Ўзбекистон | 12:12 / 23.09.2019
104374
16 дақиқада ўқилади

Талабаларга стипендиялар тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисидаги қарор лойиҳаси эълон қилинди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тўлаш тартиби ва миқдорлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Республика олий таълим муассасаларининг кундузги шаклида давлат гранти ва бир йиллик ўқитиш қийматининг стипендияли миқдорини тўлаган, тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларни (хорижий талабалардан ташқари) стипендия билан таъминлаш тизими жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, олий таълим муассасаларига эга бўлган бошқа вазирлик ва идоралар талабанинг ҳар ойда тўланадиган базавий стипендия миқдорини тўлов-контракт шаклида ўқитишнинг қиймати миқдорига ўз хоҳишига кўра киритилишини инобатга оладилар.

Бунда, ўқув йили учун тўлов-контракт қиймати миқдорига киритилган ҳар ойда тўланадиган стипендия суммаси талабага унинг ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъий назар тўланиши белгиланади.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида ўқитишнинг кундузги шаклида давлат гранти ва бир йиллик ўқитиш қийматининг стипендияли миқдорини тўлаган, тўлов-контракт асосида таълим олаётган ҳамда номли давлат стипендияларига тавсия этилган (хорижий талабалардан ташқари) Олий таълим муассасалари талабалари стипендияларининг базавий миқдорлари белгиланади.

Бунда, давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга тўловни қайси кўринишда (стипендияли ёки стипендиясиз) амалга оширганидан қатъий назар, қуйидаги рағбатлантириш тўловлари тайинланади:

барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” баҳо (рейтинг кўрсаткичи 86 баллдан кам бўлмаган) бўлган талабаларга навбатдаги ўқув семестри давомида базавий стипендиянинг 15 фоизи миқдорида;

ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” ҳамда “аъло” ва “яхши” баҳо бўлган ёки жамоат ишларида фаол ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож талабага навбатдаги ўқув семестри давомида тайинланган жами стипендияга нисбатан 50 фоизгача миқдорда;

иқтидорга эга, халқаро ёки республика ёки олий таълим муассасаси миқёсида талабалар ўртасида ўтказилган фан (таълим йўналиши) олимпиадалари ғолиби бўлган талабага базавий стипендия миқдорига нисбатан бир ўқув йили давомида қуйидаги тартибда алоҳида моддий рағбатлантириш тўловлари тайинланади:

халқаро миқёсдаги олимпиада ғолибига – 50 фоиз;

республика миқёсидаги олимпиада ғолибига – 25 фоиз;

олий таълим муассасаси миқёсидаги олимпиада ғолибига – 15 фоиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси ва Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номидаги Давлат стипендияларини олувчи талабаларга стипендиялар тайинлаш ва тўлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

Бунда, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб номли давлат стипендияларини тўлаш билан боғлиқ харажатлар талабаларнинг давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида таълим олаётганидан қатъий назар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи босқич талабалари учун стипендияларнинг базавий миқдорлари белгиланади ва талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичига қараб стипендияларга қуйидаги табақалаштирилган коэффициентлар қўлланган ҳолда амалга оширилади:

рейтинг бўйича энг юқори баллар (86 — 100 балл) — 1,0;

рейтинг бўйича юқори баллар (71 — 85 балл) — 0,75;

рейтинг бўйича ўртача баллар (55 — 70 балл) — 0,5.

Олий таълим муассасалари талабалари стипендияларининг базавий миқдорлари 

Т/р

Талабалар тоифаси
(хорижий талабалардан ташқари)

Миқдори
(бир ойда сўм)

1.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат стипендияси стипендиатларига

1 692 702

2.

Беруний, Ибн Сино, Навоий, Улуғбек, Имом ал-Бухорий ва Ислом Каримов номидаги Давлат стипендиялари стипендиатларига

1 128 468

3.

Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиянинг базавий миқдори

400 000

4.

Барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” баҳо (рейтинг кўрсаткичи 86 баллдан кам бўлмаган) бўлган талабаларга тайинланадиган стипендиянинг миқдори

460 000

5.

Ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” ёки “аъло” ва “яхши” баҳо бўлган ёки жамоат ишларида фаол ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларга тайинланадиган стипендиянинг миқдори

690 000 гача

6.

Иқтидорга эга, ҳалқаро, республика ва олий таълим муассасаси миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ғолиби бўлган талабага алоҳида тайинланадиган қўшимча стипендиянинг миқдори:

халқаро миқёсдаги олимпиада ғолиби

республика миқёсидаги олимпиада ғолиби

олий таълим муассасаси миқёсидаги олимпиада ғолиби

 

 

 

200 000

100 000

60 000

7.

Кар-соқов, кўзи ожиз ҳамда 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган талабаларга стипендия белгиланган стипендияга нисбатан 50 фоиз юқори миқдорда назарда тутилади

 

Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Президентининг стипендиялар миқдорини ошириш тўғрисида фармони қабул қилиниши муносабати билан олий таълим муассасалари талабалари стипендияларининг базавий миқдорлари ўзгарган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан олий таълим муассасалари талабалари стипендияларнинг жадвалда кўрсатилган миқдорларига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи босқич талабалари учун стипендияларнинг базавий миқдорлари

Т/р

Талабалар тоифаси
(хорижий талабалардан ташқари)

Миқдори
(бир ойда сўм)

1.

Олий таълим муассасалари талабалари

752 312

2.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сирасига кирувчи талабалар

816 426

3.

Давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-оналар васийлигисиз қолган болалар сирасига кирувчи талабалар

717 882

4.

Байналмилал бурчини бажаришда ярадор бўлиш, контузия, жароҳатланиш ёки касалланиш оқибатида ногирон бўлиб қолган собиқ ҳарбий хизматчилар сирасига кирувчи талабалар

852 716

5.

Собиқ байналмилалчи жангчилар сирасига кирувчи талабалар

816 426

6.

Олий ўқув юртларида математика, амалий математика ва информатика, ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги мутахассисликлари бўйича таълим олаётган талабалар

818 758

7.

Кар-соқов ва кўзи ожиз талабаларга стипендия белгиланганга нисбатан 50 фоиз юқори миқдорда назарда тутилади

 

Изоҳ: Ўзбекистон Республикаси Президентининг стипендиялар миқдорини ошириш тўғрисида фармони қабул қилиниши муносабати билан олий таълим муассасалари талабалари стипендияларининг базавий миқдорлари ўзгарган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг буйруғи билан олий таълим муассасалари талабалари стипендияларнинг жадвалда кўрсатилган миқдорларига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага кўра, олий таълим муассасаларида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат ва магистратурада таълим олаётган талабаларга тўланадиган стипендиянинг базавий миқдори 400 000 (тўрт юз минг) сўм этиб белгиланади.

Мазкур стипендия (талабаларни рағбатлантириш билан боғлиқ тўловлардан ташқари) тўлов-контракт асосида таълим олиб, тўловларни стипендиясиз миқдорда амалга ошираётган бакалавриат ва магистратура талабаларига тўланмайди.

Олий таълим муассасалари талабаларига стипендия тайинлашни стипендия комиссияси қуйидаги тартибда амалга оширади:

а) Давлат гранти асосида ўқитишнинг кундузги шаклида таълим олувчи талабаларга:

биринчи босқич талабаларига стипендия тўлови ўқув йилининг 1-семестри мобайнида базавий стипендия миқдорида белгиланади;

аввалги семестр натижаларига кўра фанлар бўйича ўзлаштирувчи талабаларга стипендия тўлови стипендиянинг базавий миқдорида белгиланади;

аввалги семестр натижаларига кўра барча фанлардан ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” (рейтинг кўрсаткичи 86 баллдан кам бўлмаган) бўлган талабаларга стипендиянинг базавий миқдори 15 фоизга оширилган ҳолда белгиланади;

2019/2020 ўқув йилининг 2-семестридан бошлаб аввалги семестр натижаларига кўра ўзлаштириш кўрсаткичи 30 фоиз ва ундан ортиқ фанлар бўйича “қониқарли” баҳо (рейтинг кўрсаткичи 55-70 балл бўлган) бўлган талабага навбатдаги семестр учун стипендия тайинланмайди;

олий таълим муассасаларида 2019/2020 ўқув йилида битирувчи босқич талабалари учун стипендия тўловлари ўзлаштириш кўрсаткичига қараб табақалаштирилган коэффициентларни қўллаган ҳолда амалга оширилади.

б) Олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитишнинг кундузги шаклида таълим олувчи талабаларга тегишли ўқув йили учун ўқитиш қийматининг стипендияли миқдорини тўлаган талабаларга ўқув йили мобайнида уларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларидан қатъий назар стипендиянинг базавий миқдори тўланади.

Стипендия тўлаш учун стипендия комиссияси тавсия этган талабаларнинг рўйхатлари олий таълим муассасаси ректорининг (филиал директорининг) ёки унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг буйруғи билан тасдиқланади.

Ўзлаштираётган талабаларга стипендия тайинлаш ўқув йилида икки маротаба ўтказилади ва стипендия ҳар бир ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб тўланади.

Тошкент давлат юридик университетида ўзлаштираётган талабаларга стипендия тайинлаш ўқув йилида икки маротаба ўтказилади ва стипендиялар якуний назорат натижалари эълон қилинганидан сўнг, ҳар бир ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб тайинланган ҳолда тўланади.

Ўқув семестри учун ўзлаштириш натижалари бўйича узрсиз сабабларга кўра академик қарзга (бир ёки ундан кўп фанлар бўйича 55 % дан кам рейтингга) эга бўлган олий таълим муассасаларининг талабалари кейинги ўқув семестри ойининг биринчи кунидан бошлаб стипендия олиш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар.

Белгиланган тартибда академик қарзини бартараф этган (тегишли фанлар бўйича 55 ва ундан кўп фоиз тўплаган) талабаларга стипендия академик қарзни бартараф этиш муддати тугаганидан кейинги ойнинг 1-кунидан бошлаб, базавий стипендия миқдорида кейинги ўқув семестрига қадар тайинланади.

Қайта ўзлаштириш учун уларга тақдим этилган бир ойлик муддат мобайнида академик қарзини бартараф этмаган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назарий ўқишнинг кейинги семестрига (курсига) ўтказилган ҳамда кейинчалик академик қарзини бартараф этган (тегишли фанлар бўйича 55 ва ундан кўп фоиз тўплаган) Тошкент давлат юридик университети талабаларига стипендия академик қарз бартараф этилгандан кейин келадиган ойнинг биринчи санасидан бошлаб, базавий стипендия миқдорида, академик қарз бартараф этилган ўқув семестрининг охирига қадар тайинланади.

Касаллиги ёки тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланадиган бошқа узрли сабабларга кўра академик қарзга эга бўлган талабалар академик қарзларини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда бартараф этгунларига қадар стипендиядан маҳрум этилмайдилар.

Ҳужжат билан тасдиқланган узрли сабабга кўра баҳолашнинг (рейтинг назоратининг) бирор-бир турини топширмаган Тошкент давлат юридик университети талабаларига қайта ўзлаштириш учун академик қарздорларга тақдим этиладиган давр учун стипендия баҳолаш (рейтинг назоратини)ни муваффақиятли топширган тақдирда тўланади.

Ўқув режаси асосида амалга оширилган малака амалиётлари ва таътиллар даврида талабаларнинг стипендия олиш ҳуқуқи сақланади.

Пенсия оладиган талабаларга стипендия умумий асосларда тайинланади.

Талабаларга академик таътил даврида стипендия тўланмайди. Талаба академик таътилдан қайтганидан кейин унга стипендия тўлаш базавий миқдорида жорий ўқув семестрининг охирига қадар тикланади.

Илгари маъмурият ташаббуси билан олий таълим муассасасидан четлатилган талабалар ўқишга тикланганда мазкур ўқув семестри учун стипендия базавий миқдорида тайинланади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили даври учун талабаларга стипендия қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар мобайнида умумий асосларда тўлиқ миқдорда тўланади.

Агар ҳомиладорлик академик таътил даврида юзага келган бўлса, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик тўғрисида ягона намунадаги маълумотнома тақдим этилганда академик таътил тўхтатилиши ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш таътили расмийлаштирилиши керак.

2 ёшгача боласи бўлган ва ўқишни таълимнинг кундузги шаклида давом эттираётган талаба аёлларга стипендия умумий асосларда тўлиқ миқдорда тўланади. Бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш таътилида бўлиш даврида стипендия тўланмайди. Бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш бўйича нафақа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.

