Иқтисодиёт | 17:15 / 22.09.2019
16782
3 дақиқада ўқилади

60 миллионлик бизнес марказ, анор ва кишмиш экспорти — «Очиқ жануб» форумига қандай таклифлар билан келишди?

21-22 сентябрь кунлари Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳрида «Очиқ майдон» иккинчи халқаро бизнес форуми ўтказилди. Унда 20 мамлакатдан  170 дан ортиқ инвестор ва корхоналар қатнашиб, турли хил таклифлар билан келишди. Бугун, 22 сентябрь куни қатор делегациялар Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов билан учрашув ўтказишди ва қизиқарли таклифлар билан чиқишди.

Хусусан ҳиндистонлик тадбиркорлар янги барпо этилаётган «Termiz city» ҳудудида 60 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиб, бизнес марказ қуриш лойиҳасини тақдим этишди. Сурхондарё вилоят ҳокими дастлабки келишувларга эришилган бу лойиҳа амалга оширилиши учун ҳар қандай ёрдамни аямаслигини айтди. Тўра Боболов бу қурилишни амалга оширадиган «Alok design built» корхонаси вакилларидан инженер ва архитекторлардан ташқари қолган ишчилар ўзбекистонлик бўлишини сўради. Корхона раҳбари Алок Кумар бу таклифга рози бўлди.

Яна бир ҳиндистонлик тадбиркор Сурхондарёда иссиқхона учун керакли бўлган жиҳозларни ишлаб чиқариш таклифини берди. У вилоят ҳудудида ушбу турдаги товарларга эҳтиёж қанчалик бўлишини билиш учун кўргазма ўтказишга рухсат олди.

Шу куни Тўра Боболов Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов ҳамроҳлигидаги Қандаҳор вилояти делегациясини қабул қилди. Делегация вакилларининг айтишича, қандаҳорлик расмийлар Ўзбекистонга илк марта келишган. Қўшни мамлакатнинг бу машҳур вилояти делегациясига Қандаҳор савдо саноат палатаси раиси Юсуф Юсуфи раҳбарлик қилди.

Қандаҳорликлар Ўзбекистонда етиштириладиган қора кишмиш экспортига қизиқиш билдиришларини маълум қилишди. Уларнинг айтишича, Ўзбекистон бундай турдаги узумни энг сифатли етиштирадиган мамлакатлардан бири. Қандаҳорлик тадбиркорлар Ўзбекистон кишмишини Қандаҳор орқали Ҳиндистонга ҳам экспорт қилиш мумкинлигини айтишди.

Шунингдек делегация вакиллари Қандаҳорнинг машҳур анорини Ўзбекистонда етиштириш борасида таклиф билан чиқишди. Сурхондарё ҳокими бу лойиҳага қизиқиш билдирди ва қандаҳорлик тадбиркорларга бу борада ёрдам беришини маълум қилди. Тўра Боболов қандаҳорлик меҳмонларга Шерободдаги анорзорларни ҳам томоша қилишни таклиф қилди. 

352 миллион долларлик шартнома

«Очиқ жануб» бизнес форуми доирасида инвестор ва хорижий корхоналар билан умумий қиймати 352,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 70 та шартнома имзоланди. Энг кўп шартнома (65,76 миллион АҚШ доллар) Олтинсой тумани вакиллари билан имзоланди. Бойсунлик тадбиркорлар эса 51 миллион долларга тенг шартномалар имзолашди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Мавзуга оид