароҳатловчи бузғунчи ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш, болаларнинг ҳаётига ва соғлиғига таҳдид солувчи жиноятларни акс эттирувчи хатти-ҳаракатларни содир этишга ундовчи ахборотларни тарқатилишига йўл қўймаслик;

миллий ахборот тизимини ривожлантириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жамиятнинг маънавий-ахлоқий, маданий ва демократик қадриятларини мустаҳкамлаш, миллий ўзликни англаш учун шароит яратиш, ватанпарварлик, интеллектуал, илмий-таълимий ривожланиш ва шахс ва жамиятнинг ўз-ўзини англаш мақсадида давлатнинг ягона ахборот маконини шакллантириш;

аҳоли, айниқса, ёшлар орасида ахборотдан фойдаланиш маданиятини ошириш, қидирув, танлаш, таҳлил қилиш, қайта ишлаш ва керакли маълумотларни тарқатиш кўникмаларини такомиллаштириш;

ахборот ҳимояси ва ахборот хавфсизлиги соҳасида хизмат кўрсатиш, ахборот хавфсизлигини таъминловчи воситаларни ишлаб чиқариш ва қўллаш учун ходимлар, илмий ва илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантириш;

давлат сиёсатининг барча соҳаларида ахборот таъминоти, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсати ҳақида Ўзбекистон Республикасининг аҳолисига ва халқаро жамоатчиликка тўғри ва холис ахборот етказиб бериш, Ўзбекистон Республикасининг сиёсати, мамлакатнинг ижобий қиёфасини (имижини) шакллантириш ва халқаро майдонда унинг нуфузини мустаҳкамлаш;

Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий яхлитлигини ва конститутсиявий тузумини зўравонлик билан ўзгартириш, зўравонликни тарғиб қилиш мазмунидаги, шунингдек миллатчилик, ирқчилик, этник ва диний душманликни қўзғатувчи ахборотларни тарқалишига йўл қўймаслик ва диний экстремизм ва терроризм ғояларига қарши курашиш;

жамиятда миллатлараро, конфессиялараро ва фуқаролараро тотувликни мустаҳкамлашда миллий ахборот манбаларининг ролини ошириш;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, жисмоний ва юридик шахсларнинг фойдаланиши чекланган ахборотни қонун ҳужжатларига мувофиқ ахборот маконида ҳимоя қилиш;

миллий манфаатларни, тенг ҳуқуқли иштирок этиш тамойилини, маданий ва маънавий-ахлоқий мустақилликни сақлаб қолган ҳолда Ўзбекистон Республикаси миллий ахборот маконини халқаро ахборот алмашинуви учун жаҳон ахборот ҳамжамиятига интеграциясини таъминлаш.

Давлат, жамият ва фуқароларнинг манфаатларига жавоб берадиган, жамият ва давлат ўртасида яқин мулоқотни йўлга қўйишга кўмаклашадиган, давлатнинг ахборот хавфсизлигини таъминлайдиган, Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар ривожлантириш вазифаларини самарали ҳал этишда ва истиқболда Ўзбекистонда демократик ахборот жамияти шаклланишига имкон берадиган, республиканинг жаҳон ахборот ҳамжамиятига киришида кўмаклашадиган  мамлакатнинг ягона ахборот маконини яратиш давлат ахборот сиёсатининг асосий мақсади ҳисобланади.

Белгиланган мақсадга эришиш доирасида асосий вазифалар қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг сўз эркинлигига ва ахборот олишга бўлган конституцсиявий ҳуқуқларини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг фуқароларини, хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахсларини Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар ривожланиши тўғрисида холис ахборот билан таъминлаш;

миллий оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш, улар учун медиа бозорида тенг шароитлар яратиш, журналистлар ва блогерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, миллий ахборот ресурсларининг миқдори ва улардан самарали фойдаланишни ошириш, уларга тўсиқсиз киришни таъминлаш, қулай шарт-шароитларни шакллантириш, Ўзбекистоннинг ахборот соҳасида давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ахборот хизматларининг имкониятлари ва салоҳиятини ошириш, уларнинг очиқлиги даражасини ошириш, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар билан ҳамкорлик қилиш орқали фуқаролик жамияти институтлари томонидан янги имкониятлар ва усуллардан фойдаланиш, фуқароларнинг, жамият ва давлатнинг ахборот эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ахборот тақдим этиш;

ахборот соҳасида ходимлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, тизимли асосда медиа таълимни жорий этиш ва аҳолининг медиа саводхонлигини ошириш;

ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни олдини олиш;

Ўзбекистонда инновацион билим ва технологиялар асосида ахборот жамиятини шакллантириш, ахборот хизматлари кўрсатиш соҳасининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, халқаро ахборот алмашинуви соҳасида глобал ахборот маконига интеграция қилиш ва унга ҳамоҳанг равишда республикамизнинг мавқеини кучайтириш;

ахборотни яратишни, тарқатишни ва улардан фойдаланишни таъминлаб берадиган ахборот технологияларини ривожлантириш, ахборот-телекоммуникация саноатини ва инфратузилмасини замонавийлаштириш;

ахборот-коммуникация технологияларини ривожланишини ҳисобга олган ҳолда миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, ахборот соҳасида муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, шунингдек, ахборот жамиятини қуришнинг зарур меъёрий-ҳуқуқий базасини шакллантириш.

Мавзуга оид