Спорт | 19:10 / 21.09.2019
12769
2 дақиқада ўқилади

Болтабоев Гран-при ғолиби ва жаҳон рекордчиси. Матниёзова финалда ютқазди

Дзюдо бўйича Тошкент-2019 Гран-при турнирининг 21 сентябрь иккинчи кунги беллашувлар якунлари ўзбекча финал билан ниҳояланди.

Эркаклар ўртасидаги -81 кг вазнда финалгача етиб келган икки ўзбекистонлик дзюдочи Шарофиддин Болтабоев ва Камолиддин Расулов ғолиблик учун татамига тушди. Унда Шарофиддин Болтабоевнинг қўли баланд келди.

Шунингдек, Ш.Болтабоев энг тезкор ғалабага эришган дзюдочи сифатида жаҳон дзюдоси тарихига ҳам кирди. У иккинчи даврада хитойлик рақибини икки сонияда мағлуб этган эди.

Бронза медаллари учун австриялик Ш.Бурчашвили Муса Собировга қарши, белгиялик С.Чоучи россиялик А.Азизовга қарши татамига тушди. Ушбу баҳсларда Ш.Бурчашвили ва С.Чоучилар ғолиб бўлди.

Гулноза Матниёзова -70 кг вазнда иккинчи ўринни эгаллади.

Аёллар ўртасида -70 кг вазнда финалгача етиб келган ўзбекистонлик дзюдочи Гулноза Матниёзова грециялик Э.Телтседоуга ютқазди ва иккинчи ўрин билан кифояланди.

Учинчи ўринлар нидерландиялик Ҳ.Жагер ва Э.Родригесларга насиб этди.

Бундан аввал -73 кгда Ҳикматулло Тўраев Гран-при ғолиби бўлган эди. Шундай қилиб мусобақанинг иккинчи кунида ўзбекистонлик дзюдочилар иккита олтин иккита кумуш медални қўлга киритишди, шунингдек, Муса Собиров ҳам бешинчи ўриндан жой олди..

Мавзуга оид