Навоийдаги ЖИЭМда вафот этган маҳбус иши бўйича суд давом этмоқда. Суд-тиббий экспертлари кўрсатма берди
18 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислигида Навоийдаги 47-сонли жазони ижро этиш муассасасида вафот этган Ш.С. иши бўйича суд мажлиси давом эттирилди.
Бу галги суд мажлисида марҳумни экспертизадан ўтказган экспертлар Жамолиддин Бегбоев, Шаҳло Юнусова, эксгумацияда иштирок этган эксперт Шоҳсанам Ядгарова ва тергов ҳибсхонаси фелдьшери Улуғбек Бердиев гувоҳ сифатида кўрсатма беришди.
Жамолиддин Бегбоев, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент вилоят филиали эксперти:
– Бу ҳолат бўйича 2018 йил охирида Шаҳло Юнусова мени чақирди-да, шу ишни кўриш бўйича маслаҳат сўради. Мен «ақлинг бўлса, бу ишни кўрма» деб жавоб бердим. Чунки ташхис тўғри келмагани кўриниб турарди. Тақдир бўлиб, бу иш барибир у ва менга келиб қолди. Гистология – бу ички аъзоларнинг парчалари ҳолатини микроскоп ёрдамида ўрганиб, ўлимга ва касалликка боғлиқлигини баҳолаб берувчи фан. Бу фаннинг ҳам ўз тили бор. Олдинги бир экспертиза хулосасида протокол қисмида жароҳатларнинг белгиси санаб ўтилган, бироқ хотима қисмида сепсис деб қўйган. Мен Шаҳло Юнусова раислигидаги суд-тиббий экспертизасида қатнашдим ва тўлиқ ёритиб берганман. Ҳар бир ҳолатни таҳлил қилиб, ўз жавобимни айтдим. Электр тамға, шок, бош мия лат ейиши ва бошқа ҳолатларни таҳлил қилиб берганман. Аммо, менинг хулосам комиссион бўлимга ёқмади. Шундан сўнг, менга нисбатан босимлар бошланиб кетди. Мен буни аудиоёзув қилиб олганман ҳам. Мен буни исботлаш учун судга тақдим қилишга тайёрман.
Ж. Бегбоев томонидан судга тақдим этилган аудиоёзувлар акс эттирилган диск иш ҳужжатларига қўшиш ва уни суд мажлисида эшитиш масаласи ўртага қўйилди. Раислик қилувчи томонидан тарафлар фикри сўралди. Ҳамма бир овоздан розилик берди.
– Менга нисбатан бошлиғим тарафидан босимлар бўлди. «Нега сепсис қўйиб бермайсан? Нега сепсисни тасдиқлаб бермайсан?» дейишди. Мен хулосамда электр тамға, шок ҳолати, бош мия лат ейиши каби хулосалар берганман.
Прокурор: – Айтингчи, сизга тазйиқ бўлган бўлса, сиз бирорта ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бердингизми?
Бегбоев: – 4 марта виртуал қабулхонага, 6 марта Бош прокуратурага, Омбудсманга, Меҳнат вазирлигига, Сенатга мурожаат қилдим. Менда хатлар бор. Агар хоҳласангиз, илова қилишим мумкин. Улар яна қайтариб Тошкент шаҳар прокуратурасига ташлашади. Прокурорлар «илтимос ёзмай туринг, қиляпмиз» дейишади. Мана 1 йил ўтиб ҳам кетди.
Бу буйрак етишмовчилиги эмас. Сепсис дейишяпти, экспертиза хулосаларидаги белгилар сепсисга тааллуқли эмас. Жигарда диффуз ёғли гепатоз дейиляпти, лекин бу сепсис белгиси эмас.
Бегбоев экспертиза хулосасида берган ҳар бир фикрига ўз асосларини берди.
– Биз хулосамизни ҳолат қандай бўлса, шундай беришимизни айтганмиз. Биздан кейин 50 та жойга олиб боришса ҳам, айб чиқмасин. Экспертлар Хван, Ахроровлар кўп илтимос қилишди. Бўлим мудири Жамила Хошимова ҳам чиқиб сепсис қўйиб беришимни сўради. Авваламбор, Худо сақласин туҳматдан қўрқаман. Якунда айтиш мумкинки, беморда сепсис бўлмаган. Бемор ўлими жароҳатларга боғлиқ бўлган, шунингдек электр тамға ҳам бор. Бу электр токи терига текканида ҳосил бўладиган жароҳат. Берган хулосаларим ортидан терговчилар томонидан ҳам босимлар бўлди. «Нега сепсис чиқмади, нега ундай, оилангга раҳминг келадими?» деган гаплар тазйиқ-ку, ахир?
Шундан сўнг, марҳумнинг эксгумация экспертизасини ўтказган суд эксперти сўзга чиқди.
