Жамият | 13:50 / 19.09.2019
10462
4 дақиқада ўқилади

Урганч шаҳридаги уйларнинг томи таъмирланмай қолди – ташқарида эса ёмғир-қорли кунлар эшик қоқмоқда

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳри, Жинговуз маҳалласи, Жайҳун кўчасидаги 42 ва 44-уйларнинг томини қайта таъмирлаш ишлари бошланган, аммо охиригача етказилмаган. Уйларда истиқомат қилувчи аҳоли ёмғир-қорли кунлар яқин қолгани сабабли бундан хавотир олмоқда.

Шу йилнинг апрель ойида уйларнинг фасад қисмини ва томини қайта таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган эди. Фасадни таъмирлаш ишлари 100 фоиз бажарилган, аммо том ҳақида бундай деб бўлмайди.

Хоразм вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси маълумотига кўра, уйларнинг томини таъмирлаш ишлари «Қадам ота Мардона» МЧЖга топширилган, бироқ фақат 60 фоизга бажарилган, холос. Хусусан, томга ёғоч каркас ўрнатилган, аммо навбат профнастил билан ёпишга келганда ишлар тўхтаб қолган.

«Қадам ота Мардона» МЧЖ раҳбари Анвар Муродов билан боғланиб, вазият бўйича изоҳ олганимизда у томни таъмирлаш ишлари маблағ тугагани туфайли тўхтаб қолганини айтди.

«Жайҳун кўчасидаги 42 ва 44-уйларнинг томини таъмирлаш ишлари Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан корхонамизга юклатилди. Умумий смета харажати 408 миллион сўм қилиб белгиланди. Бугунги кунгача корхонамиз томонидан ўз маблағимиз ҳисобига 250 миллион сўмлик иш бажарилди. Аммо ҳали бу пулларнинг 1 тийинини ҳам олганимиз йўқ. Маблағ йўқлиги сабабли қолган ишлар тўхтаб қолган», - деди Муродов. 

Уйларга коммунал хизмат кўрсатувчи «Урганч Шоҳрухбек коммунал сервис» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (ХУЖМШ) раиси Отажон Бўроновнинг сўзларига кўра, 42 ва 44-уйларнинг аҳолиси томни таъмирлаш ишлари чала қолганидан хавотирда.

«42 ва 44-уйлар қиш мавсумига тайёр эмас. Аслида ширкатимиз бу ҳақда кафолат хатини бериши керак эди. Аммо томни таъмирлаш ишлари тугатилмагани сабабли, кафолат хатини беролмаймиз. Ёзда қаттиқ ёғингарчиликда хонадонлар деворидан чакка ўтгани туфайли одамлар моддий зарар кўрган ҳолатлар бўлди. Кузда ҳам бу ҳолат такрорланмайди деб ҳеч ким кафолат беролмайди. Албатта хонадон эгалари бундан хавотирда», - деди Бўронов.

Урганч шаҳар ҳокимлиги Жайҳун кўчасидаги 42 ва 44-уйлар билан боғлиқ муаммодан хабардор. Қурилиш ишлари бўйича ҳоким ўринбосари Комилжон Шомуродов маблағ масаласида кўмак беришни ваъда қилди.

«Дарҳақиқат, Жайҳун кўчасидаги 42 ва 44-уйларнинг томини таъмирлаш ишлари чала қолган эди. Томдан чакка ўтгани масаласига келсак, ёзда ширкат томонидан бу муаммо бартараф қилинди. Энди ёмғир-қорда чакка ўтмайди. Томни тўлиқ таъмирлаш бўйича маблағ билан таъминлаш масаласини шаҳар ҳокими билан муҳокама қиламиз. Бу муаммога кредит маблағларини жалб қилиб, ечим топишимиз мумкин ёки бошқа имкониятдан фойдаланамиз», - деди Шомуродов.

Албатта ёмғир-қорли мавсум арафасида уйларнинг томини таъмирлаш ишлари якунланмагани хавотирли ҳолат. Бунда йўл қўйилган сусткашлик эртага янада каттароқ, кўпроқ харажат талаб қиладиган муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Умид қиламизки, Урганч шаҳар ҳокимлиги масаланинг ечимини топиб, қурувчи ташкилотни маблағ билан таъминлайди. Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати уйларнинг қишки мавсумга тайёрлигини маромига етказиб, кафолат хатини беради. Одамларнинг хавотирига эса барҳам берилади.

Kun.uz мухбири Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид