Жамият | 16:00 / 21.09.2019
31641
7 дақиқада ўқилади

Яна «снос» ҳақида. Зангиота тумани ҳокимининг ўзига хос қарори товон пули бермасликка сабаб бўлмоқда

Сўнгги вақтларда «снос» мавзуси кўплаб нашрлар томонидан кенг ёритилмоқда. Бунга, албатта, бир томондан улкан бунёдкорлик ишлари сабаб бўлаётган бўлса, иккинчи томондан бузилиш муносабати билан белгиланган товон пули ва ер майдони ажратишга доир қонун ҳужжатлари талаблари бажарилмаслиги ёхуд пайсалга солиниши фуқароларнинг бу мавзудаги мурожаатлари сони ортишига олиб келмоқда. Зангиота туманидан бўлган мурожаатлардан бири ҳам айнан шу ҳақда бўлди.

«22 июнь куни ҳокимлик вакиллари, шу жумладан Зангиота тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мавлонов Аваз ҳам келди ва шу учрашувда «Дўконинг бузилади, нархлатиб қўйгин», деб оғзаки айтишди. Ўша вақтда қўни-қўшниларнинг уйлари бузилиши бошланганди. Мен улар таклиф қилган баҳоловчига, яъни Appraisal Group фирмасига дўконим ва новвойхонамни баҳолатдим. Барча ҳужжатларимни тақдим этгач, 3 кун ичида баҳолаб беришди. 25 июнда тайёр бўлган баҳолаш хулосасини барча ҳужжатларим билан бирга ҳокимликка топширдим. Улар менга шу куни огоҳлантириш хатини беришди. Унда 7 кун ичида баҳолаш натижасини ҳокимликка топшириш сўралганди. 8 июлда эса, бўлди, бу ерлар бузилади, деб газ тармоғидан узиб кетишди», - дейди автобус бекатини харид қилган тадбиркор Дилхуш Ҳамидов.

Дилхуш Ҳамидов

Унинг сўзларига кўра, бир дўкон, новвойхона ва кичик тамаддихона, сомсахонадан иборат манзилда 10 иш ўрни яратилган эди. Газ тармоғидан узилгани боис, уларнинг фаолияти тўхтаб қолган. Шу билан бирга, ҳокимлик тадбиркорга «снос» қилингани учун бинога товон пули берилмаслиги, фақат ер майдони ижара асосида фойдаланиш учун берилишини билдирган. Уни қийнаётган масала шундаки, шу вақтгача солиқ тўлаб келган, қолаверса, 1994 йилда барпо қилинган, эгалик ҳуқуқи билан сотилган бино бузилишга келганда ноқонуний бинога айланиб қолмоқда. Бино тарихига назар ташланса, у ушбу тадбиркоргача 1 марта сотилган. 1994 йилда бу жойда дўкон қурган шахс уни 2007 йилда бошқа бир фуқарога сотган. Тадбиркорнинг айтишича, у бу мулкни 2017 йилда харид қилган, барчаси қонуний тартибда, нотариус орқали расмийлаштирилган. Бундан ташқари, ижара асосида тавсия қилинаётган ер майдони ҳам серқатнов йўл ёқасидан эмас, балки туман марказининг ичкари ҳудудидан, харидорлар кам бўлган жойдан тавсия этилмоқда.

Ушбу суҳбатдан сўнг, тадбиркорда пайдо бўлган ва жавобсиз қолаётган саволлар бўйича изоҳ олиш мақсадида ҳоким ўринбосари Аваз Мавлонов билан учрашдик.

Аваз Мавлонов

«Бекат-дўкон Ҳамидов Дилхушга тегишли бўлиб, бундан 12 йил аввал, 2007 йил 6 январда имзоланган 24-сонли қарорнинг учинчи бандида йўл кенгайиши ёки ободонлаштириш тадбирлари режалаштирилса, мулк эгаси бинони ўз ҳисобидан бузиб олиши шарт, деб белгилаб қўйилган. Қарорда ушбу шарт мулк эгаси ўзгаришидан қатъи назар ўз кучида қолиши таъкидланган.

Тўғри, мулк эгаси ўзгарган, аммо у ҳам бекат-дўконни харид қилишида ушбу шарт билан таништирилган. Биз тадбиркор фаолиятини тўхтатмасдан янги жой таклиф қилганмиз, аммо Дилхуш Ҳамидов қонунни яхши тушунмаслиги боис, кўпроқ талабларни қўймоқда. Ҳоким қарорида эса, барчаси аниқ ёзиб қўйилган. Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолиятини давом эттириши учун тенг қийматдаги ер таклиф этилган», - дейди Аваз Мавлонов.

Ҳоким ўринбосари тадбиркор кўпроқ талабларни қўймоқда, деган сўзларига изоҳ берар экан, бекат-дўконнинг ноқонуний қурилган қисми учун ҳам товон пули сўраётганини билдирди.

«Вазирлар Маҳкамасининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилаётган ва олиб қўйилаётган ер майдонлари учун товон пули тўлашни тартибга солувчи 97-сон қарори мавжуд. Товон пули ва ер участкаси ушбу қарорга мувофиқ тўланади ва берилади», дея таъкидлади ҳоким муовини.

Келинг, ҳокимлик вакилининг изоҳларидан сўнг, тадбиркор тақдим этган ҳужжатлар билан танишсак. Зангиота туман ҳокимининг 2007 йил 6 январдаги 24-сон қарори 1-бандида «Эшонгузар» қўрғони ҳудудида жойлашган Аҳад Мўминовга қарашли бекат дўкон биносининг ташқи майдони 91,56 кв.м. ҳажмида мулкига эгалик ҳуқуқи берилсин ва Давлат кадастр рўйхатидан ўтказилсин, дея таъкидланган. Шу билан бирга, унинг 2-бандида литер 0001 бекат-дўкон -72,53 кв.м. ҳажмидаги биносига эгалик ҳуқуқи берилсин», дейилади. 

Аммо, айни қарорнинг 3-бандида «Йўл кенгайиши ёки ободонлаштириш тадбирлари режалаштирилса, мулк эгаси биноларни ўз ҳисобидан бузиб олиши шартлиги, ушбу шарт мулк эгаси ўзгаришдан қатъи назар ўз кучида қолиши қайд этилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 97-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 31-бандида шундай дейилган: «Ер участкаларини олиб қўйишда объектларни бузишга кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарар тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади. Жисмоний ва юридик шахсларга ноқонуний қарор чиқарилиши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда, тегишли давлат органларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади ва кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади».

Низомнинг мазкур бандини ўқир эканмиз бир савол пайдо бўлмоқда. Маҳаллий ҳокимлик органи бирор қарорни чиқаришда юқоридаги каби шартни аниқ белгилаб қўйган ҳолда қарор чиқара оладими? Ҳуқуқий жиҳатдан бу мумкинми?

Бу саволга жавоб излар эканмиз, вилоят Адлия бошқармасининг мазкур масала бўйича туман ҳокимига қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш юзасидан йўллаган огоҳномаси диққатимизни тортди. Унда таъкидланишича, Д.Ҳамидовга қарашли мазкур бекат дўкон биносига эгалик ҳуқуқи берилган ва бу ҳуқуқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган. Огоҳномада, шунингдек туман ҳокимлигига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги ПФ-5495-сон Фармони талабларига риоя этилиб, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилиши лозимлиги кўрсатилган.  

Ваколатли органнинг ушбу талаби Зангиота туман ҳокимлиги томонидан ҳозирча таъминланаётганича йўқ.

Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Толиб Раҳматов

Мавзуга оид