Жаҳон | 19:51 / 25.09.2019
8784
2 дақиқада ўқилади

«Союз-ФГ» ракетаси Бойқўнғирдан старт олди 

Россиянинг “Союз-ФГ” ракетаси “Союз МС-15” кемаси билан бирга Бойқўнғир космодромидан старт олди.

Ракета космодромнинг “Гагарин старти” деб аталувчи 1-старт майдончасидан соат 18:57 да парвозни бошлади. Майдончанинг бундай аталишига сабаб бу ердан ўз вақтида Юрий Гагарин инсоният тарихидаги коинотга илк парвозни амалга оширган. 

Ракета Халқаро коинот станцияси томон россиялик фазогир Олег Скрипочка, NASA астронавти Жессика Меир ва БААлик илк фазогир Ҳазза ал-Мансурий билан йўл олди.

Кейинроқ кема ракетанинг учинчи поғонасидан Ердан 200 км баландликда ажраб, станция томон мустақил уча бошлади.

“Союз МС-15” кемаси ХКС томон 6 соатлик схема бўйича учиб, станция билан 00:45да туташиши белгиланган.

Ал-Мансурий кемада 100 кмлик баландликдан ўтиб, илк БААлик фазогирга айланди. Халқаро таснифлашга кўра, коинотнинг 100 км баландликдаги шартли чегарасидан юқорироқ кўтарилган инсон фазогир ёки астронавт деб ҳисобланиши мумкин. 

Парвознинг яна бир эътиборли жиҳати, ушбу парвоз “Союз-ФГ” ракетасининг 70- ва охирги парвози бўлди. Ушбу ракетада Украинанинг бошқарув тизими қўлланган. Кейинги йилдан “Союз”нинг барча кемалари тўлиқ Россияда ишлаб чиқарилган бошқарув тизимида ишловчи “Союз-2.1а” ракеталари ёрдамида учирилади.

Бундан ташқари, 1-старт майдончаси “Союз-2” авлодидаги ракеталарни учириш учун модернизацияга ёпилади. Модернизация 3 йилга яқин давом этиши кутилмоқда. Бу мақсадда 87 млн доллар сарфланади.

Ўзини “араб Гагарини” деб атаётган ал-Мансурий ХКСда 8 кун қолиб, 3 октябрда Ерга қайтади. У билан бирга учаётган Скрипочка ва Меир орбитада 187 кун фаолият юритиб, Ерга америкалик фазогир Эндрю Морган билан 2020 йил 30 мартда қайтади. 

Мавзуга оид