Шоҳсанам Ядгарова, олий тоифали эксперт:
– Биз ўлим сабабини марҳум ҳаётлигида олган жароҳатлари сабабли олган дея хулоса берганмиз. Бу хулосага келишимизга сабаб, биз бир неча марта қайта лаборатор текшируви ўтказдик, эксгумация қилдик. Натижада шу хулосага келганмиз. Рухсат берсангиз, экспертизани қандай қилиш бўйича адабиётларни тақдим этаман.
Прокурор: – Айтинг-чи, ўпка невралари остида қон қуйилиш, юрак эхикардия остида қон қуйилиш, ошқозон шиллиқ қаватида қон қуйилиш, буйрак усти безида қон қуйилиши каби ҳолатлар жароҳат оқибати бўлиши мумкинми?
– Булар «сотрясание внутренных органов» дейилади. Бу ва шок ҳолатларда шундай ҳоллар келиб чиқади. Бу айнан жароҳат натижасида бўлган оғир шок ҳолатидан келиб чиққан. Биз бу жароҳатларни марҳум тириклигида олганини кўрсатганмиз.
Прокурор: – Нима сабабдан бу мураккаб экспертизада врач-реаниматолог, гематолог, иммунолог, нефролог каби тор соҳадаги мутахассисларни жалб қилмагансиз?
Ш. Ядгарова: – Улар нимага керак? Гематологик касаллик бу ерда йўқ. Текширувларда тромбоцитлар ва яна бошқа ҳолатлар нормада. Гематолог бизга керак эмас эди. Бу мутахассислар бизга керак эмас деб биргаликда қарор қилганмиз. Гистолог ҳужайралар даражасида текширади. Биз шундай даражада текширганмиз. Гематологик касаллик ҳам, сепсис ҳам йўқ. Сепсисда терини ранги кулранг тусга кириб кетади. Биз шу ишни олганимиздан бери тазйиққа учраяпмиз. Охири мен бўшадим ўша бўлимдан. Ортиқ экспертиза ҳам ўтказмайман.
Адвокатлардан бири тазйиқлар бўлгани ҳақида бирор жойга шикоят қилингани ҳақида қизиқди.
Ш. Ядгарова: – Порталга бир неча марта мурожаат қилдим. Прокуратурага терговчи Маҳамматқулов устидан шикоят қилсам, унинг ўзи жавоб берди. Буни мен судга ҳам тақдим қила оламан. Тазйиқ ҳақида айтсам, у мени чақирди. Олдин бошқа ишда у менга адоватга бориб қолганди. Бу ишда сепсис деб ўзининг фикрини сингдираверди. Кечки соат 18:00да борган бўлсам, тунги соат 01:00гача ушлаб турди.
Эксперт, тиббиёт фанлари номзоди Шаҳло Юнусова ҳам ўхшаш кўрсатмалар берди. Экспертизада ҳеч қандай сепсис аниқланмагани, жароҳат натижасида марҳум вафот этганини билдирди ва илмий асослар келтирди.
Сўнгги гувоҳ сифатида 1-сонли Тергов ҳибсхонаси тиббиёт бўлимида фельдшер вазифасида ишловчи Улуғбек Бердиев ҳам ўз кўрсатмаларини берди. Ушбу гувоҳ марҳумнинг вафоти олдидан шифохонага олиб борган бўлиб, унга нисбатан терговда тазйиқлар бўлганини айтди.
Ушбу суд мажлисида гувоҳлар берган кўрсатмалар бир-бирига ўхшаш бўлди. Экспертлар марҳум сепсисдан эмас, жароҳатдан вафот этган деган фикрни илгари суришди. Экспертлар ва фельдшер ҳам унга нисбатан тазйиқ ва босимлар бўлганини айтиб ўтишди.
Маълумот учун, Навоийдаги 47-сонли жазони ижро этиш муассасасида вафот этган Ш.С. ўлими билан боғлиқ ҳодиса юзасидан Бош прокуратура томонидан ўтказилган қўшимча тергов натижаларига кўра, марҳум С.Ш.нинг ўлимида тиббий ёрдам кўрсатган 4 нафар тиббиёт ходими Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айбланиб, жиноят иши айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига қайтарилган. Ҳозирда жиноят иши Тошкент шаҳар судида кўриб чиқилмоқда.
Мавзуга оид
14:48 / 18.12.2024
Навоийда 33 ёшли эркак ўлдирилиб, Зарафшон дарёсига ташлаб юборилди
10:49 / 15.12.2024
Андижон ва Навоийда ноқонуний ер сотмоқчи бўлган шахслар ушланди
13:10 / 11.12.2024
Навоийда электромонтёр 12 кишининг номига кредит олиб, онлайн қиморга ютқазиб қўйди
16:26 / 07.12.2024