Белгиланган тартибда бир олий таълим муассасаси (факультет)дан бошқасига, шунингдек таълимнинг сиртқи шаклидан кундузги шаклига ўтказилган талабаларга стипендия улар томонидан баҳолаш (рейтинг назорати) натижалари бўйича, ўқув режаларидаги тафовутлар бартараф этилганидан кейин тайинланади.

Академик қарз мавжуд бўлмаганида стипендия академик маълумотнома (рейтинг дафтарчаси)да кўрсатилган, аввалги ўқув жойидаги баҳолаш (рейтинг назорати) натижалари бўйича тайинланади ва янги ўқув жойига қайд этилган пайтдан бошлаб олий таълим муассасаси ректорининг (филиал директорининг) ёки унинг вазифаларини бажарувчи шахснинг буйруғи асосида тўланади.

Ўқишини бир олий таълим муассасасидан бошқасига кўчираётган талабаларга ёзги таътил вақтида стипендия тўлаш уларнинг дастлабки таълим олган олий таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.

Олий таълим муассасаларида ҳар бир фан бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи “аъло” ва “яхши” баҳо бўлган, иқтидорли, жамоат ишларида фаол, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси” ташкил этилади.

Жамғарма маблағларидан фойдаланиш, юқорида келтирилган тоифадаги талабаларни қўллаб-қувватлаш олий таълим муассасаси Кенгаши томонидан тасдиқланадиган ички тартиб-қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

Жамғарма маблағларидан давлат гранти ва тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга тўловни қайси кўринишда (стипендияли ёки стипендиясиз) амалга оширганидан қатъий назар, қуйидаги рағбатлантириш тўловлари тайинланади:

барча фанлар бўйича ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” баҳо (рейтинг кўрсаткичи 86 баллдан кам бўлмаган) бўлган талабаларга навбатдаги ўқув семестри давомида базавий стипендиянинг 15 фоизи миқдорида;

ўзлаштириш кўрсаткичи фақат “аъло” ҳамда “аъло” ёки “аъло” ва “яхши” баҳо бўлган ёки жамоат ишларида фаол ёки ижтимоий ҳимояга муҳтож талабага навбатдаги ўқув семестри давомида тайинланган жами стипендияга нисбатан 50 фоизгача миқдорда;

иқтидорга эга, халқаро, республика ва олий таълим муассасаси миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ғолиби бўлган талабага базавий стипендия миқдорига нисбатан бир ўқув йили давомида қуйидаги тартибда алоҳида моддий рағбатлантириш тўловлари тайинланади:

халқаро миқёсдаги олимпиада ғолибига – 50 фоиз;

республика миқёсидаги олимпиада ғолибига – 25 фоиз;

олий таълим муассасаси миқёсидаги олимпиада ғолибига – 15 фоиз.

Жамғарманинг манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

а) давлат гранти асосида таълим олаётган талабаларни рағбатлантириш учун — бюджет маблағлари ҳисобидан, бир молия йили учун тасдиқланган харажатлар сметасида йиллик стипендия тўловларига режалаштирилган маблағларнинг 10 фоизи миқдорида қўшимча равишда ажратилади ҳамда академик стипендияларга ажратилган стипендия тўловларининг иқтисод қилинган қисмидан ташкил топади;

йил якунига кўра жамғарманинг қолдиқ маблағлари бюджетга қайтарилмайди ва олий таълим муассасаси томонидан белгиланган мақсадларга йўналтирилади;

б) тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун — тўлов-контракт маблағлари ҳисобидан, даромадлар ва харажатлар сметасида тегишли молия йили учун режалаштирилган тушумларнинг 2 фоизи миқдорида белгиланади.

Олий таълим муассасаларида ўқитиш қийматининг стипендияли миқдорини тўлайдиган битирувчи курс талабалари июль ва август ойлари учун белгиланган базавий стипендия суммаси (қисмларга бўлиб тўланганда – охирги ўқув семестридаги) тўлов миқдоридан чегириб қолинади.

Бунда, чегириб қолинаётган стипендия суммаси олий таълим муассасаларида охирги ўрнатилган даврдаги стипендиянинг базавий миқдоридан келиб чиқиб аниқланади.

Талабаларнинг стипендияларидан ушлаб қолишларга йўл қўйилмайди. Талабаларга стипендия тўловларини тўғри тайинлаш ва тўлаш устидан назорат қилиш олий таълим муассасасининг стипендия комиссияси зиммасига юкланади.

Мавзуга оид